Ўзбекистонда водород газида ҳаракатланувчи транспорт воситаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги маълум қилди

Фото: Leaseplan

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Канада, Нидерландия, Испания, Германия, Италия, Австралия, Жанубий Корея, Буюк Британия, АҚШ каби давлатларнинг муқобил энергетикани ривожлантириш соҳасидаги сиёсати ва илғор тажрибалари ўрганилди. 

Водород — идеал ёқилғи бўлиб, биринчидан, у борлиқдаги энг кенг тарқалган элемент саналади. 

Иккинчидан, унинг ёнишида катта миқдорда энергия ҳосил бўлади ва бирор-бир зарарли газлар ажралиб чиқмайди, фақат тоза сув ҳосил бўлади. 

Инсоният водород энергетикасининг афзалликларини анча олдин англаб етган, бироқ йирик саноат кўламида ундан ёқилғи сифатида фойдаланиш йўлга қўйилмаган. 

Бунга сабаб – ер юзида водород тоза ҳолда учрамайди, кимёвий бирикмалардан ажратиб олинган водород эса қазилма углеводородлардан анча қиммат.

Қайта тикланувчан энергия манбалари қўлланилишининг ривожланиши «яшил водород» олиш учун шароит яратди, янги технологиялар ривожланиши эса олинадиган водороднинг арзонлашиб боришига сабаб бўлмоқда. 

Бунда қайта тикланувчи манбалардан олинган энергия ҳисобига электролиз усули билан сувни парчалаб олинади. 

Ҳозирга қадар Инновацион ривожланиш вазирлиги ёш олим ва мутахасиссларнинг хорижнинг етакчи илмий муассасаларида стажировка ўташини молиялаштирмоқда. 

Институтининг қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида амалий ишланмаларни яратишга қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида вазирлик томонидан 4 та лойиҳа доирасида жами 1,78 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Дастурга мувофиқ аммиак ва водородли ёқилғи элементларидан фойдаланган ҳолда водород газида ҳаракатланувчи транспорт воситасининг тажриба намунаси ишлаб чиқилади. 

Бундан ташқари «Яшил» водород ёқилғисидан иссиқлик ва электр энергиясини олишга мўлжалланган тажриба намунаси яратилади.

Экспертларнинг прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб жаҳон энергетикасидаги водород энергиясининг улуши 18 фоиз, аср сўнгига келиб 40 фоиздан ортиқни ташкил этиши кутилмоқда.

1995 йилда Канада жаҳонда биринчи бўлиб шаҳар транспорт паркида водород ёқилғисидан фойдаланишни бошлаган.

2005 йилдан бошлаб шундай лойиҳалар Нидерландия, Испания, Германия, Италия, Луксембург, Исландияда давлатларида амалга оширилмоқда.

2018-2019 йилларда Австралия, Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия, АҚШнинг айрим штатлари ўзининг Водород стратегияларини ишлаб чиққан ва тасдиқлаган.

Япониянинг Водород дастурига мувофиқ, 2020 йилда 1,4 млн дона, 2030 йилга келиб 5,3 млн дона водородли ёқилғи элементларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Аввалроқ Япония биринчи водород поездини синовдан ўтказишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.