Бритни Спирс ўз уйида орзусидаги тўйни ташкиллаштириб, учинчи маротаба турмушга чиқди. Қўшиқчининг биринчи турмуш ўртоғи тантанали маросимни бузишга уринди, деб хабар беради Marie Claire.

Фото: Marie Claire

Бритни Спирс ва Сем Асгари ва ниҳоят оила қурди. Поп қўшиқчи ва фитнес-мураббий ўртасидаги муносабатлар қарийб беш йилдан буён давом этиб келаётганди. Улар 9 июнь куни қўшиқчининг Thousand Oaks номли уйида кўплаб гувоҳлар қаршисида никоҳ узукларини алмашган. Тўйга таклиф этилган меҳмонлар орасида Бритнининг онаси Линн Спирс, отаси Жеймс Спирс ва синглиси Жейми Линн Спирс бўлмаган (фақат укаси Брайан таклиф этилган). Маросимда Мадонна, Дрю Берримор, Перис Хилтон, Селена Гомес ва қўшиқчининг келин кўйлаги муаллифи Донателла Версаче иштирок этган.

Фото: Marie Claire

Жуфтлик 2021 йилнинг сентябрь ойида, Бритни отасининг 13 йиллик васийлигидан қутулганидан сўнг унаштирилган эди. Спирс мухлисларини ўз режалари ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали хабардор қилиб борган. Шундан буён у Асгари билан Кабо, Канкун, Лас-Вегас ва Гаваида ҳордиқ чиқариб келди.

Фото: Marie Claire

Thousand Oaks ҳовлисига тўй чодири ўрнатилиб, настарин гуллари билан безатилган. Шунингдек, Золушканинг нур сочаётган каретаси оқ отлар билан пайдо бўлган. Келин-куёв тўйни Just Married ёзуви туширилган ва гуллар билан қопланган оқ Rolls-Royce’да тарк этган.

Фото: Marie Claire

Таъкидлаш керакки, бу ҳозирда 40 ёшни қаршилаган поп-қўшиқчининг учинчи марта оила қуриши ҳисобланади. 2004 йилда у болаликдаги дўсти Жейсон Александрга турмушга чиққанди. Бироқ 55 соат давом этган никоҳ бекор қилинган ва қўшиқчи «аҳмоқлик қилиб қўйганини» тан олган. Бир неча ой ўтиб, у Голливуддаги Joseph клубида танишиб қолган ўйинчи Кевин Федерлайнга турмушга чиққан. Улар 2007 йилга қадар бирга яшаб, икки нафар фарзандни тарбиялаган. Ҳозирги турмуш ўртоғи билан эса 2016 йилда Slumber Party клипини суратга олиш жараёнида танишган.

Маълумотларга кўра, Бритнининг биринчи турмуш ўртоғи тўйни бузишга уринган. Жейсон Александр маросимдан бир неча соат олдин унинг уйига бостириб кириб, ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри трансляцияни амалга оширган. Охир-оқибат Жейсонни қўриқчилар кўчага кузатиб қўйган.