Сўнгги ойларнинг энг актуал мавзуларидан бири — Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларнинг бориши. ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партияларининг бошланғич ҳаракатлари, Конституциявий комиссия тузилиши, ўтказилаётган йиғилишлардаги муҳокамалар нафақат оммавий ахборот воситалари, балки жамоатчиликнинг ҳам эътиборини ўзига тортди.

Фуқаролар ўзларига қулай бўлган платформалар орқали мамлакат конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар билдирмоқда. «Дарё» эътиборга молик таклифларни бир жойга тўплади.

Конституциядан Қорақалпоғистон Республикасини Ўзбекистон таркибидан чиқиб кетиши мумкинлиги тўғрисидаги тартибни чиқариб ташлаш ва уни Ўзбекистоннинг ажралмас қисми эканлигини мустаҳкамлаб қўйиш лозим. Бу фуқаро Умиджон Абдуллаев томонидан конституцияни ўзгартиришга оид таклиф.

Ҳарбий ва орган соҳасига ишга кирадиган фуқароларнинг ёш чегарасини чўзиш лозим. Бу ҳам конституцияни ўзгартириш юзасидан берилган таклиф.

Марат Юлдашевнинг билдиришича, ёш чегарасини 30 дан 35 ёшгача чўзиш керак. Эътиборли томони — фуқаро 35 ёшда илмий ва жисмоний талабларга жавоб берсагина, ишга жойлашиши керак.

Президент Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлаш ва умрбод президентлик лавозимида қолиш бўйича тилаклар ҳам конституцияни ўзгартиришга оид таклифлар ичида мавжуд. Бу тилаклар муаллифи Миржалол Раҳмонқулов.

Унинг ёзишича, давлат хизматига ишга кирмаганига кўп бўлмаган бўлса-да, ишдаги асосий мезон очиқлик ва шаффофликдир.

«Тонировка» масаласида ҳам таклифлар бор. Исломжон Исомиддинов ана шундай таклиф берувчилардан бири. Фуқаро ўз таклифида «тонировка» учун тўлов камайтирилишини, иложи бўлса, бепул қилиб қўйилишини сўраган.

Маълумот учун, Конституциявий комиссиянинг 17 июнь кунги йиғилишида комиссия раиси, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов фуқаролардан «тонировка»ни бепул қилиш бўйича таклифлар келаётганини айтганди. Унинг айтишича, бу асосий қонунга киритадиган даражадаги масала эмас.

«Фуқаро» атамасини ўзгартириш бўйича таклифлар келиши давом этмоқда. Ушбу атама ўрнига таклиф қилинаётган муқобил атамалар ҳам бор – «бек(а)», «азамат», «юртдош».

Атамани ўзгартириш учун сабаблар ўша-ўша — бу атама «фақир», камбағал», «бечора», «мискин» каби маъноларни англатар экан.

Фуқаро Анвар Артикходжаев президентлик муддатини 2 маротаба, 5 йилдан оширмаслик кераклигини таклиф қилмоқда. «Сабаби — ўзгариб турувчи ҳокимият дунё тажрибасида тараққиётга етаклаган. Турли хил йўллар билан муддатни узайтириш қатъиян ман этилсин», — деб ёзган у.

Қамоқдагилар ҳам олий таълим муассасаларида ўқиши мумкинми? Бу борада ҳам конституцияга қўшимча модда киритилиши юзасидан таклифлар берилмоқда.

Икромжон Хабибжонов берган таклифга кўра, узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётганларга ОТМларда онлайн тарзда ўқиш имконияти берилиши керак.

Давлат хавфсизлик хизматини Сенатга бўйсундириш керак. Бу фуқаро Учқун Алиев томонидан берилган таклиф. Унга кўра, конституциянинг 93-моддаси 1-қисми 24-бандига ўзгартириш киритиш лозим.

Бюджет ташкилотларида иш вақтини қатъий қилиш, унга амал қилмаган ташкилотларга чора кўрилиши ҳам конституцияда белгилаб қўйилиши лозим.

Фуқаро Қудрат Бекметов амалдаги конституциянинг 45-моддасига ўзгартириш киритиш юзасидан таклиф берган. Таъкидланишича, моддадаги «меҳнатга лаёқатсизлар» жумласи «ногиронлиги бўлган шахслар» жумласига ўзгартирилиши керак.

Ўзбекистонда ҳам исломий партия бўлиши керак. Бу фуқаро Авазхон Махмуджанов томонидан берилган таклиф. Унга кўра, исломий партия тузишга эркинлик бериш керак.

Маҳаллий ҳокимлик аппарати ходимларининг маошларини ошириш керак. Ушбу таклиф ҳам конституцияни ўзгартириш юзасидан берилган.

Таъкидланишича, ўртача ойлик маош 2 миллион сўмни ташкил қилади. Аммо Ўзбекистоннинг асосий қонунида ойлик маош ҳақидаги таклиф қанчалик акс этади, қизиқарли.

Президентлик муддатини узайтириш бўйича таклифлар бисёр. Хусусан, фуқаро Шухрат Бозоров ушбу муддатни 7 ёки 10 йилга узайтиришни таклиф қиляпти.

Давлат органларида қариндошчиликка йўл қўймаслик бўйича фуқаро Ғанишер Қўлдашевдан келган икки таклиф ҳам эътиборга молик.

Одилжон Акбаров ҳокимларнинг депутат ва сенатор бўлишига тақиқ қўйилишининг тарафдори. «Ҳозирги ҳолатда қонун чиқарувчи ва ижро этувчи орган бир-бири билан чатишиб кетган», — дейилади берилган таклифда.

Ўзбекистон номини ўзгартириш бўйича ҳам таклифлар бор. Аноним тарзда берилган таклифга кўра, мамлакат номини «Буюк Турон» номига ўзгартириш зарур.

Аввалроқ фуқаролардан бири миллат ва мамлакат номини ўзгартиришни таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, Ўзбекистон номини Туркистонга, ўзбек номини туркка ўзгартириш зарур.