Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ДХРда Британия фуқароларининг ўлимга ҳукм қилинишини қоралаб, суд қарорини уйдирма ва ноқонуний деб атади.

Фото: «ТАСС»

Ҳукм 9 июнь куни ДХР Олий суди томонидан қабул қилинган бўлиб, Британиядан ташқари Марокаш фуқароси ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинган.

«Донецк Халқ Республикаси Олий судининг Буюк Британия фуқаролари Шон Пиннер ва Аиден Аслинни ўлим жазосига ҳукм қилиш ҳақидаги қарори уйдирма ва ҳеч қандай қонунийликка эга эмас» — деди Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс.

Шунингдек, Трасс Британия фуқароларининг ўлимга ҳукм қилинишини кескин қоралади. «Улар ҳарбий асирлардир. Бу мутлақо қонунийликка эга бўлмаган уйдирма ҳукмдир» — дея қўшимча қилган Британия ташқи ишлар вазири.

Бироз олдинроқ ДХР Олий суди жанговар ҳаракатларда Украина томонида ёлланма жангчи сифатида қатнашганликда айблаб, британиялик Пиннер ва Аслин, шунингдек, марокашлик Саадоун Браҳимни ўлим жазосига ҳукм қилган эди.