«2002 йилнинг шу куни Майк Тайсонни саккизинчи раундда мағлуб этиб, WBC, IBF, IBO, The Ring журнали камарлари ва оғир вазн тоифасидаги чемпионлик унвонини ўзимда сақлаб қолгандим. Тушунганманки, Тайсон меросимни мустаҳкамлаш учун курашишим керак бўлган охирги рақиб эди. Манипуляторларга «У Тайсон билан жанг қилмаган» дейишлари учун имконият қолдирмаслигим керак эди.

Майк билан баҳслашишни қанчалик яхши кўрмайлик, ўшанда унга нисбатан муҳаббатдан бошқа ҳеч нарсани ҳис қилмаганман. У ўз ҳаётини қай тарзда ўзгартира олганидан фахрланаман», — деб ёзганди Леннокс Льюис бундан бир йил аввал, 8 июнь куни. Британиялик боксчи айнан шу тарзда ўзининг 20 йил олдинги йирик ғалабасини ёдга олган.

Темир Майк билан муносабатлари ҳақида гапирар экан, Льюис камтарона тортишувларни эслаб ўтади, холос. Бироқ аслида, Льюис ва Тайсон ўртасида шунчаки «жанжал»дан кўра кўпроқ нарса бўлган. Қуйида айнан 20 йил олдинги қарама-қаршилик ва жанг атрофидаги тафсилотлар ҳақида ҳикоя қилинади.

Фото: Getty Images

Улар аввалроқ тўқнаш келиши мумкин эди

1983 йилда ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш жараёнида 18 ёшли Леннокс Льюисга спарринг-шерик сифатида 17 ёшли Майк Тайсон таклиф қилинади. Йигитчалар тўрт кун давомида шиддатли спарринг сессияларини ўтказади. Машғулотлар Тайсоннинг мураббийи Кас Даматонинг спорт залида бўлиб ўтади. Леннокс билан хайрлашар экан, буюк мураббий бу иккиси қачондир яна учрашишини таъкидлайди.

Тез орада иккаласи ҳам профессионал боксга ўтиб, оғир вазнни забт эта бошлайди. Улар 1996 йилда проф рингда ўзаро тўқнаш келиши мумкин эди. Ўшанда Майк WBC талқинига кўра жаҳон чемпиони унвонига эгалик қиларди, Льюис эса бу камар учун мажбурий даъвогар эди. Бироқ Майкнинг WBA чемпиони Брюс Селдон билан учрашиш истаги ва мажбурий ҳимоя билан боғлиқ бюрократик кечикишлар туфайли Тайсон тез орада унвонидан маҳрум бўлади. Шунга қарамай 1996 йил у учун «ҳосилдор» кечади. У барибир Брюс Селдонни мағлуб этиб, WBA камарини қўлга киритади. Ва ўша йили Эвандер Ҳолифилддан биринчи мағлубиятини ҳам қабул қилиб олади. Унвонни йўқотиш фонида Майк Льюисни қизиқтирмай қўяди, боиси у 1997 йилнинг февраль ойида WBC чемпионлик камарига эга чиқади ва бир мунча вақтга улар ўртасидаги тўқнашув унутилади.

Шов-шувли жангнинг ташкил этилиши ва матбуот анжуманидаги жанжал

Ўша даврнинг икки буюк оғир вазн тоифаси вакили ўртасидаги қарама-қаршилик мавзуси 2002 йилга келиб, яна кун тартибига чиқади. Бу вақтга келиб, ҳар иккала жангчи ўзининг энг юқори чўққисида эмасди, шунга қарамай топ-боксчилар қаторида саналарди. Льюис Ҳасим Раҳмон билан диологиядан сўнг Тайсон билан учрашувга тайёргарлик кўраётган эди. Майк эса инглиз билан тўқнашувдан олдин Анжей Голота устидан қозонилган шов-шувли ғалабаси билан мақтаниши мумкин эди (кейинчалик жанг натижаси америкаликнинг ижобий допинг-тести туфайли бекор қилинади), шунингдек, даниялик ўртамиёна Брайан Нильсенга қарши кечган жангда муваффақиятга эришади. Умуман олганда буларни ёрқин натижалар сифатида баҳолаш мушкул.

Шу ва бошқа деталларга қарамай жанг интиқлик билан кутилади, рекламанинг биринчи босқичи эса шунчаки «портлаш» билан якунланади. Жанг санаси расман тасдиқланган матбуот анжуманида боксчилар том маънода бир-бирини калтаклаб кетади. Тайсон рақибига зарба беришга ҳаракат қилади. Вазиятга қўриқчи тўсқинлик қилмоқчи бўлади, лекин Майк уни осонлик билан «тинчитади». Натижада келишмовчилик оммавий муштлашувга айланиб кетади, спортчилар ерда юмалаш даражасигача етиб боради, тадбир тўхтатилади. Темир Майк матбуот анжуманини беадаб гаплар ва ҳаракатлар қилган ҳолда жанжал билан тарк этади. Томоша кўнгилсиз якун топса-да, бу айнан томошабин кўришни истайдиган нарса эди. Боксчилар ўртасидаги нафрат шу қадар кучаядики, олдиндан жангнинг унутилмас даражада ўтишини тахмин қилиш мумкин эди.

Жанг

Тайсон ва Льюис ўртасидаги жанг Мемфисда (Теннесси, АҚШ) бўлиб ўтади. Қарама-қаршиликнинг фаворити сифатида британиялик қайд этилганди. Шу билан бирга Тайсоннинг нокаут кучини ҳеч ким унутмаганди. Ҳа, Темир Майк турмуш тарзи туфайли чидамлилигини ва кучини сезиларли даражада йўқотганди, аммо барибир жанг бошидаги кучли зарбаси уни қутқариб қолиши мумкин эди.

Фото: Getty Images

Бошланғич гонг билан унинг айнан шундай режага амал қилиши равшанлашди. Майк олдинга отилар, узун қўлли британияликнинг олдига чиқиб, уни ҳужумлар билан ҳайратда қолдирмоқчи бўлди. Тайсон ҳақиқатан ҳам бир неча бор кучли зарба беришга муваффақ бўлди, лекин Леннокс рақибини тўғридан-тўғри кутиб олиб ёки унга осилиб, Тайсоннинг ҳаракатларини чеклаб қўйди. Иккинчи раунднинг охирида Майк секинлаша бошлади. Учинчисида у яна фаолроқ бўлишга ҳаракат қилади, бироқ Леннокснинг жебъи Тайсон учун тобора енгиб бўлмайдиган тўсиққа айланиб бораверади.

Тўртинчи раунддан бошлаб, Льюис ташаббусни тўлиқ ўз қўлига олади. Тайсон олдиндан ўқиш мумкин бўлган ва жуда оддий ҳаракат қиларди. Темир Майкнинг ҳаракатлари Льюисни мувозанатдан чиқариш учун етарли бўлмайди. Британияликнинг ўзи жебълари ва классик иккиликлари билан рақибини осонлик билан доғда қолдиради. Тайсоннинг фаоллиги раунддан раундга пасайиб бораверади. Еттинчи уч дақиқаликда Леннокс собиқ мутлақ жаҳон чемпиони томон кетма-кет бир-биридан кучли зарбалар йўллайди. Майкнинг кўплаб мухлисларининг айни вақтда содир бўлаётган ҳодисадан кўзи ёшлангани шубҳасиз. Тайсоннинг азоблари саккизинчи раундда ўз ниҳоясига етади. Раунд ўртасида у рақибининг чап томондан берилган кучли зарбасидан кейин нокаутга учрайди. Раунднинг сўнгги дақиқасида Леннокс рақибининг жағига ўнг томондан даҳшатли зарба беради. Майк рингга қулайди ва ҳисоб тугагунига қадар ўрнидан туролмайди. Шу тариқа Леннокс жаҳон чемпиони унвонини ўзида сақлаб қолади, Тайсон эса бу унвонни қайтариш учун сўнгги имкониятидан маҳрум бўлади.

Бу жанг ҳанузгача бокс тарихидаги энг кассабоп жанглардан бири ҳисобланади. Трансляция сотуви 100 миллион доллардан кўпроқ даромад келтирган, боксчилар эса бир неча ўн миллионлаб даромад олган.

Жангдан кейин Тайсон рақибига ҳурмат бажо келтиради ва тирик қолгани учун Худога миннатдорчилик билдиради.

«Шукрки, Леннокс мени ўлдириб қўймади», — деганди Майк жангдан кейин.

Жангдан кейин нима бўлди?

Тайсон билан жангдан сўнг Леннокс яна бир марта рингга чиқади. Майк билан дуэл олдидан ҳам британияликнинг «кетиш кайфияти»да юргани аниқ эди. Шунинг учун спортни тарк этишни кечиктиришга ҳеч қандай сабаб йўқ эди. 2003 йилда чемпион ўз олдига катта мақсадлар қўйган Виталий Кличко билан учрашади. Жанг аввалида очколар бўйича мағлубият томон борганига қарамай якунда ғалабани қўлга киритади. Украиналик боксчи Льюиснинг зарбасидан кейин жиддий жароҳат олади. Натижада ҳакам жангни тўхтатади ва чемпионнинг ғалабасини қайд этди. Шу тариқа Льюис спортни юқори нотада тарк этишга муваффақ бўлади.

Тайсон, Ленноксга ютқазганидан кейин ҳам саргузаштларини давом эттиради. Шармандали мағлубиятдан тиклангандан сўнг ўртамиёна Клиффорд Этенни нокаутга учратишга муваффақ бўлади. Лекин бу аввалги Майкка ўхшамасди. Кейин эса Дэнни Уильямс ва Кевин Макбрайддан даҳшатли мағлубиятларни қабул қилиб олади. Буларнинг барчаси афсонавий боксчини фаолиятини якунлашга мажбур қилади. 2020 йилда Тайсон Рой Жонс билан кўргазмали жангда қатнашди. Ўшанда унинг кейинги рақиби Леннокс Льюис бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар янграганди. Кўпчилик, эҳтимол, «ўтмишга чипта» сотиб олишни, носталгия учун пул тўлашни хоҳлар. Аммо 2002 йилги жанг ва ундаги эмоциялар такрорланмаслиги ҳаммага бирдек аён.