DeLorean компанияси электромоторга эга тўрт ўриндиқли фастбек — Alpha5 автомобилини тақдим этди, деб хабар беради Motor1.

Фото: Motor1

Электромобильнинг ташқи кўринишини DeLorean дизайнерлари оригинал DМC-12 учун жавобгар бўлган Italdesign ательеси мутахассислари билан ҳамкорликда яратган. «Келажакка қайтиб» фильмида суратга тушган автомобилдаги каби янги моделнинг эшиклари юқорига қараб очилади.

Фото: Motor1

Муҳандислар автомобилнинг аэродинамик қаршилик коэффициентини 0,23 га қадар туширишга муваффақ бўлган. Бу электромобилга соатига 100 километр тезликка 3,4 сонияда эришиш ҳамда энергияни тежаш имконини беради. Машинанинг максимал тезлиги — 241 километр/соат. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, Alpha5 бир марта қувватланиш орқали 483 километр йўл боса олади.

Фото: Motor1

Автомобиль салонига тўртта алоҳида ўриндиқ, тўлиқ рақамли қурилмалар панели, шунингдек, ахборот-кўнгилочар тизим учун дисплей ўрнатилган.

Фото: Motor1

DeLorean Alpha5 чекланган — 88 нусхада сотувга чиқади. Унинг нархи ҳозирча ошкор этилмаган.

Фото: Motor1

Кейинроқ DeLorean модель қаторида бензинда ишловчи В8 двигателли купе, электроседан ва катта ҳажмли электрокроссовер пайдо бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари, 1980 йиллардаги оригинал DМC-12 базасида рестомод тақдим этилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Эстониядаги кийим дўконида «Келажакка қайтиб» фильмидаги DeLorean автомобили сотилган эди.