Ижтимоий тармоқларда дастлаб Избоскан туман ҳокими ёрдамчиси иш вақтида оёғини узатиб, фуқаро билан беписанд муносабатда бўлаётгани акс этган видео тарқалди. Шундан сўнг ҳоким ёрдамчиси эса блогер видеони тарқатмаслик учун ундан 300 доллар пул сўрагани акс этган аудио тарқалди. «Дарё» мухбири воқеага аниқлик киритиш мақсадида журналистик суриштирув ўтказди.

Ҳожимурод Умрзоқов.

Фото: Telegram

Избоскан тумани ҳокими ёрдамчиси Ҳожимурод Умрзоқовнинг айтишича, у 2021 йилнинг ноябрь ойидан буён ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаб келган. Шу вақт давомида блогер ундан бир неча маротаба пул сўраб мурожаат қилган. У эса ёрдам бериб келган. Сўнгги пайтларда эса блогерга молиявий кўмак беролмай қолган. 2022 йилнинг 6 июнь куни ҳам халқаро блогерлар кунига бирор нарса қилиб беришини сўраганида, ҳеч нарса қилиб беролмаслигини билдирган.

«У йигит менга яқин қўшни маҳаллада туради. Ёшлигидан танийман, гаплашиб турардим. Тумандаги тадбирларда кўп кўраман. Укам сифатида ҳурматини ҳам, иззатини ҳам жойига қўяман. Вақти келса, форум ёки бирор жойга борадиган бўлса, маблағ томондан ёрдам сўраб ҳам келган. Ўшандан ака-укачилик юзасидан бир-икки сўм пул берардим. У эса буни нотўғри тушунган, шекилли, мени қўрққанидан пул беради деб ўйлаганми, билмадим. Бунга исботларим ҳам бор.

Хуллас, ўша куни ободонлаштириш ходимлари билан бирга кун бўйи кўчада тик оёқда юргандим. 17:25 лар атрофида хонага кирсам, Муҳаммадюсуф ўтирган экан. Ўзим билан салқин ичимлик ва қурт олиб киргандим. Уёқ-буёқдан гаплашган бўлдик. Кейин у менга ‘айримларнинг ишлари’ ҳақида гапириб кетди. Менинг жаҳлим чиқиб, ‘ука, тўғри сен блогерсан, лекин ота-онанг бор, эртага уйланишинг бор, ҳали кичкинасан, бу қилаётган ишларинг яхши эмас’, деб қаттиқ гапирдим. Бунақа гапларни бу ерда гапирмаслигини, йўқса бу ердан чиқиб кетишини айтдим. Олдин ҳам бу ҳолат кўп бўлганди. Шу пайт мендан қурт сўради. Сенга қурт йўқ, деб ҳазиллашдим. Ёнимда ёрдамчим ҳам бор эди. Бу гаплардан унинг ҳам хабари бор.

Лекин ўшанда Муҳаммадюсуф ҳам съёмка қилаётган экан. Ҳақиқатан ҳам мен оёғимни кўтариб ўтиргандим. Съёмка қилаётганини билиб ҳам, туширмадим. У мендан блогерлар кунига тадбир қилиб беришимни сўради, мен қилиб беролмаслигимни, бунга имкониятим йўқлигини айтдим. Бундан аввал Рамазон ойида ҳам 10 нафар блогерга ифторлик қилиб беришимни сўраганда рад жавобини бергандим. Ҳақиқатан ҳам имконим йўқ эди. Бу сафар ҳам йўқ деганим учун мендан пул ундирмоқчи бўлганми, нимани хоҳлаган, билмадим. Нима бўлса ҳам, мен билан бир маҳаллада юрган йигитдан бундай ишни кутмагандим. Шу суҳбатдан сўнг атрофни, сочилиб ётган қоғозларни ва мени тасвирга ола бошлади. Эътибор бермадим, чунки ердаги қоғозларни ҳам ўзи, менинг столимга айланиб ўтиб, ўзи учун ичимлик қуйиб олаётган пайтда тушириб юборган. Ўша куни ишдан олдириш билан қўрқитган эди. Мана, ишдан ҳам олиндим. Шахсан ўзим ҳеч нарса йўқотганим йўқ. Иш топилади, аммо эртага кўз-кўзга тушиши бор», — дейди ишдан бўшатилган ҳоким ёрдамчиси Ҳожимурод Умрзоқов.

Муҳаммадюсуф Йўлдошев.

Фото: Telegram

Блогер Муҳаммадюсуф Йўлдошев эса ўша куни ҳақиқатан ҳам «Менга 300 доллар бер. Сенинг видеойингни чиқармайман», деган фикрни билдирганини тан олиб, бу гапларни киноя-ҳазиломуз тарзида гапирганини айтмоқда.

«Ўша кунги ҳолат қуйидагича бўлган. Отабек деган дўстим бор. Ҳокимиятда ишлайди. Ҳожимурод ‘помошникънинг ёрдамчиси бўлиб юради. Ўша ошнамнинг олдига чиққанман. Гаплашиб ўтирган вақтимизда Ҳожимурод кириб келган. Кириб келиши билан дўқ-пўписалар қилиб, сўкиниб, айнишни бошлаган. Бу бўйича менда ҳозирча аниқ исбот йўқ. Лекин шундай қилган. Бундан жаҳлим чиққан. Кейин орада ҳазил-ҳузуллар бўлган. Шу ҳазил вақтида ҳужжатлар пастга тушиб кетган. Бунда юз фоиз менинг ҳам, унинг ҳам айби йўқ деб биламан. Чунки бу ерда ҳужжатлар айнан уюштирилган нарса эмас.

Шу жараёндан кейин мен ўтириш ҳолатларини тасвирга олганман. Сабаби унинг олдимда бундай ўтириши ёқмаган. Ёқмаганидан кейин уни ижтимоий тармоқларга чиқариб юборганман. Бир неча кунлар ўтгандан кейин, куни кеча ҳолатдан сўнг ўша вақтда видеойим тугагандан кейин у ҳам ёзиб олишни бошлаган овозлар тарқалди. Ёзишни бошлаган вақтида овоз эшитилган. Шунда ҳам атайин гапиришни бошлаганман. ‘Менга 300 доллар бер. Сенинг видеойингни чиқармайман’, деган гапни гапирдим. Ана шу гап-сўзлардан кейин ҳам у билан анчагина суҳбат давом этган. Адашмасам ундан кейин ҳам давоми бўлган. Кейин қайтиб келган бўлишим керак. Бу видеодан кейинги овозларни ёзмаган. Хуллас, ҳолат шунақа бўлган. У ердаги гапларни киноя-ҳазиломуз тарзида гапирганман. Мени биладиган, яхши танийдиганлар бўлса бунақа ҳазил қилишимни ва бунақа оҳангда гапиришимни жуда яхши билишади», — дейди блогер Муҳаммадюсуф Йўлдошев.

Избоскан тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу ҳолатга муносабат билдирган. Муносабатда ҳоким ёрдамчиси лавозимидан озод этилган, қолган ходимлар эса тартибга чақирилгани маълум қилинган.

«Мазкур видео жорий йилнинг 6 июнь куни Йўлдошев Муҳаммадюсуф томонидан тасвирга олинган. Видеолавҳада ҳоким ёрдамчиси Умрзоқов Ҳожимурод ҳокимият ички тартиб-қоидаларига зид тарзда этика ва эстетика қоидаларига амал қилмай, ҳужжатларнинг сочилган ҳолатларига ҳам қарамай ўтирган жараёни кўрсатилган. Мана шу ҳолат эса тасвирга ёзиб олинган. Шу ўринда оддий ҳақиқатни ҳам айтиш лозимки, ерда сочилган турли ҳужжатлар тасвирга олувчи томонидан туширилган (тасвирчининг бу ҳолатни ўз бўйнига олган аудио ёзувлари мавжуд).

Видеотасвир эса 15 июнь куни ижтимоий тармоқларда айланишни бошлаган. Мазкур ҳолат бўйича туман ҳокими Серобиддин Исмоилов ҳокимият тизимида фаолият кўрсатаётган барча ходимлар: ўринбосарлар, бўлим бошлиқлари, шўъба мудирлари, мутахассислар ҳамда техник ходимлар учун йиғилиш ўтказди. Мазкур йиғилишнинг мақсади эса куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат юзасидан бўлди. Туман ҳокими мазкур ҳолат барчага дарс бўлишини, туман ҳокимияти биноси ҳудудида тартиб-қоида ҳамда этика ва эстетика қоидаларига қатъий амал қилиш, кучли интизомни шакллантириш, туман ҳокимияти биносига келувчи барча фуқаролар билан соғлом муомала маданиятини кучайтириш кераклиги бўйича кўрсатма топшириқларини берди.

Йиғилиш якунида, бундай ҳолатни такрорламаслиги учун барчани қатъий огоҳлантирди ва якуний қарор эълон қилинди. Унга кўра ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган Ҳожимурод Умрзоқов 16 июнь кунидан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», — дейилади ҳокимлик муносабатида.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.