Сўнгги ойларнинг энг актуал мавзуларидан бири — Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларнинг бориши. ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партияларининг бошланғич ҳаракатлари, Конституциявий комиссия тузилиши, ўтказилаётган йиғилишлардаги муҳокамалар нафақат оммавий ахборот воситалари, балки жамоатчиликнинг ҳам эътиборини ўзига тортди.

Фуқаролар ўзларига қулай бўлган платформалар орқали мамлакат конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар билдирмоқда. «Дарё» эътиборга молик таклифларни бир жойга тўплади.

«Прокуратура ва суд ҳуқуқ фаолияти»га оид таклифлардан бири фуқаро Дониёр Тожиқулов томонидан юборилган. Унга кўра, амалдаги конституциянинг 120-моддаси, 3-қисмига ўзгартириш киритиш зарур, яъни прокуратура ходимлари маълум йилга халқ томонидан сайланиши таклиф қилинмоқда.

Таклифлардан яна бири — Ўзбекистон президентига давлат бюджети ҳисобидан ҳудудларга, жисмоний ва юридик шахсларга ҳар қандай кўринишда субсидиялар, имтиёзлар, компенсацияларни беришни қатъиян конституциявий норма билан тақиқлаш лозим. Ушбу таклиф Насимбек Пайғамов томонидан берилган.

Берилган таклифдан бири ҳам чеклашга оид. Отабек Остоновнинг таклифига кўра, барча поғонадаги раҳбарларнинг ўзи раҳбарлик қилаётган даврда ҳамда кетганидан сўнг камида 5 йил мобайнида фарзандлари ва қариндошлари ўша тизимда фаолият кўрсатишини чеклаш зарур.

Шунингдек, раҳбар ўзининг ва қариндошларининг номида бўлган мол-мулк ҳақида декларация тўлдириши керак.

Амалдаги конституциянинг 41-моддасига ҳам ўзгартириш киритиш таклиф қилинган. Ундаги «бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади» жумласидаги «бепул» сўзини «пуллик» билан алмаштириш керак. Таклиф берувчи Нураддин Рахмановга кўра, «шунда давлат ва хусусий таълим ўртасида рақобат муҳити пайдо бўлади».

Фаррух Тошмуродов эса UzAuto’ни ислоҳ қилишга оид таклифларни берган. Автомобиль ишлаб чиқариш соҳасида соғлом рақобатни шакллантириш зарурлиги айтилган таклиф Ўзбекистоннинг бош қомусида белгиланиши зарурлиги эътиборга молик.

Фуқаро, шунингдек, солиқлар ва божхона тўловлари бўйича ҳам таклифлар берган.

«Фуқаро» атамасини ўзгартириш зарур. Бу — конституцияни ислоҳ қилишга оид таклифлардан бири. Бахтиёр Қурбонов ушбу атамани «ватандор»га алмаштиришни таклиф қиляпти.

Унинг ёзишича, «фуқаро» арабча сўз бўлиб, ўзбек тилида «камбағаллар» деган маънони, «Ўзбекистон фуқароси» сўзи эса «Ўзбекистон камбағаллари» деган маънони билдирар экан.

Сиёсий партиялар ташкил қилишни осонлаштириш юзасидан ҳам таклифлар бор. Боходир Атамуродовнинг билдиришича, ўзи сиёсий партияларнинг фаолиятидан қониқмаслиги сабаб шундай таклифни берган.

Таклифлардан яна бири — қўшхотинликка рухсат бериш. Шерзод Хатамов ажримлар кўпайиб кетаётгани, бунинг ягона ечими эса қўшхотинликка рухсат бериш эканини айтган.

«Агар қўшхотинликка рухсат берилса, боши очиқ аёллар жуда камайиб кетади», — дейилади берилган таклифда.

Пиёдалар хавфсизлигига доир таклифлардан бири — шаҳар марказларидаги пиёдалар ўтиш йўлакларини юқоридан, кўприк шаклида қилиш керак.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича таклифлар бисёр. Улардан эътиборга молиги, жумладан, шундай: «Пора берганнинг ҳам, олганнинг ҳам таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари (ўрта махсус, олий) бекор қилинсин».

«Ўзбекистон Республикаси ҳар қандай ҳарбий блокларга аъзо бўлиши мумкин эмас». Бу Конституцияда аниқ белгилаб қўйилиши айтилган таклифлардан бири.

Хуршид Кулмаматов паспорт олиш учун расмга тушишда аёлларга ҳижобда бўлишга рухсат беришни таклиф қилмоқда.

Улмас Ботиров миллат ва мамлакат номини ўзгартиришни таклиф қиляпти. Унга кўра, Ўзбекистон номини Туркистонга, ўзбек номини туркка ўзгартириш зарур.

«Конституцияда аниқ-тиниқ белгилаш керак», — дейилади таклифда.

Фарзанд (бола) пули олиш бўйича ҳам таклиф бор. Унда айтилишича, ҳар бир туғилган фарзанд учун 3 ёшгача бола пули отасининг ойлик маошидан қатъи назар белгиланиши керак.

«Ҳозирги глобаллашув замонида фуқароларнинг бир давлатдан иккинчи давлатга кўчиб яшаши йилдан йилга ошиб боряпти». Шу сабаблар Оғабек Юсуповни қўшфуқароликни конституцияда белгилашни таклиф қилишга ундаган. Унинг айтишича, ҳозирги кунда 64 та давлатда қўшфуқаролик татбиқ этилган.

Рус тилли мактабларига миллати ўзбек фуқароларни қабул қилиш тўхтатилиши, давлат идораларида бошқа тилда гапирган ходимларга жарималар қўлланиши — буларнинг бари конституцияни ўзгартиришга оид берилган таклифдан.

Таклиф эгаси Жавоҳир Норқуловга кўра, шу орқали ўзбек тилининг мақоми кучаяди.

ЙПХ жарималари бўйича берилган таклифда жарималарни ойлик маошдан келиб чиқиб белгилаш зарурлиги айтилган. Ўзбекистоннинг бош қомусида шу каби масалаларнинг ўрин олишини ўйлаш ҳам ажабланарли, аслида.

Мактабларда ўқувчиларни ўқитувчилар 2, 3, 4, 5 каби тизимда баҳолашади. Ҳокимларни ҳам шундай баҳолаш мумкинми? Баҳрам Жаббарбергенов эса айнан шундай портал бўлишини ва ҳокимларни баҳолаб бориш кераклигини таклиф қиляпти.

Вазирлик ва агентликларни қисқартириш зарур — бу ҳам конституцияни ўзгартириш бўйича таклиф. Унда айтилишича, Инновацион ривожланиш вазирлиги тугатилиб, пуллар инновацион технологияларга ажратилиши керак ёки Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тугатилиб, камбағалларга иш ўрни яратилиши зарур.

Президент, сенатор, депутатлар нега 5 йилга сайланади-ю, нега мактаб директори умрбод сайланиши керак? Унга ҳам муддат белгиланиши керак, дейиляпти таклифлардан бирида.

Айтиш керакки, ҳозирги кунда мактаб директори сайланмайди, тайинланади. Тайинланганда ҳам муддат йўқ, каттароқ хатога йўл қўйса, ишдан олиниши ёки бирор сабаб билан ўзи ишдан кетиши мумкин.

Давлат тест маркази фаолиятини тугатиш керак — бу Алишер Ситановнинг таклифи. Унинг айтишича, абитуриентлар тест топшириб эмас, очиқ суҳбатлардан ўтиб, олий таълим муассасаларига кириши керак.