Украина қуролли кучлари бош штаби 17 майга ўтар кечаси Мариуполдаги «Азовсталь» заводидан ҳарбийларни «қутқариш операцияси» ўтказилганини маълум қилди, деб ёзади Meduza. 53 киши оғир жароҳатлар билан Новоазовск касалхонасига етказилган, яна 211 ҳарбий хизматчи эса Еленовкага олиб кетилган (иккала аҳоли пункти ҳам Донецк халқ республикаси томонидан назорат қилинади), у ердан «айирбошлаш жараёни орқали» улар Украинага юборилади.

Фото: Алехандер Эрмоченко / Reuters / Scanpix / LETA

Россия ҳукумати вакиллари ҳозирча бўлғуси айирбошлашув ҳақидаги маълумотни изоҳлагани йўқ.

«‘Мариупол’ гарнизони берилган ҳарбий топшириқни бажарди. Олий ҳарбий қўмондонлик томонидан Азовсталдаги бўлинмалар командирларига шахсий таркиб ҳаётини сақлаб қолиш буйруғи берилганди… ‘Азовсталь’ ҳудудида қолаётган ҳимоячиларни қутқариш бўйича чора-тадбирлар давом этмоқда», — дейилади Бош штаб баёнотида.

Украина президенти Владимир Зеленский кечки мурожаатида «украин қаҳрамонлари Украинага соғ-омон ҳолда керак»лигини ва уларни қайтариш ишлари «эҳтиёткорлик ва вақт талаб қилиши»ни таъкидлади.

Аввалроқ Reuters агентлиги 16 май, душанба куни «Азовсталь»дан ўнга яқин автобус чиқиб кетганини, уларда украиналик ҳарбийлар бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Автобуслар ичида ўтирган одамлар сонини баҳолаш имконияти бўлмаган. RT заводдан «тахминан 300 жангчи», шу жумладан 50 га яқин ярадорлар чиқиб кетганини хабар қилган.

Биринчи канал хабарига кўра, тонгги тўртда «Азовсталь»дан келтирилган украиналик ҳарбийлар асирликка олинишда давом этган, Еленовкага етказилганлар эса эрталаб сўроқ қилиниши айтилган. Телеканал маълумотлари бўйича заводда 2,2 мингдан ортиқ одам қолмоқда.

16 май куни Россия Мудофаа вазирлиги «Азовсталь»да қамалда қолган ҳарбий хизматчилар билан ярадорларни чиқариб кетиш ҳақида келишилганини маълум қилганди. Украина ҳукумати бу баёнотни изоҳламади; заводни ярадор бўлмаган ҳарбий хизматчилар ҳам тарк этиши ҳақида хабар берилмади. Кейинроқ Россия ОАВлари ва уларнинг ҳарбий мухбирлари Telegram-каналларида «Азовсталь»дан эвакуация қилинаётгани айтилаётган ярадор аскарлар акс этган видеолар пайдо бўла бошлади. Кечқурун Reuters агентлиги Новоазовскка етказилган ярадорлар суратларини эълон қилди.

Кечга яқин «Азов» полки «Мариупол ҳимоячилари буйруқни бажаргани», бутун уруш мобайнида «душманнинг устун кучлари»ни ўзига олган ҳолда ва Украина армиясига қайта гуруҳланиш, шериклардан қурол-яроғ қабул қилиш ва шахсий таркибни кўпроқ тайёрлаш имконини бергани ҳақида баёнот эълон қилди. Энди эса, дейилади баёнотда, «одамлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида бутун Мариупол гарнизони олий ҳарбий қўмондонликнинг тасдиқланган қарорини бажаради ва украин халқи томонидан қўллаб-қувватланишга умид қилади». Гап қандай қарор ҳақида бораётганига аниқлик киритилмаган.

Аввалроқ «Азов» жангчилари мудофаани ушлаб туриш ҳақидаги буйруқни бажараётгани, шу сабабли таслим бўла олмаслигини айтганди.

Аввалроқ «Азов» жангчилари «Азовсталь»дан эвакуация қилинишни ўзларининг ягона имконияти деб атаган эди. 8 май куни журналистларга асирга туша олмасликлари ҳақида гапирар экан, «Азов» разведка бошқармаси офицери Иля Самойленко бир ҳарбий хизматчи воқеасини мисол қилиб келтирганди: у украиналиклар таслим бўлаётгани ҳақидаги пропагандачилар видеосида тирик деб кўрсатилган, «кейин эса онаси унинг ўлими ҳақида хабар олган».

«Азовсталь»даги одамларнинг озод этилиши сўнгги бир неча ҳафталардан буён давом этаётган асосий мавзулардан биридир. 11 май куни «Азов» полки жангчиларининг рафиқалари Рим папаси Франциск билан учрашиб, ундан Россия президенти билан уларни озод этиш ҳақида гаплашишни сўраган эди. 14 май куни «Азовсталь»га ёрдам бериш даъвати билан «Евровидение» ғолиби Kalush Orchestra гуруҳи саҳнада чиқиш қилди. Владимир Зеленский Мариуполдаги украиналик ҳарбийларнинг ўлдирилиши Россия билан тинчлик музокараларига «нуқта қўйиши»ни айтганди.