Инсон энг аввало шахс, кейин мутахассис сифатида ўсиб ривожлангач, ўз йўналишида «парвоз» қила бошлайди. Мақсад қилган чўққиларни забт этади. Кейин унданда юқорироғига интилади.

Қанотсиз парвоз қандай бўлади, дейсизми? Ўзлаштирилган билим, кўникма ва тажрибалар вақт ўтгани сайин инсоннинг мажозий маънодаги қанотига айланади.

«Дарё» ёши, эркак ёки аёллиги ва яшаётган ҳудудидан қатъи назар, илм олиб, юқори мақсади сари интилиб, кўзлангандан кўпроқ натижага эришганлар билан «Қанотсиз парвоз» лойиҳасини йўлга қўйди.

Ушбу лойиҳа доирасида Бўстонлиқ тумани Бурчмулла қишлоғида туғилиб, 11 йиллик таълимни Чирчиқ шаҳрида олган, ҳозирда EPAM Sytems компаниясида дастурчи инженер бўлиб ишлаётган Ҳожарбу Ҳаитметова ўзининг муваффақият йўли ҳақида гапириб берди.

Фото: Коллаж / «Дарё»

Дунё кезиш учун журналист ёки гидлик касбини эгаллаш керак, деб ўйлардим

Чирчиқ шаҳридаги академик лицейнинг хорижий филология йўналишида ўқиганман. Дастлабки мақсадим тил ўрганиб, журналистика соҳасидан кетиш эди.

Болаликдаги орзум — дунёнинг ҳар хил шаҳарларини кўриш, турли одамлар билан танишиб, суҳбатлашиш бўлган. Унга эришиш учун тўғри келадиган соҳа — журналистика ёки гидлик деб ўйлаганман.

Лицейни тамомлагач, 2014 йилда Ўзбекистондаги халқаро Вестминстер университетининг Bussiness information systems йўналишига қабул қилиндим.

Аммо соҳа бўйича илк тасаввурларни мактабдаги информатика устозимдан олганман.

У бизга «Мана шундай касб бор. Уни эгалласанглар, дунё бўйлаб исталган мамлакатингизда фаолият юрита оласиз. Ойлик маошингиз юқори бўлади», дея бу соҳанинг турли имкониятлари ҳақида тушунтирган. Шундан сўнг менда дастурлашга қизиқиш уйғонган.

Бироқ вақтлар ўтиб дастурлашга қизиқишим унутилган. Атрофда IТ билан шуғулланадиган одамлар, у ҳақида гапирувчи мутахассислар, умуман, соҳага оид муҳит бўлмаган.

Илк фаолиятим инглиз тили билан боғлиқ бўлган — лицейнинг сўнгги ва университетнинг дастлабки йилларида, тахминан, 3 йил шу тилдан дарс бердим. 2018 йилда университетни тамомладим.

Бизнинг жамиятда дастурчиликка асосан эркакларга хос касб сифатида қаралади

Кўпчиликнинг тасаввурида дастурчи доим компьютер қаршисида ўтирадиган одам сифатида шаклланади. Шу соҳада ишловчилардан кўрган-билганларимиз асосан эркаклар бўлгани учун эса «Ҳа, демак, дастурчилик — эркаклар касби» деган тушунча пайдо бўлиб қолган.

Фото: Ҳожарбу Ҳаитметованинг шахсий архивидан

Бу, албатта, нисбий хулоса. Сўнгги вақтларда дастурлаш соҳасини танлаётган аёл-қизлар сони ортиб бормоқда, лекин эркакларга нисбатан камроқ экани рост.

Соҳадаги гендер тенглик мувозанатини сақлаш учун бутун дунё бўйлаб тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Шахсан ўзим дастурчилик соҳасига эркакларнинг касби сифатида қарамайман, чунки бу қандайдир маънода инсоннинг ички характеридан келиб чиқиб танланадиган касб.

Яъни сиз ниманидир яратиш қобилиятига, ўзингизнинг қандайдир қизиқ ғояларингизни амалга ошириш имконига эга бўласиз. Хаёлларингиздаги алгоритмларни компьютерларда кодга айлантириш учун имконият бўлади.

Дастурчилик асосан ментал меҳнат талаб этишидан келиб чиқиб, соҳага кўпроқ ўғил бола ёки қизлар учун деб эмас, қизиқишлар асосида ва қийинчиликларини билиб танланадиган касб сифатида қаралса, жинсининг аҳамияти бўлмайди.

Соҳанинг энг ёқадиган тарафи — сиздан доимий янгилик ўрганиш талаб этилади

Дастурчиликнинг «ичи»га кодларнинг ташқаридан кўриб тушунмаганим ортидан кириб қолганман.

Соҳада энг кўп мени ўзига жалб этадиган нарса — у сиздан доим янги нарса ўрганишингизни талаб этади. Доимийликдан, вазифаларнинг такрорланишидан зерикмайсиз.

Дастурчиларнинг олами бор ва у бошқалардан ажралиб туради. Соҳа мутахассислари билан суҳбатлар ҳам ўзгача, мазмунли бўлади. Унда доим бир дастурчи бошқасидан, албатта, янги маълумот ўрганиб, ўсишни ҳис қилади.

Хорижга илк саёҳатим — дунё аёл-қизларининг кўникмаларини оширишга қаратилган дастур бўйича бўлган

Хорижга энг узоқ ва биринчи саёҳатим — АҚШга, Techwoman лойиҳаси доирасида бўлган. Дастур бўйича иштирокчилар саралангач, беш ҳафта давомида АҚШда бўлганмиз.

Фото: Ҳожарбу Ҳаитметованинг шахсий архивидан

Мазкур дастур Африка, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқдаги фан, технология, муҳандислик ва математика йўналишлари (STEM) бўйича етакчи аёлларнинг кейинги авлодига ўз қобилиятларини етказиш, ўз касбини эгаллаш учун зарур бўлган кириш кўникмалари ва имкониятларини беради.

У ерда биз Кремний водийсидаги компанияларга бириктирилганмиз ва менторлар билан бирга ишлаб, иш юритилиши, қандай технологиялардан фойдаланиши ва бошқа кўплаб маълумотларга эга бўлганмиз. Бундан ташқари, бошқа дастурчи-муҳандислар билан суҳбатларда билмаганларимизни ўрганардик.

Лойиҳадаги аёл-қизлар 5 ҳафта мобайнида орттирган тажриба ва билимларини ўз ватанига қайтгач, бошқаларга ҳам етказиши кўзда тутилади.

Фото: Ҳожарбу Ҳаитметованинг шахсий архивидан

Мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматида ишлаб, дастурчиликка кириш учун тажриба орттирганман

IТ соҳасидаги биринчи ишим Wing Delivery Network компаниясида бўлган. У БААда фаолият олиб борарди, мен эса компаниянинг Тошкентдан туриб мижозлар билан ишлайдиган, маҳсулотларни етказиб бериш жараёнларини тўлиқ бошқариб турадиган customer support ходими бўлганман.

Курьерлар билан доимий алоқада бўлиб, юзага келган муаммоларга ечим топишда ёрдам берардим.

Ишимни дастурлашга алоқаси йўқ эди, бироқ улар фойдаланадиган тизим менинг дастурлашга киришимда катта ёрдам берган.

Wing компаниясида ишлаш мобайнида DataSite номли маҳаллий IТ компания ҳам бир жойда жойлашганлиги сабабли IТ йўналишига ўтиб ишлашим учун яхши имконият бўлган. Шу тариқа IТ фаолиятимни DataSite компаниясида FronTend йўналишидан бошлаганман.

Аввалига малака оширишга ўхшаш муддат берилган. Унда турли лойиҳалар беришарди. Уларни ўргатадиган мутахассислар ҳам бўлган. Биз эса саволларимизга улардан жавоб олиб, ўрганганларимизни амалда бажарардик. Кейинчалик ҳақиқий лойиҳаларга қўшилиб кетганмиз.

2 ярим йил давомида DataSite’нинг web йўналишида, аввалига frontend қисмида, html, css, javа script’да макетларни тайёрлаб берардик. Шу тариқа, аста-секин backend қисмига ўта бошлаганман.

Фото: Ҳожарбу Ҳаитметованинг шахсий архивидан

DataSite компаниясида ишлашни бошлаган вақтим университетнинг тўртинчи босқич даврига тўғри келган.

Курс, диплом ишларини тайёрлаш ва бошқа вазифалар йиғилиб қолгани учун бироз қийинчиликлар юзага келган.

Агар икковини тенг олиб борсам, барчасининг сифати сезиларли даражада тушиб кетарди. Шунинг учун бироз вақт биттасини тўхтатиб, бошқасини мукаммал бажариш мақсадида ишхонадан маълум муддатга дам олишни сўраганман.

Фото: Ҳожарбу Ҳаитметованинг шахсий архивидан

Вазифаларнинг такрорланиши ва янги лойиҳаларда ўзимни синаб кўришга иштиёқ иш жойларимни ўзгартириб туришимга сабаб бўлади. Акс ҳолда, ўсишдан тўхташим мумкин

Иш жойларимни ўзгартириб туришдан мақсад — янги «челленж»ларда ўзимни синаб кўриш, фаолиятимда ўсиш ҳамда ривожланишдир.

Амалда бажараётган лойиҳаларимни қийинлаштириш, янгича дастурларда қатнашиб кўришга эҳтиёж сезишим ҳам иш жойларимни янгилаб туришимга туртки бўлади.

Аввалига Wing компаниясига вақтинчалик даромад топиш мақсадида жойлашганман. Асосий йўналишим дастурчилик ва у компаниянинг йўналиши ҳам шу билан боғлиқ бўлгани мен учун жуда зўр имконият бўлганди.

DataSite’нинг ўзида 2.5 йил ишладим. У ерда асосан веб сайт ва иловалар яратардик. Бунда бошидан охиригача бўлган жараённинг тўлиқ гувоҳи бўлардим. Ишнинг қайсидир қисмларида қатнашиб кўрардим.

Мутахассис вақт ўтиб, ўзининг даража ва малакаси ошганини сезади. Янги «челленж»ларни қилиб кўргиси келади. Менда ҳам шундай вазият бўлиб, иш жойимни ўзгартиришга қарор қилганман.

Фото: Ҳожарбу Ҳаитметованинг шахсий архивидан

Шу қарор билан янги Project Managers компаниясига бордим (Ҳозирда бу компания UIC group деб номланади). Ўша вақтда компания янги очилган, жамоа асосан ёшлардан ташкил топган ва тиришқоқ мутахассислардан иборат бўлган. Лойиҳаларни бажариш шиддати жуда ҳам баланд эди.

У ерда мен учун янги бўлган ишларни бажара бошладим. Шунда ўзимда касбий ўсиш бўлганини сезганман. Бир йил Project Managers’да асосан backend, баъзан frontend қисмларда фаолият юритганман.

Кейинчалик яна даражамни оширишга эҳтиёж пайдо бўлган, комфорт зонам оша бошлаган, яъни менда янгиликлар ўрганиш процесси секинлашди. Бу эса менинг келажакдаги иш самарадорлигимга жиддий таъсир қилиши мумкин эди.

Кейин Uzinfocom компаниясига бордим. Уларнинг ҳам асосан жамоаси қизиқтирган.

Одатда компания танлашда асосан жамоага эътибор қаратардим. У ерда қандай инсонлар ишлаши, уларнинг билим ва салоҳият даражаси ҳамда мен улардан янгилик ўргана олишим ўта муҳим саналади.

Шу билан бирга, ўзим ҳам жамоа ва компанияга бир нима бера оламанми, деган саволни ўз олдимга қўяман.

Uzinfocom’да каттароқ кўламдаги лойиҳаларда қатнашиш имконига эга бўлиб, глобал миқёсдаги хорижий компанияларда ишлаш жараёнлари қандай бўлишига жуда қизиқардим.

Уларнинг иш юритиш методологияси, иш жараёнлар ва жамоа таркиби, ҳар-хил миллатга мансуб мутахассислар ва турлича тажрибаларга эга бўлганлар билан ишлаш мен учун жуда қизиқ бўлган.

Бундай имкониятни берувчи EPAM бўлган. Uzinfocom’да ишлаш жараёнида EPAM компаниясига ишга кириш учун интервьюга тайёрлана бошладим.

2021 йилнинг ноябрь ойида бу компаниясига middle даражасидаги Software Engineer лавозимига ишга қабул қилиндим.

Фото: Ҳожарбу Ҳаитметованинг шахсий архивидан

Билимингиз ва маблағингиз етарли бўлса, Калифорнияда дастурчилар учун барча имкониятлар мавжуд

Калифорнияда дастурчилар учун жуда яхши муҳит яратилган. У ерда кўплаб дастурчи-муҳандислар, лойиҳалар ва IT-компаниялар мавжуд.

Агар билимингиз бўлса ва қимматлигини айтмаганда, Калифорнияда ўсиш учун чексиз имкониятлар мавжуд. Ишингиз ва даромадингиз яхши бўлса, штатдаги юқори нархлардан зарар кўрмаслигингиз ҳам мумкин.

Соҳа мутахассислари доимий компьютер билан ишлашини инобатга олсак, у ернинг гўзал табиати, кўз чарчаганда яшилликдан баҳра олиш имконияти билан бир вақтда технологияларнинг яхши ривожланганлиги дастурчига қулай ва етарли шароитни ярата олган.

Дастурлаш ичидаги йўналишларни тўғри танлаш — келажакдаги фаолиятга жиддий таъсир кўрсатади

Дастурлашнинг ўзи бир қанча йўналишларга бўлинади. Уларнинг қай бирини танлаш ҳам мушкул босқич саналади. Танлов қилиш этапида кўпчилик узоқ вақт қолиб кетади.

Сабаби ҳар бирининг ичидаги йўналиши қизиқ, ҳаммасида ҳаракат қилиб, натижа бериш мумкин, лекин қай бирида маза қилиб, эркин ишлай оладиганини тўғри танлаш керак.

Бунинг учун атрофдаги маълум муддат ишлаган ҳамкасбларни кузатиш ва нималар қилаётганини ўрганиш мумкин.

Бундан ташқари, танловда ментор топишга ҳам аҳамият бериш керак, чунки дастурчиликнинг бошида сизнинг саволларингизга жавоб берадиган, йўл-йўриқ кўрсатоладиган устоз керак бўлади.

Ушбу босқичдан имкон қадар қисқароқ муддатда ўтиш керак. Бунинг учун дастурчи йўналишлардан бирини танлаб, мустақил ўзини синаб кўриши мумкин.

Вазифаларни бажараётган вақтда эса йўналиш унга мос ёки йўқлигини ўзи сезиб, жараёнда зерикиш ёки қизиқишни ҳис қилади.

Баъзилар бу босқичдан жуда тез ва омадли ўтади. Улар биринчи синаб кўришнинг ўзидаёқ мос эканини билиб, ишида давом этади.

Фото: Ҳожарбу Ҳаитметованинг шахсий архивидан

Мен ҳам аввалига backend йўналишида ҳеч қачон ишлолмасам керак, деб ўйлагандим. У жуда оғир ва кучли мантиқ талаб қилишини билиб, ўзимга чеклов қўярдим. Бора-бора frontend қисмда бажараётган ишларимнинг такрорланишидан зерика бошладим ва backend йўналишига қизиқиб қолдим. Ҳозир эса тўлиқ backend’да ишлаяпман.

Агар инсонда хоҳиш ва қизиқиш бўлса, ишини яхши кўриб бажарса, юқори натижалар кўрсата олади.

Дастурчилик соҳасини ҳар томонлама ўйлаб танлаган маъқул

Дастурлаш соҳаси сўнгги вақтларда жуда оммалашиб кетди. Кўпчилик ўзини шу соҳага урмоқда.

Аммо уларнинг ҳар бири ўзига «Мен бу соҳага ҳақиқатан ҳам қизиқаманми, бу менга нима беради, мен қандай натижалар кўрсата оламан?» деган саволларни бериб кўриши керак. Бундан ташқари, унинг ичида қандай мураккабликлар кутаётганини ҳам билиб, тайёр туриш керак.

Сабаби ҳар бир соҳанинг ўзига яраша қийин, осон ва синовли даврлари бўлади. Яна дастурчиликда ҳар қадамда турли даражадаги тўсиқларга дуч келиши, муаммоларга ечим йўқдек туюлиши мумкин. Уларнинг юқорилик даражасига қараб, жавобгарлик ҳам ортиб боради.

Буни «челленж» деб айтиш мумкин. Уларга қандай ечим топиш эса тажрибага боғлиқ. Вазият мураккаблашгани сайин, айниқса, бошловчи дастурчиларда соҳадан кетиш хаёллари пайдо бўла бошлайди. Лекин соҳанинг энг қизиқ дақиқалари ҳам айнан шу бўлади, деб биламан.

Муаммога жавоб атрофдагилардан топилмаганида ички менингиз уддалайсан деса, сиз уни бажара олсангиз, ўзингизга бўлган ишонч янада ортади, янги қирраларингизни кашф этасиз.

Ана шундай вақтларда таслим бўлиб қолмаслик учун ҳам соҳани танлаётганда келажакка кенгроқ назар ташлаш керак бўлади.

Фото: Ҳожарбу Ҳаитметованинг шахсий архивидан

Дастурлаш соҳаси, унинг ҳаётдаги воқеликларга ўхшашлигини солиштириш тафаккур қилишни ўргатди

Дастурлаш ичидаги барча жараён — ҳаётимиздаги воқеликларга жуда ўхшаш, ҳатто бир хил дейиш ҳам мумкин. Шунчаки кўриниши бошқача бўлади.

Алгоритмлар ичида ишлаётган дастурларнинг кетма-кетлиги, жараёнларнинг бир-бирига боғлиқлиги — кундалик ҳаётимиздаги ҳар бир вазиятлар, ҳодисалар, инсонларнинг бир-бирига қандай боғлиқлиги, шаҳарлар ёки биноларнинг қурилиши, архитектурасига ўхшатиш мумкин.

Буларнинг барчаси дастурлаш билан деярли бир хил. Фақат соҳада улар тизимлаштирилган ҳолда, код кўринишида ёзилади.

Ҳаётдаги ва экран ортидаги жараёнларнинг ўхшашлигини солиштириш, кузатиш ва бошқа саволларга жавоб излаш, умуман дастурлаш соҳаси менга тафаккур қилишни ўргатди, деб айта оламан.

Яқин келажакдаги мақсадларим — энг аввало ҳозирги даражамдан юқориларига эришиш. Кейингиси эса ўзимдаги барча билимларни бошқа қизиқувчилар билан бўлишиб, соҳа мутахассислари доирасини кенгайтиришдир.

Тажрибаларни бошқалар билан бўлишиш — уни янада мустаҳкамланишига гувоҳ бўлдим.

Фото: Ҳожарбу Ҳаитметованинг шахсий архивидан

Аёллар ҳар бир жабҳада ўз ўрнига эга бўлиши жуда муҳим. Ҳар биримиз қандайдир истеъдод билан яратилганмиз. Энг тавалло, қайси соҳада салоҳиятли бўла олишимизни топиб олишимиз керак. Бу инсон ҳаётидаги энг асосий вазифалардан саналади. Кейин ўша йўлдаги жиддий ҳаракатларни босқичма-босқич амалга ошириш керак.

Аёл киши қанча ўсиб, ривожланса, ўзига бўлган ишончи ҳам ортиб боради. Ижодкорлик даражаси ошиши бевосита атрофидагиларга ҳам таъсир кўрсатади.

Яъни ундан позитив шижоат чиқа бошлайди. Ички олами каби атрофини ҳам завқли кўринишга келтиришга уринади. Оиладаги муҳит яхшиланиши, хонадондан иш ёки ўқишга кетаётган кишиларнинг фаолиятида самарадор натижа кўрсатади.

Бундан ташқари, аёлларнинг ҳар томонлама ўсиши — биздан кейинги келажак авлоднинг ўқимишли бўлишини кафолатлайди. Сабаби фарзандларни тарбиялайдиган, улар билан кўпроқ вақт бирга бўладиган инсон бу — она.

Она кимгадир гўзал тарбия бериши, ўқиб-ўрганишга қизиқиш уйғота олиши учун уларнинг барчаси энг аввало ўзида бўлиши керак. Шундай экан, аёл кишининг ўсишдан тўхташи — бутун жамиятга зарар келтириши мумкин, аммо фойда эмас.