АҚШ шу ҳафтадаёқ Киевга ўрта ва катта масофали ракета ҳужумига қарши илғор мудофаа тизимлари берилишини эълон қилишни режалаштирмоқда, деб ёзади «РБК».

Американинг MIM-104 Patriot ракета ҳужумига қарши мудофаа тизими

Фото: Reuters

CNN телеканали манбаларига кўра, кўмак Украина томонидан бўлган тегишли сўровларга жавобан тақдим этилади. Бундан ташқари, қўшимча артиллерия ўқ-дорилари ва контрбатарея радарларини ўз ичига олувчи яна бошқа ҳарбий ёрдам ҳақида ҳам эълон қилиниши мумкин.

CNN аниқлик киритишича, Киев аввалроқ Норвегияда ишлаб чиқарилган, 160 км масофадаги нишонларни уришга қодир NASAMS ракета ҳужумига қарши мудофаа тизимларини сўраган эди. Шу билан бирга, телеканал қайд этишича, бу жуда мураккаб техника бўлиб, Украина ҳарбийларига уни бошқариш учун билим берилиши керак.

Ғарб мамлакатлари 24 февраль куни бошланган Россия ҳарбий операцияси фонида Украинага қурол етказиб беришни кучайтирди. Ўшандан буён улар Киевга умумий қиймати қарийб 38,5 миллиард долларга тенг қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ҳарбий мақсадларга қаратилган маблағларни етказиб берган ёки етказиш мажбуриятини олган.

Вашингтон, хусусан, февраль охиридан буён Киевга 6,1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам юборган. 23 июнь куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими, шунингдек, бошқа  ҳарбий техника ва ўқ-дорилардан иборат 450 миллион долларлик қўшимча пакет ҳақида эълон қилди. 25 июнь куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний етказиб берилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари Украина назорати остида бўлмаган ҳудудларда аллақачон жанговар ҳаракатларни олиб бораётганини маълум қилди.

Россия бир неча марта Ғарб мамлакатларини Украинани қурол билан тўлдириб ташлаётганликда айблаб, хорижий қурол-яроғ конвойлари Россия армиясининг «қонуний нишонлари»га айланиши ҳақида огоҳлантирганди. Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов Украинага узоқ масофали снарядлар етказиб берилган тақдирда Россия шаҳарларига зарбалар бериш хавфи юзага келиши мумкинлигини айтганди. Вашингтон ҳам, Киев ҳам воқеалар ривожининг бундай талқинини истисно қилганди.