Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида қутурган ва қаровсиз итлар ёш болакайга ҳужум қилиб, уни ғажиб ташлади деган хабар тарқалди. «Дарё» ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон ССВ билан боғланди.

Фото: «Дарё» / Шуҳрат Саидаҳмадов

Маълум бўлишича, Нукусда қаровсиз итлар ёш болакайга ҳужум қилган. Аммо ижтимоий тармоқда тарқалган видеода акс этган ҳолат Қорақалпоғистонда эмас, бошқа ҳудудда юз берган.

Журналист Шуҳрат Саидаҳмадов ҳолатга ойдинлик киритиш учун ёш болакайнинг отаси ва шифокорлар билан суҳбатлашди.

Фото: «Дарё» / Шуҳрат Саидаҳмадов

Ит тишлаган болакайнинг отаси Парахат Дўспановнинг айтишича, воқеа 2022 йилнинг 1 июнь куни Нукус шаҳрининг 22-кичик туманида юз берган.

Парахат Дўспановнинг айтишича, стайпер зотли қаровсиз ит кўп қаватли уйнинг подъезди олдида унинг ўғлига ҳужум қилган. Болакай шу заҳоти Республика ихцослаштирилган тез тиббий ёрдам марказига олиб борилган. Отанинг қўшимча қилишича, ижтимоий тармоқда акс этган ҳолат унинг боласи билан юз бермаган.

Фото: «Дарё» / Шуҳрат Саидаҳмадов

Боланинг аҳволи ҳақида Республика ихтисослаштирилган тез тиббий ёрдам маркази шифокори Садиқ Алланиязов ҳам маълумот берди. Унинг айтишича, бола 1 июнь куни тез тиббий ёрдам марказига жуда оғир аҳволда олиб келинган. Болакайнинг юз ва бош қисми ит томонидан ғажиб ташланган. Бунинг оқибатида кўп қон йўқотилган. Болакай операция столига ётқизилиб, қон кетиши тўхтатилган. 7 июнь куни боланинг ҳолати яхшиланган. Қутуришга қарши барча дори воситалари берилган. 13 июнь куни эса уйига рухсат берилган.

Фото: «Дарё» / Шуҳрат Саидаҳмадов

Ит тишлаган болакайнинг отаси Парахат Дўспанов қўшимча қилишича, у фарзандининг юз, кўз ва бош қисмини ўз ҳолатига келтириш учун Тошкентда пластик операция қилдиришни ният қилган.