Ижтимоий тармоқларда машиналар «тонировка»си 1 июлдан бепул бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. ИИВ ЙҲХББнинг «Дарё»га маълум қилишича, уларда бундай маълумот йўқ ва яқин орада батафсил жавоб беришади.

Маълумот учун, ҳукумат қарори билан 2018 йил 1 августдан бошлаб, жисмоний ва юридик шахсларга туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилганди. 

Маълумот учун, орқа ён ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш учун тўлов ставкалари жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари — 1 млн 500 минг сўмни ташкил қилади.

Юридик шахсларга орқа ён ойнани қорайтириш учун тўлов миқдори — БҲМнинг 10 баравари — 3 млн сўм.

Шунингдек, орқа ва олд ён ойналар бўйича тусини ўзгартиришнинг тўлови миқдори БҲМнинг 50 баравари — 15 млн сўмни ташкил этади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига кўра, автомашинани рухсатсиз «тонировка» қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари — 7,5 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари — 12 млн миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Депутат Расул Кушербаевнинг ёзишича, орқа ойнасига #Tonirovka_jinoyat_emas деган хештег ёпиштирган ҳайдовчиларни Бухоро вилояти ИИБЙҲХБдан телефон қилиб чақиришмоқда.

Аввалроқ «Маҳалла» телеканалининг «Минбар» кўрсатувида Орифжон Назаров исмли автомактаб ўқитувчиси «тонировка»нинг болалар руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.

Адвокат ва автоблогер Камолиддин Баҳавадинов эса Ўзбекистонда «тонировка» учун белгиланган нархлар жуда баландлигини танқид қилган эди.

Шунингдек, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам «тонировка»сини бепул қилиш таклифи билан чиққанди. Унинг айтишича, кунлар тобора исиб бораётгани сабаб машиналар ойнасини қорайтиришни бепул қилиб қўйиш керак.