Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ҳам Ўзбекистоннинг, ҳам жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — буларнинг барини «Кун матбуоти тарихи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

90 йил аввал. 19 май, пайшанба

1932 йил 19 май куни Ўзбекистонда марказий газеталар чоп этилмаган.

60 йил аввал. 19 май, шанба

1962 йил 19 май куни СССР пионер ташкилоти ташкил этилганига 40 йил тўлган, шу боис марказий газеталар асосан шу юбилей билан боғлиқ материаллар билан тўлдирилган. Ора-сира «Тухум тайёрлаш ярим йиллик плани бажарилди» каби хабарчалар учраб қолади.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 19 май сонидан лавҳа

Ўзбекистон 60 йил аввал динга қарши курашувчи бир мамлакатнинг бир қисми эди, шу боис газеталарда атеистларни фаолроқ ишлашга чорловчи мана бундай материаллар бемалол берилганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 19 май сонидан лавҳа

Германия Федератив Республикасида Иккинчи Жаҳон урушидаги ҳарбий жиноятчилар устидан олиб бориладиган суд жараёнларини кузатиш ва уларни шарҳлаш — совет матбуотининг севимли машғулоти. Бунда совет пропагандачилари немис маъмурларнинг ҳар бир ҳаракатини шубҳа остига олади.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 19 май сонидан лавҳа

30 йил аввал. 19 май, сешанба

«Халқ сўзи» газетасининг биринчи саҳифаси 15 май куни Тошкентда бўлиб ўтган МДҲ саммити якунларига бағишланган. Масалан, Россия президенти Борис Ельциндан олинган интервью бор. Қисқа суҳбатда Ельцин, жумладан, шундай деган: «Ҳеч кутилмаганда, СССРни қайта тиклаш шиорини кўтариб чиққан гуруҳлар пайдо бўлиб қолди. Мен ушбу сафсатабозларнинг уринишини ножиддий, аҳмоқона ният деб ҳисоблайман. Нима, Россия СССРни тиклашни истайдими? Ёки Украина? Бирортаям давлат буни хоҳламайди!».

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 19 май сонидан лавҳа

Саммит якунлари бўйича президент Ислом Каримов фикрлари:

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 19 май сонидан лавҳа

Украина бош вазири Витолд Фокин, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Беларусь Олий Кенгаши раиси Станислав Шушкевичдан қисқа иқтибослар:

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 19 май сонидан лавҳа

Саммитдан сўнг Ислом Каримов ва Борис Ельцин Самарқандга йўл олган (интернетда ушбу сафарга доир видеолавҳалар ҳам бор). «Мен Самарқандни зиёрат қилишга орзуманд эдим. Шу орзуим ушалди», — деган Россия президенти Самарқандда журналистлар билан мулоқот чоғида.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 19 май сонидан лавҳа

Қашқадарёда яна табиий офат (Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида бўлгани сингари): «Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Деҳқонобод, Ғузор раёнларида ўтган пайшанба куни узлуксиз ёққан ёмғир ва дўл қишлоқ хўжалиги экинларига шикаст етказди. Талайгина чорва моллари нобуд бўлди. Токзорлар ва сабзавотзорларни сув босди, бир қанча кўприк, марказий йўлларни сел ювиб кетди. Аҳоли уй-жойларига ҳам зиён етди».

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 19 май сонидан лавҳа

Тошкентда, Юнусободдаги «Мирза Юсуф» (Бодомзор) масжидида қорилар танлов-мусобақаси бўлиб ўтган. Хабар беришларича, танловни қашқадарёлик 2 ёшу 3 ойлик Темирхон Абдужаббор ўғлининг «бийрон тиловати» очиб берган. «Андижонлик 15 ёшли Алишер Ражаб, 11 ёшли Абдулмажид Абдуллатиф тиловатнинг ҳифз қисми бўйича, бухоролик 10 ёшли Мадина Абдуҳалил қизи ожизалар давраси бўйича биринчиликни эгаллаб, танлов мусобақаси ғолиби бўлдилар ва Ҳаж сафарига имтиёз билан бориш ҳуқуқини қўлга киритдилар», — дейилади хабарда.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 19 май сонидан лавҳа

Қизиқ хабар: «Марғилон шаҳри ҳудудида фуқароларга хизмат кўрсатувчи барча автобуслар шу йил охиригача ҳафтанинг ҳар жума куни бепул хизмат кўрсатадиган бўлди».

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 19 май сонидан лавҳа

Хорижда нима гап? Туркманистон МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб ўз Конституциясини қабул қилди, Грузия эса собиқ СССРнинг Қора денгиз флоти нафақат Россия ва Украина, балки Грузия билан ҳам бирга тақсимланиши керак, деб ҳисобламоқда.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 19 май сонидан лавҳа

Сомалининг қочоқ президенти Муҳаммад Сиад Барре Нигериядан бошпана топган, Мўғулистонда Чингизхон мамлакат миллий қаҳрамони ва фахри деб эълон қилинган, Ливия етакчиси Муаммар Каддафи эса бозор иқтисодиётининг ливияча моделини ишлаб чиқишга чақирган.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 19 май сонидан лавҳа

Ушбу материал ҳуқуқлари муаллифларида сақланган ҳолда эълон қилиш шарти билан «Дарё» интернет-нашрига тақдим этилди