Колумбияда президент сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди, унда «Колумбия қодир» тарихий пакти» сўллар коалициясидан номзод Густаво Петро ғолиб бўлди, деб ёзади «РБК».

Фото: Global Look Press

Бюллетенларнинг 99,86 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин Петро 50,47 фоиз, унинг либерал рақиби («Аксилкоррупциячи ҳукмдорлар лигаси» партиясидан) Родольфо Эрнандес — 47,27 фоиз овоз олгани маълум бўлди. Петрога Франсия Маркес вице-президент бўлди, у инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳаракати вакиласидир.

Овоз беришда сайловчиларнинг қарийб 58 фоизи қатнашди.

Эрнандес сайловдаги мағлубиятини тан олиб улгурди. «Бугун овоз берган фуқароларнинг аксарияти бошқа номзодни сайлади. Олдин ҳам кўп марта айтганман, мен натижани қабул қиламан, агар институтларимиз пишиқ бўлишини истасак, шундай қилишимиз керак», — деди у. Номзод ўз тарафдорларига миннатдорлик билдирди ва Петрога «унга ишонч билдирганларнинг ҳафсаласини пир қилмаслик»ни тилади.

Президент сайловларининг биринчи босқичи 29 май куни бўлиб ўтганди. Петро 40 фоиз, Эрнандес — 28 фоиз, «Колумбия учун жамоа» ўнглар коалицияси етакчиси Федерико Гутеррес — 23 фоиз овоз тўплаганди.

Амалдаги президент Иван Дуке Петрони ғалаба билан табриклади.

Густаво Петро 62 ёшда. Талабалик даврида у сўл радикал партизанларнинг «19 апрель ҳаракати» аъзоси бўлган, унинг кўмагида 1991 йилда Колумбия Вакиллар палатаси (мамлакат парламенти — Конгресснинг қуйи палатаси) депутатига айланган. 1994—1998 йилларда Колумбиянинг Бельгиядаги элчихонасида ишлаган, сўнг яна Вакиллар палатаси депутати бўлган. 2006 йилдан 2010 йилгача Сенат (парламент юқори палатаси) депутати бўлган.

2010 йилда биринчи марта президентликка номзодини қўйган, бироқ етарлича қўллаб-қувватланмаган (овозларнинг 9 фоизини олган). Бир йилдан кейин у мамлакат пойтахти — Богота мэрига айланган. Айни пайтда Колумбия сўл сиёсий кучлари етакчиси сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлай бошлаган. 2018 йилда яна президент сайловларида қатнашди, иккинчи босқичга чиқди, бироқ 54 фоиз овоз олган консерватор Дукега ютқазди.

Петро амалга оширишни режалаштираётган сиёсий қарорлар орасида Колумбияда нефть қазиб чиқаришдан бош тортиш; соф энергия билан ишлайдиган қишлоқ хўжалик бизнесига юкламани камайтириш мақсадида солиқ ислоҳоти ўтказиш; хусусий пенсия фондларидаги пулларнинг давлат томонидан ишлатилиши ва бошқалар бор.