Янги авлод DeLorean’нинг тақдимотига икки ҳафтага яқин вақт қолди. 31 май куни Italdesign ательеси дунёга янги машҳур моделни тақдим этади. Вьетнамлик машҳур блогер Чионг Ван Дао YouTube’даги каналида «Келажакка қайтиб» фильмлар сериясидаги афсонавий автомобилнинг ёғоч бўлагидан ишланган нусхасини ясаш жараёни тасвирланган видеони эълон қилди.

Фото: Awesome Woodcraft

Уста машина нусхасини ясашда одатдагидек ёғоч бўлагидан фойдаланган бўлиб, унга модель шаклини бериш учун бир нечта қисмга бўлган. Шундан сўнг Чионг Ван Дао ёғочдан экстерер элементларини, жумладан, орқа фонарлари, ғилдираклари, шунингдек, «чағалай қаноти» услубидаги эшикларини ҳамда автомобиль салони деталларини қирққан. Кейин эса дурадгор моделнинг орқа қисмига иккита митти реактив двигателни ўрнатган, машинани ҳимоя материали билан қайта ишлаган.

Ўйинчоқ DeLorean ишнинг сўнгги босқичида кинодаги автомобилга хос кўплаб компонентларга эга бўлган. Хусусан, нусханинг салони ва кузовида турли кабеллар ва электр қисмларининг муляжлари пайдо бўлган.

Аввалроқ ветнамлик дурадгор Чионг Ван Дао оддий ёғоч бўлакларидан Ferrari 250 GТО нусхасини яратиш жараёни тасвирланган видео билан бўлишганди.