Андижонда вояга етмаган икки бола қасддан ўлдирилиб, ўзи яшаётган хонадонга кўмилгани хабар берилганди. Бош прокуратура болаларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят фош этилганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, жиноятни фош қилишга қаратилган тезкор тергов тадбирлар натижасида мазкур жиноят Избоскан туманида яшовчи 27 ёшли аёл томонидан содир этилгани аниқланган.

Андижон шаҳридаги 24-умумий ўрта таълим мактабида қариндошлар ўртасида келишмовчилик оқибатида келиб чиққан ушбу қотиллик жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинган.

Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

Унда вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Фаррух Ғиёсов, вилоят прокурори ўринбосари Дониёр Масалиев, Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов иштирокида ўтказилган муҳокамада ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Фаррух Ғиёсовнинг маълум қилишича, мудҳиш воқеанинг юз беришига қариндошлар ўртасида 3-4 ой олдин содир бўлган воқеа сабаб бўлган. Гумонланувчининг турмуш ўртоғи у билан ажрашган. Шундан сўнг гумонланувчи турмуш ўртоғи билан ажрашганлиги сабабини болаларнинг онасидан кўриб, қасд олиш мақсадида уларни ўлдириш режасини тузган.

«2022 йил 16 июнь куни Андижон шаҳар ‘Ўзбекистон’ МФЙ Зафар кўчасида яшовчи 1987 йилда туғилган С.Д. масъул ташкилотларга мурожаат қилиб, икки нафар вояга етмаган фарзанди —  2011 йилда туғилган ўғли Ў.С. ҳамда 2014 йилда туғилган қизи Ў.Р.ларнинг кўчага чиқиб бедарак йўқолиб қолганини маълум қилган. Ҳамда уларни топишда амалий ёрдам сўраган. Бу бўйича тезкор суриштирув ишлари олиб борилган. Суриштирув мобайнида ўша куни уларнинг хонадонига избосканлик қариндоши Д.Ё. келганлиги маълум бўлган», — дейилади қотиллик муҳокамасида.

Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

Бу пайтда Д.С. бозорда бўлган. Д.Ё.дан болалар ҳақида сўралганида болалар чўмилишга кетганини ва қайтиб келмаганлигини айтган. Тезкор суриштирув натижасида аёл берган маълумотлар ёлғон эканлиги аниқланган. Орадан икки кун ўтгач, аёлнинг ўзи икки нафар вояга етмаган болаларни ўлдириб, жасадларни қопга солиб уйнинг ертўласига олиб тушиб қўйгани маълум бўлган.

Аниқланишича, жабрланувчи С.Д. ва гумонланувчи Д.Ё. ўзаро қариндошлар бўлган.

«С.Д. Андижон шаҳридаги ‘Янги бозор’ ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш билан шуғулланади. Одатда аёл эрталаб ишга чиқиб кетади, фарзандлари эса уйда қаровсиз қолади. Бир куни у билан яшовчи қариндоши Д.Ё. турмуш ўртоғининг Тошкент шаҳрида ишлаб юришидан фойдаланиб, С.Д. билан бирга яшовчи уйига бегона эркакни олиб келган. Бундан хабар топган С.Д. холаваччасининг акаларига хабар берган. Буни эшитган акалар воқеа жойига келгач, Д.Ё. уйдаги эри эканини, Тошкентдан келганини айтган. Акалари Д.Ё.нинг турмуш ўртоғига қўнғироқ қилгач, бор ҳолат ойдинлашган. Шу сабаб ҳам Д.Ё. турмуш ўртоғидан ажрашган ва бунда С.Д.ни айбдор деб билган. Ва унинг болаларини ўлдириш тўғрисида режа тузган. Режа сабаб бугун шу қотиллик рўй берган», — дейилади муҳокама йиғилишида.

Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

Аниқланишича, қотиллик рўй берган куни жабрланувчининг ўғли Сайфиддин чўмилишга чиқиб кетади. Синглиси Робияхон эса уйда қолади. Д.Ё. қизни ҳаммомга олиб кириб, бўғиб ўлдирган ва қопга солиб уйнинг ертўласига олиб кириб қўйган. Сайфиддин уйга келгач эса унинг ухлаб қолишини пойлаган. Бола тахминан соат 15:00-16:00 оралиғида ухлаб қолган. Бола ухлагач, Д.Ё. ўткир тиғли жисм билан унинг кўкрак қисмига ва танасининг бошқа қисмларига жароҳат етказган. Шу пайт бола уйғонган ва қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилган. Аммо аёл Сайфиддинни бўғиб ўлдирган ва уни ҳам чойшабга ўраб ертўлага олиб тушиб қўйган. Кечга яқин она уйга келиб, болаларининг йўқолганини билган ва ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Ходимлар воқеани жойига чиқиб ўрганган. Икки кундан сўнг жасадлар топилган», — дейди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фаррух Ғиёсов.

Қўшниларнинг айтишича, болалар уч кун излангач, уларнинг жасади 19 июнь куни уй ертўласидан топилган.

«16 июнь куни уларни ‘Оқ гўр’ масжидигача бориб изладим. 17-куни ишга кетиб, қайтганимда ҳам топилмаган экан. Кечқурун темир йўл вокзали, аэропорт томонларгача бордим. 18-куни ҳам топилмади. 19-куни эрталаб уйига кириб, улардан ‘Опа нима бўлди, топилдими?’, деб сўраганимда ‘Йўқ, топилмади, излаяпмиз’, деган жавобни берди. Шунда опа бу ерда иккита нарса бўлиши мумкин, биринчиси пул муаммоси борлиги учун олиб, яшириб қўйган ёки иккинчи муаммо ‘Балки, Ёрқиной жиннидир? Агар жинни бўлса, бу вақтгача қайтариб бериши керак эди’, дедим. Шу пайтда болаларнинг онаси ва бир отинча холаси кириб келаётганди. Кейин уйда аёл киши кўпайгани учун ўзимни билиб, уйимга чиқиб кетдим. Уйга кириб, пичоқни олиб, турмуш ўртоғимга ‘Юр онаси қўшниларникига чиқиб, сен уларга далда бўласан мен тарвузини сўйиб бераман’, деб яна қайтиб чиқдик. Эшикдан кирганимни биламан аммаси чақириб, ‘Ука келинг, мана бу ерни тўғрилаб беринг, тушиб кетиб қолди’, деди.

Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

Қарасам, гилам очилган, пол турибди. Полни олишим билан уй тутаб кетди. Бир иккита пашшалар ҳам чиқди. Шунда ‘Опа подвалда пашша юрмайди. Иссиқ жойда пашша бўлади. Подвал совуқ, бу ерда бўлмайди’, дедим. Улар қарайверишимни сўради. Шунда полнинг бўлаклари, тахтачаларни чиқарсам, ҳид чиқиши кучайди. Пастга энгашиб қараганимда, велосипед ва уч-тўрт қоп банка турган экан. Шунда болаларнинг онаси ‘вой болам’, деб йиғлаворди. ‘Йиғламанғ, деб ташқарига чиқариб юбордик. Хонада тўртта аёл ва мен қолгандик. Полга ётиб, банкаларни олиб бердим. Қолган қопларни ҳам олиш учун яна қўлимни чўзганимда боланинг қўлини кўрдим. Ранги тўқ кўк рангда бўлиб кетган экан. Шунда хонадан қандай қилиб, отилиб чиқиб кетдик, билмайман. Ўзимга келиб, кейин маҳалладаги акани ва бир тоғани чақирдим. Улар фонарни ёқиб турганди. Матрасни ушлаганимда боланинг қўли қимирлаётганди. Матрасни йиртганимда боланинг ҳолатини кўрдим. Шу билан воқеа жойидан чиқиб кетдик. Бўлган воқеа шу», — дейди қотиллик юз берган хонадон қўшниси.

Муҳокамада иштирок этган фуқаролар қотилликда гумонланаётган аёл ҳомиладор эканини, аммо бу ваҳшийлиги учун дунёга келажак фарзандини унга бермай, оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш кераклигини таклиф қилган.