Тухум оқсилнинг ажойиб манбаи бўлиб, гўштдан фарқли ўлароқ, организм томонидан тез ва осон ҳазм бўлади. Бундан ташқари, у кун давомида энергия билан таъминлайди. Шунинг туфайли кўпчилик нонушта учун сули ёрмаси ёки сендвич ўрнига омлет истеъмол қилишни афзал кўради, деб ёзади Elle.
Фото: Elle
Тухум истеъмол қилганда организмда нима содир бўлишини ва соғликка зарар бермасдан кунига қанча тухум истеъмол қилиш мумкинлигини билиб олинг.
Тухумнинг қандай фойда ва зарарлари бор?
Фойдалари:
- тухум истеъмол қилиш қон томирлари фаолиятини яхшилайди: чунки тухумда қон томирларини кенгайтирувчи аминокислота аргинин мавжуд;
- тухумда юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтирадиган фолий кислотаси мавжуд;
- тухумда холин мавжуд бўлиб, у мияга ацетилхолин синтезида ёрдам беради (хотира ва ўрганиш учун масъул);
- тухумларини мунтазам истеъмол қилиш соғлом одамларда томир тортишиши ва яллиғланишнинг олдини олади.
Зарарлари:
- қандли диабет билан оғриган беморларда холестерин даражасининг юқори бўлиш хавфи мавжуд (мутахассис билан маслаҳатлашиш зарур);
- камдан-кам ҳолларда тухумни тез-тез истеъмол қилиш аллергик реакцияга олиб келиши мумкин;
- тухум таркибида B7 витаминини зарарсизлантирадиган авидин мавжуд.
1-2 дона тухум истеъмол қилиш катта зарар қилмайди, лекин кундалик рационда унинг миқдорини кўпайтириш холестерин миқдорининг ошишига олиб келади. Натижада юрак уришининг тезлашиши кузатилади.
Тухумни қандай ҳолада истеъмол қилиш керак?
Тухум юмшоқ пиширилганда яхши ҳазм қилинади. Шунингдек, омлет тайёрлашда унинг калориясини камайтириш учун товада ёғсиз қовуриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, пиширишдан олдин тухумни ювишни унутмаслик керак, чунки тухум қўйилганда кўплаб микроорганизмлар унинг қобиғида қолади. Бундан ташқари, тухум қаерда ва қандай шароитда сақланганини ҳам билиб бўлмайди.