Бундан икки йил олдин тақдим этилган Maserati МC20 суперкари том қисми очиқ версияга эга бўлди. Cielo номини (итальянчада «осмон» деган маънони билдиради) олган моделга майдони ярим метр квадратга тенг ойнали йиғиладиган том ўрнатилган, деб хабар беради Motor.

Фото: Maserati

Ойнанинг шаффофлиги медиатизим орқали бошқарилади, унинг ёрдамида машинанинг бутун том қисмини ҳам бошқариш мумкин. У соатига 50 километр тезликда 12 сония ичида кўтарилиб-тушади. Maserati’дагиларнинг таъкидлашича, у иссиқлик ва шовқиндан энг яхши ҳимояни тақдим этади.

Фото: Maserati

MC20 Cielo купедан ойналар шаклининг ўзгартирилгани ва ўриндиқлар ортидаги бир жуфт суйри «сузгичлар» билан фарқ қилади. Капалак қаноти каби очилувчи эшиклар ёпиқ версиядан олинган. Бошқа янгиликлари қаторида — кузовга уч қатлам қилиб сепилган осмон каби ҳаворанг Acquamarina бўёғи ва олмос билан ишлов берилган қуйма ғилдирак дискалари. Уларнинг Рим рақамидаги иккиталик «Х» каби кўриниши Maserati бренди трансформацияни бошлаган йил ва номга ишора ҳисобланади.

Фото: Maserati

MC20 Cielo купе каби углерод толали монококдан ясалган. Бироқ қаттиқ том олиб ташлангани сабаб углерод толанинг жойлашуви бироз ўргартирилган. Натижада Cielo оғирлиги 65 килограммга ортган. Машина уч литрли V6 Nettuno битурбомотори — Maserati томонидан яратилган двигатель билан жиҳозланган. Motor 630 от кучи ва 730 Нм айланувчи моментни тақдим этишга қодир бўлиб, у саккиз поғонали роботлаштирилган узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади.

Фото: Maserati

Машина оғирлигининг ортиши унинг динамикасига таъсир кўрсатмагани айтилмоқда. Шу билан бирга, максимал тезлик соатига 325 километрдан 320 га тушган.

Фото: Maserati

MC20 Cielo чекланган 60 нусхада бозорга чиқарилади. Уларнинг барчаси Acquamarina рангига, махсус ёрқин чарм билан қопланган салон ва ноёб ғилдирак дискаларига эга бўлади.

Фото: Maserati