АҚШ ҳукумати Украинада Россияга қарши жанг қилган Америка фуқаролари Александр Дрюк ва Энди Хьюйн ғойиб бўлганини тасдиқлади ва яна бир АҚШ фуқароси йўқолганини маълум қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: «Currenttime.tv»

Украинада яна бир америкалик ғойиб бўлганини Давлат департаменти вакили Нед Прайс маълум қилди. Унинг исм-шарифи ошкор этилгани йўқ.

Прайснинг сўзларига кўра, АҚШ йўқолган фуқаролар юзасидан ҳозирча Россия билан боғлангани йўқ, чунки Америка ҳукуматида Дрюк ва Хьюйнни Россия асирга олгани ҳақида ишончли асослар йўқ.

Аввалроқ уларнинг асирга тушгани эҳтимоли ҳақида The Daily Telegraph газетаси маълум қилганди. Нашр манбаларига кўра, улар июнь бошида Харьковдан шимоли-шарқдаги жанглар чоғида устун рақиб кучлари билан тўқнашган гуруҳ таркибида бўлган.

9 июнь куни «Донецк халқ республикаси» Олий суди Украина томонида туриб жанг қилган британияликлар Шон Пиннер ва Эйден Эслинни ҳамда марокашлик Брагим Саадунни ўлим жазосига ҳукм қилганди.

Улар устидан суд жараёни 7 июнь куни бошланган, улар ДХР Жиноят кодексининг 34-моддаси («Бир гуруҳ шахслар томонидан жиноят содир этиш»), 323-моддаси («Ҳокимиятни мажбуран тортиб олиш ёки ҳокимиятни мажбуран ушлаб туриш») ва 430-моддаси («Ёлланиш»)  билан айбланмоқда. Маҳбуслар ўз айбларига қисман иқрор бўлган.

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен уларга ўлим жазоси тайинланганидан хавотир билдирди. Британия расмийлари ҳам ушбу ҳукмни қоралади. Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ДХР судининг қарорини тўқима ва ҳеч қандай қонунга асосланмаган деб атади.