Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ҳам Ўзбекистоннинг, ҳам жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — буларнинг барини «Кун матбуоти тарихи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 18 май сонидаги асосий мавзу — олий даражадаги совет делегациясининг Болгарияга сафари тафсилотларидир. Суратда — СССР етакчиси Никита Хрушчёв Димитровграддаги «Марица-Восток» иссиқлик электр марказининг биноси ёнида бўлган митингда нутқ сўзламоқда.

Фото: «ТАСС» / «Қизил Ўзбекистон»

90 йил аввал. 18 май, чоршанба

«Қизил Ўзбекистон»да илм-фан янгиликлари: «Ясама ёмғир ёғдириш институти сунъий равишда ёмғир ёғдира турган асбобни қуриб бўлди».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 18 май сонидан лавҳа

«Болалатишга аҳамият!» рукни остида қишлоқ хўжалиги хабарлари: «Битта ҳам урғочи мол қисир қолмаслиги лозим».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 18 май сонидан лавҳа

«Ўзбекистонда кооперсия ва давлат савдоси янгича бошлангани йўқ» материалида ёзилишича, «деҳқонларни дала ишидан қолдирмас учун деган баҳона билан раён экин комиссиялари қишлоқ дўконларида кундузи савдо қилишни маън қилдилар. Мирзачўл раён таъминот бўлими раён матлубот жамиятига коммерчиски бир совунини кооператив дафтарчаси бўлмаган кишиларга сотишин маън қилди... Ўтимли молларга нагрузка қўшиб берадилар. Масалан, Наманган кооперацияси кир совунга 7 сўмдан икки шиша вино қўшиб сотди».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 18 май сонидан лавҳа

«Бадриддиновчилар суди»нинг навбатдаги тафсилотлари:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 18 май сонидан лавҳа

60 йил аввал. 18 май, жума

«Қизил Ўзбекистон»нинг хабар беришича, Бухоро вилояти 1962 йилда Ўзбекистонда биринчи бўлиб пилла ва тухум тайёрлаш йиллик планини бажариб бўлди. Энг қизиғи, «Бухоро, Шофиркон, Свердлов ва Ромитан раёнларининг пиллачилари... пилла етиштиришни кўпайтиришда етти йилликнинг охири — 1965 йилга мўлжалланган даражага эришдилар». «Област колхоз ва совхозлари тухум тайёрлаш йиллик планини ҳам 16 майда, ўтган йилдагидан 4 ой олдин бажардилар. Давлатга 8 миллион дона — ўтган йилнинг шу вақтидагига нисбатан 3,5 миллион дона кўп тухум сотилди».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 18 май сонидан лавҳа

Телевизор — 1962 йилнинг интернети. 1962 йилда телевизор етиб борган жой — «оммавий-сиёсий ишларнинг чинакам маркази», яна ҳам бадиий қилиб айтганда — маърифат гулшани.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 18 май сонидан лавҳа

1960 йиллардаги халқ таълимининг асосий масалаларидан бири — мактабларни бир сменалик қилиш. «Машғулотларни бир сменада ўтказиш мактаб таълимини ҳаёт билан боғлаб қайта қуришнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолди. Шу сабабли республикамизнинг жуда кўп мактабларидаги каби Хоразм област Янгиариқ раёнидаги 51 мактабнинг ҳаммасида ўқиш фақат бир сменада олиб борилмоқда. Бу — мактабларда таълим-тарбия ишларини юксак даражада олиб боришга яхши ёрдам берди. Раён маориф ходимлари ва жамоатчилик эришилган ана шу ютуқларни янада мустаҳкамлаш учун курашишлари лозим. Келгуси ўқув йилида мактабларда ўқувчилар сони янада ортади. Бу эса ўз навбатида янги мактаб бинолари ва қўшимча синфхоналар қуришни талаб этади».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 18 май сонидан лавҳа

Ҳозир Сергели Тошкентнинг энг катта, аҳолиси энг кўп туманларидан бири. Бундан 60 йил аввал-чи, унинг мақоми қандай эди? «Қизил Ўзбекистон»даги бир эълон, эҳтимол, бу саволга жавоб бўла олади: «20 май — якшанба куни Тошкент област Сергели қишлоғида «Қизил Ўзбекистон» ва «Ёш ленинчи» газеталари мукофоти учун мотоцикл кросси ўтказилади».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 18 май сонидан лавҳа

30 йил аввал. 18 май, душанба

«Тошкент оқшоми» газетасида «Ўзбекистоннинг бозор сари йўли» рукни остида «ҳукумат идоралариг муте бўлмаган, ўз низоми ва мустақил ҳисоб-китоби билан фаолият кўрсатадиган ёш иқтисодчилар кенгаши» — Тошкент анжумани иштирокчилари билан давра суҳбати уюштирган. Тошкент анжумани ёш олимлар кенгашини тузиш юзасидан ташкилий ишларга раҳбарлик қилаётган Анвар Йўлдошев «Оқшом» мухбири билан суҳбатда янги жамоат ташкилотининг мақсад ва вазифаларини айтиб ўтган: «Ҳозир Тошкент анжуманига иқтисодчилар, социологлар, сиёсатшунослар, олимлар бирлашган. Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш, қабул қилинаётган ҳужжатлар ушбу стратегияга қанчалик мос эканлигини ўрганиш бизнинг асосий вазифамиздир».

Анвар Йўлдошевнинг яна бир фикри эътиборга молик: «Аввал ушбу кенгаш президент ҳузурида бўлиши тўғрисидаги фикрлар билдирилган эди. Ўйлашимча, бунинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор. Ижобий томони шундаки, бизга ғояларимизни президент номидан ўтказиш енгилроқ кўчарди. Салбий томони шундаки, бизнинг ғояларимиз яккаю ягона тўғри ғоялар, деб қабул этиларди. Президент бундай кенгашни ташкил этишга хайрихоҳлик билдириб, Вазирлар Маҳкамаси ғоялари ёки бизнинг Тошкент анжумани ғояларидан бирини танлаш имкониятига эга бўлди. Бу ҳам ўзиа хос рақобатдир. Фикримча, у жамиятимизга ҳам фақат фойда келтиради».

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 18 май сонидан лавҳа

Тошкент темир йўл транспорти институти иқтисодий назария кафедраси ўқитувчиси ва «Консалтирг сервис Т» фирмаси раҳбари Фарҳод Мақсудов — давра суҳбатининг яна бир иштирокчиси. «Сизнингча, иқтисодиётимизни тобора чуқурлашиб бораётган тангликдан нима қутқаради?» деган саволга у шундай жавоб берган: «Иқтисодиётни тижоратчилар қутқаришига ишончим комил. Бироқ,.. ишбилармонликка қулай шарт-шароитлар яратилмас экан, тижорат тараққий этмайди. Тўғри, у ривожланиб бораверади. Аммо бу ривожланиш бутун маърифатпарвар дунёда бўлганидек эмас, балки коррупцияга мойиллик шаклида ривожланади».

«Республикамизда тижорат яхши ривожланиши учун нималар зарур?» деган саволга Мақсудовнинг жавоби бундай: «Энг аввало давлат сиёсатининг собитқадамлиги, тижоратчи эртага уни нима кутаётганлигини: солиқлар миқдори қандай бўлишини, унинг валюта ҳисобига таҳдид бўлмаслиги ва ҳоказоларни аниқ билиши шарт. Тижорат — бу, келажакни кўзлаб ишлашдир».

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 18 май сонидан лавҳа

Газетада Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институти директори Акмал Саидовнинг жиноятчиликни жиловлаш масаласига бағишланган «Умумдавлат дастури зарур» сарлавҳали мақолачаси эълон қилинган. «Таасуфки, жиноий унсурларга қарши кураш кўзланган самарани бермаяпти. Менимча, бунга кам деганда тўрт сабаб бор», — деб ёзади Акмал Саидов. Тўрт сабабдан бири, масалан, «қонунга энг аввало ижрочилар тўлиқ риоя этишмайди».

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 18 май сонидан лавҳа

Хорижда нима гап? «Эстония конгрессининг аъзоси Линнарт Мяалл Қозонда миллий ҳаракат вакиллари билан учрашув пайтида Эстония Татаристонга Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлишига кўмаклашишга тайёрлигини билдирди». Ҳозир бу гаплар ғалати эшитилади, аммо 1992 йилда Татаристон чинакам мустақиллик остонасида тургани ҳисобга олинса, ҳаммаси тушунарли бўлади.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 18 май сонидан лавҳа

Ушбу материал ҳуқуқлари муаллифларида сақланган ҳолда эълон қилиш шарти билан «Дарё» интернет-нашрига тақдим этилди