Канадалик қўшиқчи Жастин Бибер мухлисларига Торонтодаги концертини юзининг ярми фалаж бўлиб қолгани сабаб қолдиришга мажбур бўлганини тушунтирди. У Рамсей-Хант синдромидан азият чекишини маълум қилган, деб хабар беради «Правиламаг».

Кадр: Instagram

«Айнан шу вирус қулоғим ва юзимдаги нервларимга шикаст етказиб, юзимни фалажлади», — дейди Бибер. Қўшиқчи ўнг кўзини пирпирата, тўлиқ кула ва яхши овқатлана олмаяпти. «Танам секинроқ ҳаракатланишимни маслаҳат беряпти. Умид қиламанки, тушунасизлар», — дейди у концертнинг кўчирилганига изоҳ бериб.

Артист тўлиқ тузалиб кетиб, концерт дастурларини қайта тиклашига ишонч билдирган, бироқ даволанишга қанча вақт кетиши номаълум. «Юзимга нормал ҳолатни қайтариш учун машқлар қиляпман», — дейди у.

Бибер Рамсей-Хант синдромининг ривожланиб кетишига нима сабаб бўлганини айтмаган. Daily Mail версиясига кўра, бу сувчечак асоратлари бўлиши мумкин. Шунингдек, бунга қўшиқчининг иммунитети пасайиб кетганиям сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда — Бибер Лайм касаллигидан даволаниши сир эмас.