Теҳрон Эрон атоми бўйича Биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режаси (БКҚҲР)ни қайта тиклаш ҳали ҳам мумкин, деб ҳисоблайди ва АҚШни янги санкциялар қўллашдан огоҳлантиради, дея хабар қилди душанба куни Эроннинг Tasnim ахборот агентлиги мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига таяниб.

Фото: Global Look Press

«Американинг барча қонунбузарликлари ва Трамп ёндашувининг давом этаётганига қарамай, бу поезд ҳалигача жўнаб кетгани йўқ», — деган Эрон ТИВ матбуот котиби Саид Хатибзода.

Унинг таъкидлашича, Эроннинг БКҚҲР қайтишининг шарти АҚШ томонидан қўйилган барча санкцияларни бекор қилиш ва муаммоларни санкциялар босими билан эмас, балки музокаралар йўли билан ҳал қилишни қайта танлашдир.

Хатибзода, шунингдек, агар АҚШ Эронга қарши қўшимча чеклов чораларини қўлласа, бу БКҚҲР атрофидаги вазиятни янада ёмонлаштириши ҳақида огоҳлантирди.

2015 йилда Эрон ва «олтилик» давлатлари – БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия – Биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режасини (БКҚҲР) тузди, унга кўра Теҳрон ўзининг ядровий дастурини фақат тинч мақсадларда ривожлантиришни чеклаши керак. Махсус шартлар, жумладан, уранни бойитиш даражаси, санкцияларни босқичма-босқич олиб ташлаш эвазига МАГАТЕ инспекторларини Эрон ядровий объектларига киритиш бўйича келишиб олинган. АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 2018 йилда АҚШни БКҚҲРдан бир томонлама чиқарди ва Эронга қарши санкцияларни қайта жорий қилди, бу эса Теҳронни келишувнинг айрим шартларидан воз кечишга мажбур этди.

Кейинчалик, 2021 йилнинг апрелидан декабригача Эрон ва бир қатор жаҳон кучлари Венада БКҚҲРни тиклаш бўйича бир неча босқичли музокаралар ўтказди. АҚШ уларда бевосита иштирок этмади.

Сўнгги ҳафталарда АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари расмийлари Эроннинг БКҚҲРга қайтиш бўйича келишувга эришиш учун вақти кам қолаётгани ҳақида тез-тез огоҳлантирмоқда.