Жазирамадан қутулишнинг энг тезкор усули – кондиционер, лекин ҳар доим ҳам у ёнимизда бўлавермайди. Бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш керак?

Фото: Adobe Stock

Ялпизли ичимлик ва лосьон

Ташқаридаги ҳарорат юқори даражага етганда, ҳар қандай восита нажот бўлиши мумкин. Ялпиз ўзининг совитиш хусусиятлари билан машҳур. Тетиклантирувчи ичимликни тайёрлаш учун ўсимликнинг бир нечта барги, бир ҳовуч малина ёки қулупнай керак бўлади. Ҳаммасини хона ҳароратидаги сувга солинг ва музлаткичда бир кечага қолдиринг. Эрталаб салқин ичимлик тайёр бўлади.

Юзга лосьон тайёрлаш учун ялпиздан қайнатма тайёрланг. Баргларни қайноқ сувга солиб, қайнатиб олинг ва 10 дақиқа давомида дам беринг. Совиган лосьон билан юз ва танани артинг.

Фото: Adobe Stock

Газсиз сув

Ҳар қандай газли ичимликлар танани сувсизлантиради, айниқса, таркибида шакар мавжуд бўлса. Доимий равишда газсиз сув ичишга ҳаракат қилинг — соатига камида 1,5 стакан. Агар унга лимон бўлаклари ёки ялпиз баргларини қўшсангиз, у янада тетиклаштирувчи бўлади.

Эфир мойлари

Ароматерапия шифокорларининг фикрига кўра, сайрга чиққанда рўмолчага икки-уч томчи лаванда, ялпиз, лимон ўти мойини томизиш яхши натижа беради. Яна бир усул: қўлингизнинг кафтига мой томизиб, бармоқларингизга суртинг, юзингизга олиб келинг ва чуқур нафас олинг. Ялпиз мойини бир зумда тетиклаштириш учун тилга томизиш ҳам мумкин.

Илиқ ичимликлар

Жазирама кунда муздек ичимликларни хоҳлаймиз, бу тезроқ совишимизга ёрдам беради, деб ўйлаймиз. Аммо ундай эмас: аслида тана совуқ суюқликни иситиш учун кўпроқ энергия сарфлайди, шунинг учун тана ҳарорати яна кўтарилади. Агар тетиклашиб, чанқоғингизни босмоқчи бўлсангиз, 36-40 даража ҳароратдаги ичимликлар ичинг. Спиртли ва кофеинли ичимликлардан сақланинг.

Фото: Adobe Stock

Совуқ спрей

Спрей идишини олинг, уни совуқ сув билан тўлдиринг ва вақти-вақти билан танангизга пурканг. Намлантирадиган вентилятор ҳам ажойиб вариант: бундай қурилмалар кўчма бўлиб, уни ўзингиз билан олиб юришингиз мумкин. Намланган танага ҳаво текканда тери юзасидаги намлик буғланади, бу бир зумда совишга ёрдам беради.

Ҳўл сочиқ ёки муз

Агар спортчилар тезда совимоқчи бўлса, бўйинларига ҳўл сочиқ ташлашади. Сочиқни совуқ сувда намланг ва бўйиннинг пулс урадиган жойларини артинг. Сочиққа ўралган муз бўлаклари ҳам яхши вариант. Тана бир неча дақиқадан сўнг совийди, таъсири тахминан бир соатга етади.

Нам сочлар

Агар тез шамолламасангиз, ҳар ярим соатда сочларингизни совуқ сув билан намлашингиз мумкин. Албатта, аёллар соч турмагини бузишни хоҳламайди, эркаклар эса буни хоҳлаган вақтда қилишлари мумкин. Эффектни кучайтириш учун юз ва елкангизни ҳам сув билан ювинг.