Исталган кўринишдаги йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлиши жуда ёмон ҳолат. Жамоат транспортлари, йўловчилар ташийдиган автотранспортлар билан содир бўладигани эса янада ташвишланарли — уларда бир ёки икки инсоннинг ҳаёти эмас, ўнларнинг, юзларнинг тақдирлари бўлади.

2022 йилининг 12 май куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти ҳудудидан ўтувчи Ғарбий Европа—Ғарбий Хитой автомобиль йўлида ичида 47 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус ЙТҲга учради.

2022 йилининг 12 майида Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида ЙТҲга учраган автобус

Фото: «Kazinform»

Дастлабки маълумотларга кўра, автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл бўйлаб ҳаракатланаётган трактор тиркамаси билан тўқнашиб кетган. Оқибатда уч ўзбекистонлик ҳалок бўлди.

Афсуски, бу ўзбекистонликлар муҳожир сифатида бошқа давлатга автобусда кетаётган ёки ватанга қайтаётганда содир бўлган ягона ҳодиса эмас. «Дарё» ўрганишларига кўра 2017—2021 йиллар ичида ўзбекистонликлар бўлган автобуслар билан ҳар йили иккитадан ана шундай авариялар содир бўлган. Ҳаммаси ё Қозоғистон, ё Россия йўлларида келиб чиққан.

Энг оғриқлилари — 52 ўзбек фарзанди ёниб кетган Ақтўбе фожиаси, тўққиз ўзбекистонлик ҳалок бўлган Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятидаги автобус ағдарилиши, 16 ўзбекистонликнинг умрига зомин бўлган Санкт-Петербург—Жанубий Қозоғистон йўналишидаги автобус ва поезд тўқнашувидир.

Биргина ОАВда чиққан хабарлар билан ҳисобланганда улар натижасида 80 ўзбекистонлик, умумий ҳисобда 83 киши ҳалок бўлган.

«Дарё» 2017—2022 йилларда хориж йўлларида ичида ўзбекистонликлар бўлган автобуслар билан юз берган йирик ЙТҲларни бир саҳифага жамлади.

Тўққиз ўзбекистонлик ҳалок бўлган Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятидаги автобус ағдарилиши

2017 йил 22 июнь куни соат 10:20 да Волгоград—Чимкент йўналишида кетаётган икки қаватли Mercedes автобуси Қозоғистоннинг Оқмўла вилояти Самара—Чимкент трассасининг 946-километрида, Қорабутоқ посёлкасидан 20 километр узоқда ағдарилиб кетган.

2017 йил 22 июнда Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятида ағдарилиб кетган автобус

Фото: «Нур.кз»

Оқибатда тўққиз киши ҳалок бўлган. Қайд этилишича, уларнинг барчаси ўзбекистонлик бўлган. 18 киши касалхонага етказилган (17 нафар Ўзбекистон фуқароси ва бир нафар Қозоғистон фуқароси), 25 кишига ҳодиса жойида ёрдам кўрсатилган.

Автобусдаги жами 52 кишидан 50 нафари Ўзбекистон (муҳожирлар), 2 нафари Қозоғистон фуқароси (ҳайдовчилар) бўлган.

ЙТҲдан бир кун ўтиб — 23 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлган тўққиз ўзбекистонликнинг рўйхатини эълон қилган. Энг каттаси 36, энг кичиги 26 ёшдаги қурбонларнинг уч нафари Фарғона, икки нафари Наманган, икки нафари Андижон, бир нафари Сурхондарё, яна бири Жиззах вилоятидан бўлган. Беш нафар Ўзбекистон фуқароси касалхонага ётқизилган. Худди шу куни Ўзбекистон раҳбарияти Қозоғистондаги ЙТҲда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган. Соат 19:40 да эса Ўзбекистон ҳукумати ҳалок бўлганларнинг жасадини мамлакатга олиб келиш учун махсус рейс учирган.

24 июнь куни соат 11:40 да тўққиз нафар вафот этган, етти нафар жабрланган ҳамда қолган 31 нафар Ўзбекистон фуқароси Тошкент шаҳрига олиб келинган. Фожианинг жиззахлик қурбони махсус тиббий автомашинада Жиззахга, сурхондарёлик қурбон эса «Ўзбекистон ҳаво йўллари» кўмагида Термизга етказилган.

Шу куни водийда фарғоналик, андижонлик ва наманганлик қурбонларнинг дафн маросимлари бўлиб ўтган.

Бу автобусда кетаётганлар орасида қишлоқдошлар, ака-укалар, ота-ўғиллар ҳам бўлган. «Ўзим фақат жароҳат олдим, ўғлим ҳалок бўлганидан эса изтиробдаман», — деган Қозоғистондаги ЙТҲнинг фарғоналик жабрланувчиси.

2017 йил 22 июнда Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятида ағдарилиб кетган автобус

Фото: «РикаТВ.кз»

Фожиадан уч ой ўтиб — 2017 йил сентябрь ойида автобус ҳайдовчисига суд ҳукми ўқилган. У беш йил муддатда озодликдан, етти йил давомида автотранспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Қайд этилишича, айбланувчи ўша пайтнинг ўзидаёқ ҳибсга олинган, аммо суд ҳукми сентябрда ўқилган. Ҳайдовчи бошқарув вақтида ухлаб қолганини билдирган ва судда айбини тан олган.

16 ўзбекистонликнинг умрига зомин бўлган Санкт-Петербург—Жанубий Қозоғистон йўналишидаги автобус ва поезд тўқнашуви

2017 йил 6 октябрда маҳаллий вақт билан 03:39 да (Тошкент вақти билан 05:39 да) Россиянинг Владимир вилояти Петушинский туманидаги темир йўл кесишмасида Mercedes русумли автобус ва поезд ўртасида тўқнашув юз берган. Автобус 55 ўзбекистонлик йўловчини Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Жанубий Қозоғистон томон олиб кетаётган бўлган.

2017 йил 6 октябрда Санкт-Петербург—Жанубий Қозоғистон йўналишидаги автобус ва поезд тўқнашуви

Фото: Владимир вилояти полицияси

Автобус Ореховскийдаги тирбандликни айланиб ўтиш вақтида темир йўл кесишмаси устида ўчиб қолган. Омон қолган ҳайдовчилардан бирининг айтишича, бунга автобус аккумулятори ўчиши сабаб бўлган. Йўловчилар ухлаб ётган бўлган, ҳайдовчи бақириб ҳаммани уйғотган, 34 киши автобусдан тушиб, уни юрғазишга уринган.

«Санкт-Петербург—Нижний Новгород» йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган поезд машинисти фавқулодда тўхташни қўллашга уринган, бироқ составни тўхтата олмаган. Поезд автобусга урилиб, уни 200 метргача судраб борган. Автобус парчаланиб кетган. Уни юрғазишга уринган 34 киши омон қолган, автобусда қолганларнинг бари ҳалок бўлган.

2017 йил 6 октябрда Санкт-Петербург—Жанубий Қозоғистон йўналишида поезд билан тўқнашган автобус

Фото: «TVC.ru»

Ҳодиса оқибатида 16 ўзбекистонлик (улардан икки нафари болалар), бир ҳайдовчи ҳалок бўлган, 36 ўзбекистонлик тан жароҳати олган. (Охирги маълумотларда фожиадан умумий ҳисобда 21 қурбон бўлгани айтилган). Яна уч кишига, жумладан, 2012 йилда туғилган қизалоқ — Гулруҳ Зиёдуллаевага Россиянинг ўзида тўлақонли тиббий хизмат кўрсатишга тўғри келган.

Йўловчилар орасида ҳамқишлоқлар, бир оила вакиллари кўп бўлган. Хусусан, ҳалок бўлган икки боладан бири — Гулруҳнинг 2011 йилда туғилган опаси бўлган. Ҳодисанинг ўзбекистонлик 15-қурбони Миршод Мирзоевнинг отаси Миржон Латипов эса оғир аҳволда бўлгани учун унга Россияда алоҳида тиббий ёрдам кўрсатилган. «Россия темир йўллари» раҳбарияти ҳар бир жабрланувчига 5 минг рубль миқдорида компенсация пули берилишини эълон қилган.

ЙТҲ содир бўлган кун президент Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганлар ва жабрланганларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича ҳукумат комиссиясини тузиш ҳақида кўрсатма берган. «Ўзбекистон ҳукумати ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва жабрланувчиларга барча зарур ёрдамни кўрсатади», — дейилган бу ҳолат юзасидан берилган хабарда. Шу куни ўзбекистонлик шифокорлар гуруҳи жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш учун Россияга жўнаб кетган.

7 октябрь куни Ўзбекистон ТИВ ЙТҲда ҳалок бўлган ва жабрланган ўзбекистонликларнинг исм-шарифини эълон қилган. Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми — 14 нафари сурхондарёлик бўлган. Қолган икки кишидан бири Андижон, иккинчиси Бухоро вилоятида доимий рўйхатдан ўтган. Жабрланувчиларнинг ҳам асосий қисми Сурхондарёдан бўлган. Шунингдек, жабрланувчилар орасида Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд вилоятлари, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳам бўлган.

Фожиадан икки кун ўтиб, 8 октябрь куни Россиядаги ЙТҲ иштирокчисига айланган, жумладан, ҳалок бўлганларнинг жасади, Ўзбекистонга олиб келинган. Қурбонларининг жасадлари Термиз, Андижон ва Бухорога етказилган. Аҳволи оғирлиги сабаб уч нафар Ўзбекистон фуқароси Владимирдаги шифохонада даволаниш учун қолдирилган.

2017 йил 6 октябрда Санкт-Петербург—Жанубий Қозоғистон йўналишидаги автобус ва поезд тўқнашуви жабрланувчиларининг олиб келиниши

Фото: «Ўзбекистон 24»

Таъкидлаш лозим, ҳалок бўлганларнинг шахсини тўла аниқлаш жараёнининг ўзи ҳам бир қанча муддат давом этган. 15-қурбоннинг шахси 8 октябрда, 16-қурбонники эса 11 октябрда эълон қилинган.

Ақтўбеда автобус ичида ёниб кетган 52 ўзбекистонлик

2018 йил 18 январь куни маҳаллий вақт билан 10:30 атрофида, Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Иргиз тумани, «Самара—Чимкент» йўлининг 1068-километрида «Ikarус» автобуси салонидаги 52 йўловчиси билан ёниб кетган. Бу вақтда автобус салонида 55 ўзбекистонлик йўловчи ва икки қозоғистонлик ҳайдовчи бўлган. (Энг охирги маълумотларда ҳайдовчилар сони учта деб келтирилган).

2018 йил 18 январь куни Ақтўбеда ёниб кетган автобус

Фото: «РИА Новости»

Шу куннинг ўзида Ақтўбе вилояти Фавқулодда вазиятлар бўйича департаменти ҳалок бўлган 52 йўловчининг бари ўзбекистонлик бўлгани ҳақидаги маълумотни тақдим этган. Ўша йилги бир мақолада бу Ўзбекистон фуқароларининг бир жойда ва бир вақтда қурбон бўлиши билан боғлиқ 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейинги (ўшанда, расмий маълумотларга кўра, 187 киши ҳалок бўлган) энг йирик ҳодиса сифатида эсланган.

Қайд этилишича, автобус эгаси йўловчи ташиш лицензиясига эга бўлмаган. Унинг номида жами учта автобус рўйхатдан ўтган бўлиб, ўзи қидирувга берилган. Ёниб кетган автобус 1989 йили ишлаб чиқарилган, 2016 йилда техник кўрикдан ўтказилиши лозим бўлган. Аммо охирги марта 2015 йилда ўтказилган.

Қозоғистон ички ишлар вазирлиги хулосасига кўра, автобус ЙТҲга учрамаган, жиноят излари ҳам кўринмаган.

Дастлабки хабарларда ҳодиса ҳақида қуйидагича тафсилотлар келтирилган. Омон қолганларнинг кўрсатмаларига қараганда, ёнғин автобус салонида келиб чиққан. Салонда дастлаб заҳарли тутун тарқала бошлаган ва бу йўловчиларнинг газдан заҳарланишга олиб келган.

Эшиклар очилиши билан салонга кислород кирган ва автобус ичидан портлаган, дея тахмин қилган Қозоғистон Республикаси ички ишлар вазири. Қолаверса, автобуснинг биринчи қаватида юкларнинг кўплиги тепада ўтирган йўловчиларнинг ташқарига чиқишига тўсқинлик қилган бўлиши ҳам мумкинлиги айтилган.

20 январь куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вафот этган ўзбекистонликларнинг тўла бўлмаган рўйхатини эълон қилган. Энг сўнгги рақамларга кўра, марҳумларнинг 16 нафари Фарғона вилоятидан, икки нафари Андижон вилоятидан, икки нафари Тошкент шаҳридан, бир нафари Сурхондарё вилоятидан бўлган. Фожиада энг кўп Наманган вилояти ўз фарзандларини йўқотган — 31 киши.

Ҳодиса оқибатида омон қолган беш кишидан икки нафари ўзбекистонлик. Улар ҳам Наманган вилоятидан — 29 ёшли Аҳрор Исоқов ва 38 ёшли Исроилжон Мирзааҳмедовлар.

Қозоғистондаги оператив штабга кўра, улардан ташқари омон қолган уч нафар Қозоғистон фуқароларининг иккиси автобус ҳайдовчилари бўлган. Улар енгил куйиш жароҳатини олган. (Энг охирги маълумотларда ҳайдовчилар сони уч нафар деб келтирилган).

Президент топшириғига кўра бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида таркибида Ташқи ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идоралар вакиллари киритилган махсус ҳукумат комиссияси ташкил этилган ва 18 январь кунининг ўзида ФВВ борти Тошкентдан Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрига учиб кетган.

19 январь куни комиссия 52 ўзбекистонликнинг автобус ёнғинидаги ҳалокатини текшириш учун етиб боргани ҳақида хабар берилган.

Хабарда автобус йўналиши, марҳумларнинг Россияга жўнашдан мақсади ва фавқулодда ҳолатнинг аниқ сабаблари текширилаётгани, марҳумларнинг жасадлари 19 январь охиригача Ақтўбеда суд-тиббий экспертизага етказилиши таъкидланган. Шунингдек, жабрланган ва ҳалок бўлганлар орасида вояга етмаган болалар йўқлиги, дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар орасида аёллар ҳам бўлмагани қўшимча қилинган. Кун ниҳояламай туриб марҳумларнинг жасадлари Ақтўбега етказилган.

Қозоғистон ички ишлар вазирлиги эса қурбонларнинг шахсларини аниқлашда ёрдам сўраб жамоатчиликка мурожаат қилган. Вазирлик вакили Алмас Садубаев 12—13 январь кунлари Қозоғистон орқали Россиянинг Қозон шаҳрига жўнаб кетган шахсларнинг уяли телефон рақамлари, шунингдек, бошқа ҳар қандай қўшимча маълумотлари (алоҳида белгилари, шу жумладан тиш протезлари, имплантлар, муқаддам суяк синишлари, паспорт рақами, унинг нусхаси, фотосурат ва бошқалар)ни тақдим этишни сўраган.

Президент Шавкат Мирзиёев 18 январь куни автобус ёнғини оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. 19 январь куни Сурхондарёга ташрифи давомида, Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қиларкан, президент Ақтўбеда ўзбекистонликлар вафот этганидан чуқур қайғуда эканини айтган ҳамда марҳумлар ҳақига дуо қилинган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси фожиада ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдирган. Қуръон мусобақасида Ақтўбе қурбонлари ҳақига дуо қилинган. Футбол бўйича Ўзбекистон U23 термаси Японияга қарши ўйин олдидан қурбонлар хотирасига бир дақиқа сукут сақлаб, ўйин давомида қора тасма билан ҳаракат қилган.

Фожиа муносабати билан Ўзбекистон давлат раҳбарига Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистоннинг ўша вақтдаги амалдаги президентлари — Нурсултон Назарбоев, Гурбангули Бердимуҳамедов, Сооранбай Жээнбековлар таъзия изҳор қилган.

2018 йил 20 январда Қозоғистон ички ишлар вазири ўринбосари Ерлан Тургумбаевнинг «Самара—Чимкент» йўлининг 1068-километрида содир бўлган нохуш ҳодиса оловга нисбатан бепарволик оқибатида келиб чиққанини маълум қилгани ҳақида хабар берилган.

2018 йил 18 январь куни Ақтўбеда ёниб кетган автобус

Фото: Фото: Instagram / @askar_aktileu

Қайд этилишича, воқеа жойидан ёнувчан аралашмада, хусусан, бензинда ишлайдиган кавшар лампа топилган. Шунингдек, тергов ҳаракати вақтида ўтказилган сўровлар натижасида аниқланганки, автобус ичида 5 литрли пластик идишда бензин бўлган.

Вазир ўринбосари ушбу версия омон қолганларнинг кўрсатмаси асосида тасдиқланганини таъкидлаган. Автобуснинг двигатели ўчиб қолгани ва машина ичи совуқ бўлгани сабаб ушбу кавшар лампадан иситгич сифатида фойдаланилган. У икки соатга яқин ишлаган ва оқибатда газ-бензинли аралашма бутун салонни эгаллаган. Тасодифан бензин тўкиб юборилганида эса ёнғин юзага келган. Хабарда таъкидланишича, шу билан бирга, нохуш ҳодиса ЙТҲ ёки қандайдир жиноий ҳаракатлар орқали амалга оширилган деган версия тўлиқ чиқариб ташланган.

2018 йил 29 март куни қозоғистонлик тадбиркор Айдин Раҳимбоевга қарашли компания ходимлари Ақтўбе вилоятида автобус ёниб кетиши оқибатида ҳалок бўлганларнинг оилаларига 10 миллион тенге (тахминан 31 200 доллар) йиғиб тарқатгани ҳақида хабар берилган. Айтилишича, хайрия тадбирида компаниянинг 1300 нафар ходимлари ва аксионерлари иштирок этган.

«Кўпчиликнинг фарзанди етим қолди, оилалар бир онда ўз боқувчиларидан айрилди. Афсуски, пулларни оилаларга тарқатиш учун расман рухсатнома олишга бир ой вақт кетди. Лекин биз сабр билан кутдик ва ҳар бир оилага бориб қардош халқимизга ўз таъзиямизни билдирдик. Айрим оилалар бундан ҳайратга тушди, айримлар эса пулни олишдан воз кечди», — деб ёзган Раҳимбоев ижтимоий тармоқда.

2018 йил 9 ноябрда ёниб кетган автобус иши бўйича суд ҳукми чиқарилгани ҳақида хабар берилган. Автобусни бошқариб кетган уч ҳайдовчининг ҳар бири беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Улар жазони ўтаб чиққанидан сўнг етти йил давомида йўловчи ташиш соҳасида ишлаши тақиқланадиган бўлган.

Жиноий иш бўйича яна икки судланувчи — автобусга эгалик қилувчи компания механиги ва таъсисчиси уч ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этилган (носоз автобусни йўлга чиқариб юборгани учун).

Бундан ташқари, судланувчилар ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган 52 ўзбекистонликнинг ҳар бири учун уларнинг оила аъзоларига 2 миллион тенге (тахминан 5,4 минг доллар)дан товон пули ҳам тўлаши лозим қилиб кўрсатилган. Қайд этилишича, олдинроқ — 2018 йил 4 октябрда Ақтўбе фожиаси қурбонларидан 16 нафарининг оила аъзолари судланувчилардан жами 2,4 миллиард тенге (ҳар бир қурбон учун 150 миллион тенгедан) товон пули талаб қилган — умумий миқдор 7 миллиард 800 миллион тенгени (21 миллион доллардан ортиқни) ташкил қилган. Ўзбекистон тараф фожиада айбдор деб топган беш нафар шахс эса ушбу пулларни тўлашга қурблари етмаслигини маълум қилган.

2019 йил 20 июнда, Ақтўбе фожиасидан роппа-роса бир ярим йил ўтиб, ёниб кетган автобус эгаси Ордухан Мехтиевга нисбатан суд иши бошлангани ҳақида хабар қилинган.

2018 йил январида фожиадан сўнг Мехтиев дарҳол қочиб, Ўзбекистон ҳудудида терговдан яшириниб юрган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги уни халқаро қидирувга берган. 2018 йил охирида Мехтиев Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган ва Қозоғистон томони сўровига асосан Чимкентга депортация қилинган.

2019 йил 13 август куни Қозоғистоннинг Сариағаш тумани суди 46 ёшли Қозоғистон фуқароси Ордухан Мехтиевга «била туриб техник носоз транспорт воситасини ишга чиқариш»да айбдор деб топиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳукмини чиқарган. Таъкидланишича, Мехтиев ўзига нисбатан эълон қилинган айбловга қўшилмаслигини билдирган. Шунингдек, унинг жазо муддатини минимал хавфсиз колонияда ўташи ҳам қайд этилган.

Ордухан Мехтиев

Фото: «NUZ.uz»

2020 йил 18 январь куни «Дарё»да «Иложсизликдан шу ерларда ишлаяпмиз. Ақтўбе фожиасидан омон қолган икки ўзбекистонлик иш излаб яна хорижга кетди» сарлавҳали мақола эълон қилинган.

«Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев Ақтўбе фожиасига икки йил тўлиши муносабати билан фожиада омон қолган Аҳрор Исоқов ва Исроил Мирзааҳмедов билан учрашиш учун Тўрақўрғон туманида бўлган. Аммо йигитларни уйидан топишнинг имкони бўлмаган. Улар бир неча ой олдин иш излаб, хорижга жўнаб кетгани маълум бўлган. Аҳрор Россияга, Исроил эса Қозоғистонга йўл олган. «Дарё» мухбири уларнинг оила аъзолари билан учрашган, ўзлари билан ижтимоий тармоқлар орқали мулоқотда бўлган.

2018 йил сентябрда Аҳрор ва Исроил берган бир интервьюсида бири бригадир, иккинчиси темирчи бўлиб Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси (ИЭС)да ишлаётганини айтган. Ўша интервьюда Аҳрор ИЭСдан 4 миллион маош олаётгани, агар шундай иш ва маош бўлиб турса, иссиқ ўрнини совутиб Россияга кетишига ҳожат йўқлигини айтган. Ота-онаси эса энди уни ҳеч қаёққа қўйиб юбормаслигини такрорлаган. Аммо иш борасидаги мавҳумликдан сўнг, у яна Россияга йўл олган.

Таъкидлашича, ўша пайтда иш ниҳоялай деб қолган, «эртага жавоб бериб юборса, яна ишсиз қолмай» деб Россиядан иш чиққанда кетаверган.

Исроил Мирзааҳмедов эса ИЭСда беш-олти ой ишлаб, жуда паст ойлик — 1,5 миллион сўм олганидан яна чет элга кетишга мажбур бўлганини айтган. Оилавий ва бошқа эҳтиёжлардан ташқари у кредитга намунали уй олган. Унга ҳар ой 550 минг сўм атрофида тўлов қилиш керак бўлган. Яна Россияга боришга ҳаракат қилиб, таксида йўлга чиққанида Россия чегарасида «депортация қилинган экансан», деб қайтариб юборишган. Ортга қайтмай Қозоғистонга кетган. Ўша йили Қарағанда (Қозоғистон)даги ун заводида 400 долларга яқин маош олиб ишлаётгани, 300 долларини уйига жўнатаётганини таъкидлаган.

«Ҳали ҳам ўша кунларни эсласам юрагим орқасига тортиб кетади. «Нега шу ерларга яна келдим?» деб ўйлаб қоламан. Ўзи ўша сафарга қишлоқдан тўрт киши отлангандик. Фожиада ёнимдаги ўриндиқда ўтирган энг яқин ўртоғим Комилжон ҳам омон қолмади. Шулар ёдимга тушиб, сиқиламан, кўзимга ёш келади. Лекин нима қиласиз, тирикчилик эканда...», — дея ўз ҳолатини ифодалаган Исроил.

Май ойига қадар Қозоғистонда ишлаб турмоқчилиги, кейин эса яна Россияга кетишни ният қилганини ҳам айтиб ўтган. Ана шу тарзда муҳожирлик сабаб бутун бошли ҳақиқий фожиадан омон қолган икки ўзбекистонлик яна тирикчилик илинжида чет элга кетишга мажбур бўлишган. Бу Ўзбекистоннинг 52 дилбанди қандайдир 10-15 дақиқада ёниб кетган Ақтўбе фожиаси ҳақидаги охирги тафсилотлар бўлиб қолган.

Чимкент—Самара трассасида салонида 37 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилиб кетган.

2018 йил 22 ноябрь куни Чимкент—Самара трассасида, Аралск шаҳридан 40 километр узоқда Чимкент—Новосибирск йўналишидаги автобус ағдарилиб кетган.

Авария чоғи автобус салонида Ўзбекистоннинг 37 нафар фуқароси бўлган.

Қизилўрда вилояти акими матбуот хизмати хабарида ҳодиса туфайли икки киши касалхонага ётқизилгани ва уларнинг ҳаёти хавф остида эмаслиги, бир йўловчи жароҳатлари оқибатида касалхонада вафот этгани, 17 нафар йўловчи трасса бўйидаги меҳмонхонада жойлаштирилгани айтилган.

Автобуснинг қолган йўловчилари мустақил равишда Новосибирскка йўл олган.

Самара—Чимкент йўлида 74 нафар йўловчиси бор автобус ЙТҲга учраган. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлган

2019 йил 2 декабрь куни Самара—Чимкент йўлида 74 нафар йўловчиси бор автобус ЙТҲга учраган. Ҳодиса оқибатида икки киши жабрланган.

Автоҳалокат Қизилўрда вилоятининг Сижжак қишлоғи яқинида, 1 311 километр масофада содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, Неоплан автобуси ҳайдовчиси тезликни оширган ва оралиқ масофани сақламасдан олдинда кетаётган DAF юк машинасига тўқнашган.

2019 йил 2 декабрь куни Самара—Чимкент йўлида ЙТҲга учраган автобус

Фото: Instagram/казаутозҳол

Автобусда бўлган ўзбекистонлик ва тожикистонликлардан иборат 72 фуқаро эвакуация қилинган ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.

Жабрланганларнинг икки нафари тез ёрдам машинасида Орол марказий шифохонасига олиб кетилган. Улар касалхонага оёқ синиши ташхиси билан ётқизилган.

3 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳодиса юзасидан қўшимча ахборотига кўра, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Волгоградда 56 ўзбекистонликни олиб кетаётган автобус «КамАЗ» билан тўқнашган

2019 йил 21 декабрда Россиянинг Волгоград вилоятида «КамАЗ» юк машинаси ва 56 нафар ўзбекистонликни олиб кетаётган автобус иштирокида ЙТҲ юз берган.

2019 йил 21 декабрда Волгоград вилоятида «КамАЗ» билан тўқнашган автобус

Фото: Россия ИИВ

Дастлабки маълумотларга кўра, иккинчи даражали йўлдан чиқиб келган автобус ҳайдовчиси асосий йўлдан ҳаракатланаётган ярим прицепли «КамАЗ»га йўл бермаган, оқибатда тўқнашув келиб чиққан.

ЙТҲ оқибатида жароҳатланган беш киши касалхонага ётқизилган. Авария ҳақидаги хабарда ҳодиса жойида ваколатли органлар ҳодиса сабабларини ўрганаётгани, ўзбекистонлик йўловчиларни маҳаллий мактабга вақтинча жойлаштириш масаласи ҳал қилинаётгани қайд этилган. Ҳолат ҳақида бошқа маълумотлар мавжуд эмас.

Қозоғистонда 45 нафар йўловчи бўлган автобус ағдарилиб кетган. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлган

2020 йил 25 февраль куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги Карабутак—Костанай трассасида 45 нафар йўловчи — Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган автобус ағдарилиб кетган.

2020 йил 25 февраль куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги Карабутак—Костанай трассасида ағдарилган автобус

Фото: Диапазон

Чимкентдан Екатеринбургга қараб йўлга чиққан автобус йўл музлаши туфайли ағдарилган, унинг ичида ўндан ортиқ ўзбекистонликлар бўлган.

Йўловчилар орасида жароҳатланганлар бўлмаган. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ташаббуси билан ЙТҲ иштирокчилари меҳмонхонага жойлаштирилган.

2020 йил 25 февраль куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги Карабутак—Костанай трассасида ағдарилган автобус

Фото: «Kun.uz»

Ҳодисадан уч кун ўтиб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолат бўйича берган хабарида автобус ичида 14 нафар ўзбекистонлик бўлгани айтилган.

Қозоғистонда 26 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилиб кетган

2020 йил 6 мартга ўтар кечаси Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида ичида 28 киши бўлган автобус ағдарилиб кетган. Уларнинг 26 нафари ўзбекистонлик, қолган иккиси эса Қозоғистон фуқаролари бўлган.

2020 йил 6 мартга ўтар кечаси Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида ағдарилиб кетган автобус

Фото: КазТАГ

ЙТҲ Экибастуз қишлоғи ёнида Қизилўрда—Павлодар автомобиль йўлининг 1160-километрида содир бўлган. Қайд этилишича, Mercedes русумли автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, Новосибирск—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланган автобусни ағдариб юборган. Жароҳатланганлар ва қурбонлар бўлмаган.

Вилоят полиция департаменти матбуот хизмати автобус Новосибирскдан Чимкентга кетаётганини маълум қилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар ишлар вазирлиги ахборотида эса текширувлардан сўнг Ўзбекистон фуқаролари касалхонага ётқизишга муҳтож эмасликлари аниқлангани, автобус йўловчилари ўз сафарларини бошқа транспорт воситасида давом эттиргани айтилган.

Россияда ўзбекистонликлар бўлган автобус «КамАЗ»га тўқнашган. Ҳайдовчи ҳалок бўлган.

2021 йил 9 декабрь куни Россиянинг Нижегород вилоятида ўзбекистонликлар бўлган автобус «КамАЗ»га тўқнашган.

Автобусда жами 23 нафар йўловчи бўлган. Ишчилар ташиш билан шуғулланган автобус ҳайдовчиси йўл шароитига мос бўлмаган тезликда ҳаракатланиши оқибатида автобус қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, «КамАЗ»га урилган.

2021 йил 9 декабрь куни Россиянинг Нижегород вилоятида «КамАЗ»га тўқнашган автобус

Фото: Нижний Новгород прокуратураси матбуот хизмати

Оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлган, йўловчиларнинг 11 нафари тан жароҳати олган. Қайд этилишича, ЙТҲда жабрланганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Ҳолат ҳақидаги хабарда ҳодиса юзасидан вилоят прокуратураси томонидан текширув ишлари ташкил этилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган.

10 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат юзасидан расмий маълумот берган. Унга кўра, автобусда кетаётган 22 йўловчининг 13 нафари Россияга мустақил равишда ишга борган Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Беш нафар Ўзбекистон фуқароси Нижний-Новгород вилояти М.Владимирский номидаги шаҳар тез тиббий ёрдам касалхонасига ётқизилган.

ЙТҲда тан жароҳати олган ўзбекистонликларнинг аҳволи қониқарли бўлгани сабабли тегишли тиббий хизмат кўрсатилгандан сўнг, шу куннинг ўзида уларга касалхонадан жавоб берилган.

Қозоғистонда ичида 30 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус аварияга учраган

2021 йил 27 декабрь соат тахминан 21:40 ларда Қозоғистоннинг Олмаота вилояти ҳудудидан ўтган Олмаота—Бишкек автомобиль йўлида 105-километрида ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус ва Mercedes автомобили иштирокида ЙТҲ содир бўлган.

2021 йил 27 декабрида Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида автобус ва Mercedes тўқнашуви

Фото: “Zakon.kz”

Йўлнинг музлаши оқибатида Mercedes-Benz E-Class ва шаҳарлараро автобус тўқнашиб кетган. Енгил автомобиль шарқий йўналишда Олмаота томон, автобус эса ғарбий йўналишда ҳаракатланаётган бўлган. Тўқнашув оқибатида Mercedes жарликка тушиб кетган, автобус эса ён томонга қулаган.

Гувоҳлар Ўзбекистон фуқаролари кетаётган автобус тўла бўлгани, Mercedes’да эса 6 киши бўлганини айтишган. Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси автобусдаги 33 нафар йўловчидан 30 нафари Ўзбекистон фуқароси бўлганини ҳақида маълумот берган.

ЙТҲ оқибатида Mercedes’да бўлган уч киши ҳалок бўлган. Жумладан, бир қиз автобуснинг енгил машина устига қулаши оқибатида қисилиб қолган. Унинг жасади автобус кўтарилганидан сўнггина чиқариб олинган. Кейинроқ Mercedes машинасида ҳайдовчининг рафиқаси ва икки йўловчи ҳалок бўлгани маълум бўлган.

2021 йил 27 декабрида Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида автобус ва Mercedes тўқнашувида Mercedes’нинг ҳолати

Фото: “Zakon.kz”

Жабрланганлар орасида автобус ва машина ҳайдовчилари, шифохонага ётқизилган Mercedes’нинг икки йўловчиси ҳам бўлган. Автобус ҳайдовчиси жиддий жароҳат олмаган, шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг уйига жўнаб кетган. Ҳолат ҳақидаги дастлабки хабарда енгил автомобиль ҳайдовчиси ўзига келгани, икки йўловчининг аҳволи эса оғирлиги айтилган.

Воқеа жойига бир автобус олиб келиниб, барча ўзбекистонликлар хавфсиз тарзда Тошкентга жўнатилган ва 28 декабрь куни Ўзбекистонга қайтган.

Қозоғистонда ичида 47 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ағдарилиб кетди. 3 киши вафот этди

2022 йилининг 12 май куни Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида ҳудудидан ўтувчи Ғарбий Европа—Ғарбий Хитой автомобиль йўлида ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ЙТҲга учради.

Жамбил вилояти Фавқулодда вазиятлар департаментининг маълум қилишича, ҳодиса Олмаота—Тошкент автомобиль йўлининг 571-километрида, Жуалинский тумани «Бауржон Момишули» қишлоғидаги йўлда содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл бўйлаб ҳаракатланаётган трактор тиркамаси билан тўқнашиб кетган.

ЙТҲ содир бўлган куни тақдим этилган хабарда авария натижасида ҳайдовчи ёрдамчиси ва автобус йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлгани айтилди. 13 май куни Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эса икки нафар вафот этганларнинг Ўзбекистон фуқароси эканини қайд этди.

2022 йилининг 12 майида Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида ЙТҲга учраган автобус

Фото: «Kazinform»

Дастлабки кунги хабарда Жуалинский туман шифохонасига автобус ичида бўлган 48 нафар Ўзбекистон фуқароси мурожаат қилгани, уларнинг 38 нафари эркак, тўққиз нафари аёл ва бир нафар бола экани, йўловчиларнинг 16 нафари шифохонага ётқизилиб, тўрт нафари реанимация, 12 нафари эса жарроҳлик бўлимида экани айтилди.

13 май куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги жарроҳлик бўлимидагиларнинг сонини 12 эмас, 13 нафар дея маълумот берди.

Худди шу куни Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили хабарида Нукус—Олмаота йўналиши бўйича ҳаракатланган автобусда 53 нафар йўловчи бўлгани тасдиқланган ҳолда, дастлабки маълумотларда келтирилганидек, уларнинг 48 эмас, 47 нафари Ўзбекистон фуқароси экани айтилди.

13 май куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консулхонаси қошида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилгани, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ва тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатилиб, марҳумларнинг жасадларини Ватанга олиб келиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этилаётгани ҳақида маълумот берди.

Ҳолат юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 345-моддаси 4-қисми (транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига олиб келган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Керакли текширувлар тайинланган.

ФВВ матбуот хизмати берган навбатдаги маълумотда 14 май куни яна бир фуқаро вафот этгани, марҳумни олиб келиш юзасидан зарур чоралар кўрилаётгани айтилган. Шу билан ушбу ҳалокатда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони уч нафар бўлган.

2022 йилининг 12 майида Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида ЙТҲга учраган автобус

Фото: «Kazinform»

Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг тезкор топшириғи асосан ҳукумат қарори билан Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари А.Латифжонов бошчилигида ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ишчи гуруҳ 13 май куни соат 18:05 да Жуалин туманининг марказий шифохонасига етиб бориб, Қозоғистоннинг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашган ва ҳамкорлик асосида ташкилий ҳамда амалий ҳаракатлар олиб борилган.

Соат 23:40 да жабрланганлар Жуалин туман марказий шифохонасидан йўлга чиқиб, 14 май куни соат 04:55 да Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараси «Ғишткўприк» божхона масканига етиб келган.

Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида икки нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзили – Бухоро ва Хоразм вилоятларига юборилган.

Олиб келинган 23 нафар фуқародан 18 нафар жароҳатлангани Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига жойлаштирилган, 5 нафар фуқаронинг аҳволи яхши бўлгани учун уйига жавоб берилган.

Ҳолат ҳақидаги ушбу хабарда марказга жойлаштирилган фуқароларнинг аҳволи шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилаётгани айтиб ўтилган.