Буюк Британия қироличаси Елизавета II га тегишли бўлган 29 йиллик Rover 827 Sterling июнь бошида аукционга қўйилади. Car & Classic кимошди уйи савдоларни 29 май куни кечқурун бошлаган — ҳозирда энг юқори нарх 5 минг фунт стерлинг, деб хабар беради Motor. Автомобилнинг ўзига хослиги — Букингем саройига ростдан ҳам тегишли бўлгани, оригинал ҳолати ва мунтазам техник хизмат кўрсатилганида. Кўп масофа босгани ва юза қисми коррозияга учраганини камчиликлари қаторига киритиш мумкин.

Фото: Carandclassic

Rover 827 Sterling биринчи бор 1993 йилда ҳисобга олинган бўлиб, автомобилга Букингем саройи эгалик қилган ва бир йил давомида седандан Елизавета II нинг шахсан ўзи фойдаланган. Орадан йиллар ўтгач, машина Thomas Day Motors дилерига бериб юборилган. Ўтган 28 йил давомида Rover уч марта ўз эгасини алмаштирган.

Фото: Carandclassic

Кимошди уйида Rover 827 Sterling’га кўрсатилган техник хизматларга оид тўлиқ маълумот мавжуд ва «қироллик» седани коллекцияда турмаган — одометрига кўра 153 минг километр йўл босган. Автомобилнинг кузов ва салон қисми мунтазам парвариш қилинган бўлса-да, ости ва шассисида коррозия мавжуд.

Фото: Carandclassic

Rover 800-Series техник жиҳатдан Honda Legend бизнес-седанига яқин — 827 Sterling нусхасини капоти остидан 170 от кучига эга 2,7 литрли V6 атмосфера двигатели ўрин олган. Узатмалар қутиси — тўрт поғонали автомат, олд узатмали.

Фото: Carandclassic

Фото: Carandclassic

Фото: Carandclassic

Оддий Rover 800-Series’лар у қадар қимматликка эга эмас — Буюк Британияда бундай нусхалар 10 минг фунтдан қиммат турмайди. Бироқ мазкур моделнинг тарихи ва техник жиҳати яхшилиги сабаб харидор унинг учун каттароқ пул тўлаши мумкин.

Фото: Carandclassic

Фото: Carandclassic

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг июлида малика Диананинг шахсий автомобили аукционда кутилганидан ҳам қимматроққа сотилганди. Ўшанда 1981 йилги Ford Escort Ghia хетчбеки 47 минг фунт стерлинг эвазига янги эгасини топган.