Тошкентдаги «Катта Миробод» маҳалласида дарахтларни сунъий равишда қуритиш мақсадида уларнинг тагига ҳар куни икки маҳалдан дизель ёқилғиси қуйиб кетилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Давлат экология қўмитаси мазкур ҳолат ўз тасдиғини топганини маълум қилди.

Фото: Давлат экология қўмитаси

«Troll.uz» обуначисининг ёзишича, «ҳар куни эрталаб ва кечқурун дарахтлар тагларига дизель ёқилғиси қуйилади».

Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ишчи гуруҳи ҳолат қайд этилган манзилда ўрганиш ишларини олиб борган. «Ўрганиш ишлари натижасига кўра, мавжуд дарахтларни сунъий равишда қуритишга уриниш ўз тасдиғини топиб, дастлабки суриштирув ишлари бошлаб юборилди», — дейилади хабарда.

«Ҳозирги кунда дарахтларни сақлаб қолиш ишлари бўйича ўғитлар тўкилади ва бу дарахтларни сақлаб қолиш чоралари кўрилади. Ушбу ишларни амалга оширган шахсларни суриштириш ишлари олиб борилмоқда», — дейди бошқарма масъул ходими.

Қўмита эълон қилган суратлардан кўриш мумкинки, дарахтнинг ортидаги темир деворлар қурилиш майдончаси атрофини ўраб олиш учун ўрнатилган. Катта эҳтимол билан дарахтларни сунъий равишда қуритишдан қурилиш компанияси манфаатдор бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2021 йил 31 декабрдаги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилганди. Жарималар 5 бараварга, табиатга етказилган зарар миқдори эса 2 бараварга оширилди. Қолаверса, дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш тақиқланганди.

Аввалроқ Ўзбекистонда дарахт, бута, ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесганлар ҳақида маълумот берган фуқароларга қанча маблағ тўланиши, дарахт кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилиши, 2021 йилнинг 10 ойи давомида дарахтларнинг ноқонуний кесилишидан келтирилган зарар 10 млрд сўмдан ошгани ҳақида хабар берилган.