Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ҳам Ўзбекистоннинг, ҳам жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — буларнинг барини «Кун матбуоти тарихи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

90 йил аввал. 17 май, сешанба

СССР халқ хўжалигини ривожлантиришнинг иккинчи бешйиллигида – 1933–1937 йилларда – Ўзбекистон қандай республикага айланади? «Ўзбекистон Шўролар Иттифоқининг ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришда асосий пахтачилик раёни бўлиш билан бирликда кенг миқёсда мис ишлаб чиқаришни кучли йўлга қўяди. Олмалиқ мис комбинати солиниб бўлиши билан Ўзбекистон Иттифоқимизнинг мис ишлаб чиқаришда бош раёнлардан бири бўлажакдир. Ўзбекистонда химия (азон, серникислота ишлаб чиқариш), тўқамачилик саноати (Тошкент комбинати ва майда фабрикалар), машина қурилиши ва чорвачиликдан иборат бўлажак», – дейилади «Қизил Ўзбекистон»даги «Синфсиз социализм жамияти қуриш плани. Ўрта Осиёнинг иккинчи бешйиллиги тўғрисида» мақоласида.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 17 май сонидан лавҳа

Бу энди келгуси беш йиллик хаёллари. Шу куннинг муаммолари ҳақида гапирадиган бўлсак, пахта далаларини чопиқ қилиш керак, аммо кетмон йўқ. «Чопиқ кампанияси кўп кетмон талаб қилади. Лекин шу йил Иттифоқ саноатининг заводлари кетмон ишлашда ўз бўйниларига олган вазифаларни бажармадилар», – дейилади «Ташселмаш кетмон темирларини қарзга бериши керак» деган хабарда. Муаммонинг ечими, кўриб турганингиздек, сарлавҳадаёқ берилган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 17 май сонидан лавҳа

Далаларда кетмондан бошқа муаммо ҳам бор. Бу – чигиртка муаммоси. «Афғонистонда пайдо бўлган Марокаш чигирткалари чегарани ўтиб, катта тўдалар бўлиб, дарё бўйича келмоқдалар», – дейилади бир хабарда. «Аэроплан орқали кураш энг яхши усул» дейилади бошқа бир хабарнинг сарлавҳасида. Тожикистонда ҳам шундай қилинмоқда: «10 майгача 7,7 минг ҳектар майдонга кураш ўтказилиб, бундан 2,3 минг ҳектарда чигирткалар аэроплан билан қирилди», – дейилади «Тожикистон курашни кенгайтирмоқда» хабарида.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 17 май сонидан лавҳа

Жаҳонда нима гап? Германия давлат конюктура институти маълумотларига кўра, жаҳонда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1913 йилги даражага тушиб қолган. «Қизил Ўзбекистон»нинг ёзишича, 1932 йил бошида жаҳон бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда АҚШнинг улуши 34,8 фоизни, СССРнинг улуши 11 фоизни, Англиянинг улуши 10 фоизни, Германиянинг улуши 7,6 фоизни ташкил этган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 17 май сонидан лавҳа

Сўнгги саҳифада, одатдагидек, «бадриддиновчилар суди» тафсилотлари. Бу сафар гувоҳ Абдулла Аҳмедовнинг собиқ прокурор Шамсиддин Бадриддиновга қарши кўрсатмалари баён қилинган. «Менинг, — деди Аҳмедов, — тортган машаққатларимга раҳми келган қамомқхона бошлиғи Бадриддиновга мурожаат қилиб, менинг гуноҳимни енгиллатишни илтимослади. Бадриддинов бўлса, унга: ‘Абдулла Аҳмедов — мухбир, унинг ҳожатхона тозалаши керак, қалами ўткир бўлади’, деб жавоб қайтарди».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 17 май сонидан лавҳа

60 йил аввал. 17 май, пайшанба

Қозоғистонда Ўзбек адабиёти ва санъати декадаси очилган, «Қизил Ўзбекистон»нинг биринчи саҳифасида шу ҳақда ахборот берилган. Материалдан тадбирда Ўзбекистон номидан Комил Яшин, Ғафур Ғулом, Ҳамид Ғулом, Зулфия, Миртемир, Собир Абдулла ва бошқалар қатнашганини билиб олиш мумкин.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 17 май сонидан лавҳа

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач С.Каримовнинг донорлар ҳақидаги «Олижаноб кишилар» сарлавҳали хабари берилган. Унда, жумладан, шундай дейилади: «Сўнгги йилларда мамлакатимизда янги ватанпарварлик ташаббуси — ҳақ олмасдан қон бериш кенг ёйилмоқда. Ҳозир Ўзбекистоннинг деярли ҳамма шаҳар-қишлоқларида бу ҳаракат кенг тус олмоқда. Агар республикада 1957 йилда 105 донор ҳақ олмасдан қон берган бўлса, 1961 йилда эса уларнинг сони 8522 кишига етди».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 17 май сонидан лавҳа

Бундан 60 йил аввал марказий газеталарда эълон қилинган танқидий материаллар ёки меҳнаткашларнинг газеталарга йўллаган норозилик хатлари назорат қилувчи ташкилотларнинг ўрганишларидан ҳам аёвсизроқ, шафқатсизроқ ҳодиса бўлган. Мана, «Юлғич раис ишдан олинди» хабари бунга бир мисол: «Раис Ёдгоров... кўчатга бир нгеча миллион сўм сарфлаган бўлса ҳам, колхоз территориясида бирор гектар ер дарахтзор қилинмади... Колхозчиларга маданий шароит яратиш ўрнига колхоз раиси маишатбозликдан бўшамайди». Оқибат нима бўлган? «Косон раён партия комитети секретари ўртоқ Хушвақтовнинг редакцияга ёзишича, хатда кўрсатилган фактлар текширувда тўла тасдиқланган. ‘Партия XXII съезди’ колхози аъзоларининг умумий мажлиси қарорир билан колхоз раиси Ёдгоров ишдан бўшатилган».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 17 май сонидан лавҳа

1962 йил 17 май куни «Қизил Ўзбекистон» газетасида берилган қуйидаги эълон-огоҳлантириш эса ҳозирги кун учун долзарбдир:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 17 май сонидан лавҳа

30 йил аввал. 17 май, якшанба

1992 йил 17 май куни Ўзбекистонда марказий газеталар чоп этилмаган.

Ушбу материал ҳуқуқлари муаллифларида сақланган ҳолда эълон қилиш шарти билан «Дарё» интернет-нашрига тақдим этилди