Вашингтон Украинадаги можаронинг дипломатик ечимига умид қилмоқда ва мулоқотни давом эттиришга тайёр, дейди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен. У айни пайтда мамлакати Украинага қурол етказиб беришда давом этишини таъкидлади.

Энтони Блинкен

Фото: Global Look Press

«Биз Украинанинг мулоқот орқали можарога барҳам беришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз, бироқ Украина ҳар қандай музокаралар столида мустаҳкам позицияга эга бўлиши учун унинг жанг майдонидаги позициясини мустаҳкамлашда давом этамиз», — дейди у.

Бир кун олдин Пентагон Украинага юборилган навбатдаги ёрдам тафсилотларини эълон қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган коммюникеда айтилишича, Украинага «тўртта HIMARS ракета тизими, 36 минг снаряд, 18 жанговар машина, 1,2 минг граната, 2 минг пулемёт, 18 патруль катери, эҳтиёт қисмлар ва бошқа жиҳозлар» жўнатилган.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирби, ўз навбатида, Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда АҚШ маъмурияти Украинага 450 миллион доллар миқдорида қўшимча ёрдам ажратишини эълон қилганини маълум қилди. Украинага 2022 йил февралидан бери берилган ёрдамнинг умумий миқдори 6,1 миллиард долларни ташкил этди — дейди Кирби.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШнинг амалдаги ҳукумати ҳокимиятга келганидан бери Украинага ёрдам бериш учун 6,8 миллиард доллар маблағ ажратилган.