«Матбуот эркинлиги ва Британия демократияси учун қора кун» - WikiLeaks Буюк Британия ҳукуматининг сайт асосчиси Жулиан Ассанжни АҚШга экстрадиция қилишга рухсат бериш ҳақидаги қарорига шундай муносабат билдирди. У АҚШда Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий юришлар ҳақидаги жосуслик ва махфий ҳужжатларни нашр қилишда айбланган.

Фото: Euronews

Апрель ойида журналистни экстрадиция қилиш ҳақидаги қарор Лондон суди томонидан чиқарилган, бироқ якуний қарор Ички ишлар вазирлигига тегишли эди. Ички ишлар департаменти судларга таянган баёнотида экстрадиция Ассанж ҳуқуқларини бузмаслиги ва адолатсиз чора сифатида баҳоланиши мумкин эмаслигини маълум қилади.

Журналист ҳимоячилари апелляция бериш ниятида, бунинг учун 14 кун вақт ажратилган.

Халқаро амнистия ташкилоти Жулиан Ассанжга қўйилган айбловларни олиб ташлашни талаб қилмоқда. Ўтган йили адвокатлар экстрадиция ҳақидаги қарорни бекор қилишга муваффақ бўлган эди.