Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризани имзолади, деб ёзади «РБК».

Анн Линде Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини имзоламоқда

Фото: EPA/«ТАСС»

Линденинг сўзларига кўра, Швециянинг НАТОга қўшилиш ҳақидаги аризаси Финляндия аризаси билан биргаликда топширилади. Альянсга аъзо бўлиш жараёни қарийб бир йил вақт олиши мумкин.

«Бу катта, жиддий қадам. Биз ўз фикримизга кўра Швеция учун энг яхши йўлни аниқлаштириб олдик», — дея изоҳлади у ҳужжатнинг имзоланишини.

Финляндия президенти Саули Ниинистё айни вақтда давлат ташрифи билан Швецияда бўлиб турибди. Альянсга аъзоликка ариза бериш масаласи бўйича овоз беришни Финляндия парламенти бугун, 17 май куни ўтказади.

Швеция халқаро бетарафлик (нейтраллик)ни XIX асрдан буён сақлаб келади. Финляндия Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери, қарийб 80 йил мобайнида бетараф мамлакат бўлиб келган.

Финляндия ва Швеция НАТОга кириши учун аризалар альянс бошқармасининг асосий сиёсий органи — Шимолий Атлантика кенгашида кўриб чиқилиши шарт. Шундан кейин мамлакатларнинг альянсга аъзо бўлиши ҳақидаги битим ҳарбий-сиёсий блок таркибидаги 30 та давлатнинг барчасида миллий даражада ратификация қилиниши керак.

Туркия Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилишига қарши бўлиб турибди. Ушбу мамлакат ҳукумати Стокгольм ва Хелсинкини Туркияда террорчилик ташкилоти ҳисобланувчи Курдистон ишчилар партияси иштирокчиларига бошпана тақдим этиш орқали террорчиларни қўллаб-қувватлашда айбламоқда. «Ҳозир биз Швеция ва Финляндия билан боғлиқ воқеалар ривожини кузатяпмиз, лекин бунда ижобий нарсани кўрмаяпмиз», — деган эди Ражаб Тоййиб Эрдўғон 13 майда.. Айни вақтда, 14 май куни Туркия етакчиси расмий вакили Иброҳим Калин Анқара бу масалани миллий хавфсизлик учун муаммо сифатида кўтарса-да, Финляндия ва Швеция учун НАТО эшикларини ёпмаслигини маълум қилди.

Икки давлат дипломатлари Анқарага келиб, Туркия томони билан НАТОга кириш учун сўров масаласини муҳокама қилмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалгач эса, «Туркия Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришини маъқулламайди, уларнинг дипломатлари бизни ишонтиришга уринмаса ҳам бўлади», — деди Эрдўғон.

Финляндия президенти Саули Ниинистё Россия президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, мамлакат келаси бир неча кун ичида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришини маълум қилгач, у Финляндия хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдидлар йўқлигини таъкидлади ва «ҳарбий бетарафликка асосланган анъанавий сиёсатдан воз кечиш хатолик бўлишини» айтди. Путин Ниинистёни уларнинг НАТОга қўшилиши икки томонлама алоқаларга салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.