Америкалик рэпер Дрейк 2022 йилнинг январь—май ойлари якуни бўйича АҚШдаги энг машҳур қўшиқчига айланди. Бу ҳақда қўшиқларнинг тингланиш статистикасини кузатиб борувчи Chart Data маълумотларида келтирилган.

Фото: Getty Images

Лойиҳанинг баҳолашича, Дрейкнинг қўшиқлари 2022 йил бошидан буён АҚШдаги стриминг-сервисларда 3 миллиард мартадан ортиқ тингланган. Иккинчи ўринда 2,8 миллиардлик кўрсаткич билан рэпер YoungBoy Never Broke Again эгаллаган бўлса, кучли учликка Тэйлор Свифт якун ясаган (2,5 миллиард).

Рейтингнинг давоми қуйидагича:

  • Juice WRLD (2,2 миллиард);
  • The Weeknd (2 миллиард);
  • Канье Уэст (1,9 миллиард);
  • Лил Дурк (1,7 миллиард);
  • Морган Уаллен (1,7 миллиард);
  • Эминем (1,5 миллиард);
  • Future (1,5 миллиард).

Эслатиб ўтамиз, 15 май куни Лас-Вегасда Billboard Music Award-2022 мукофотининг топшириш маросими бўлиб ўтганди. Ушбу мукофотда номинациялар сони бўйича Дрейк ва Оливия Родриго етакчилик қилган эди.