Россия президенти Владимир Путин Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ)га Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)да кузатувчи мақомини тақдим этишни таклиф қилди. Ушбу таклифни у КХШТнинг 20 йиллигига бағишланган саммитда айтиб ўтди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» Кремль матбуот хизматига таяниб ёзмоқда.

Фото: «Известия»

«Бизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги бўйича табиий шерикларимиз билан ҳамкорликни кучайтиришимиз керак. Масалан, бизнинг фикримизча — буни ҳали муҳокама қилиш керак бўлади — МДҲ учун КХШТ ҳузурида кузатувчи мақомини бериш ўринли ва тўғри бўлган бўларди», — дея қайд этди президент.

Бундай таклиф аввал ҳам муҳокама қилинган. 2020 йил майида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров КХШТда «ШҲТ ва МДҲга кузатувчи мақомини тақдим этиш бўйича консенсус» (умумий келишилган фикр) борлигини айтганди. Шу йил февралида МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Леонид Анфимов ҳамдўстлик КХШТда кузатувчи мақомини олишни режалаштираётганини маълум қилди.

Саммитда Россия президенти посцовет маконидаги АҚШ биологик лабораториялари мақсади «биологик материалларни тўплаш ҳамда вируслар тарқалишининг ўзига хос жиҳатларини ўрганиш» эканини айтди.

Шунингдек, у НАТОнинг «сунъий хусусиятга эга» кенгайиши ҳақида фикр билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Украинада «неонатсизмнинг авжга миниши анчадан буён кузатилмоқда, бунга эса коллектив Ғарб кўз юммоқда». Владимир Путин Россияда Финляндия ва Швеция билан муаммолар йўқлигини, уларнинг НАТОга эҳтимолий қўшилиши Москва учун хавф яратмаслигини маълум қилди.

«Аммо ҳарбий инфратузилманинг ушбу ҳудудга кенгайиши, шубҳасиз, бизнинг жавоб чорамизга сабаб бўлади, унинг қандай бўлишини бизга яратиладиган таҳдидлардан келиб чиқиб кўрамиз. Яъни, умуман олганда, муаммолар йўқ жойдан пайдо қилиняпти. Демак, бунга тегишли тарзда жавоб қиламиз», — деди у.

Шунингдек, Россия президенти таъкидлашича, КХШТ контингенти «Қозоғистонда ҳукуматнинг хорижда туриб ҳам бошқарилган экстремистлар томонидан эгаллаб олиниши олдини олган».

Владимир Путин КХШТ етакчиларини Украинадаги урушнинг бориши ҳақида ёпиқ режимда батафсил тарзда хабардор қилишини айтди.

2021 йил сентябрида КХШТнинг барча олтита аъзоси (Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон) протокол имзолади, унга мувофиқ, КХШТнинг Тинчликпарварлик фаолияти тўғрисидаги битимига «мувофиқлаштирувчи давлат» тушунчаси киритилади. Ушбу давлат коллектив тинчликпарвар кучларини тузади, улар эса БМТ мандати бўйича тинчликпарварлик операциясида қўлланилади. 2022 йил апрелида ушбу қарор Россия давлат думаси томонидан ратификация қилинди.