Бундан 25 йил аввал бокс тарихидаги энг шов-шувли жанглардан бири ўтказилган. 1997 йилнинг 28 июнь куни Лас-Вегасда Майк Тайсон ва Эвандер Ҳолифилд ўртасида реванш жанги бўлиб ўтади. Жанг рақибининг қулоғини тишлаб олгани учун 3-раундда «Темир Майк»нинг дисквалификацияси қилиниши билан якунланади. Қуйида ушбу воқеа ва унинг атрофидаги тафсилотлар ҳақида сўз юритилади.

Фото: Reuters

Жанггача бўлган йўл

Ўтган асрнинг 80—90 йилларида Майк Тайсон ва Эвандер Ҳолифилд бокс оламининг асосий юлдузлари бўлган. «Темир Майк» супер оғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони эди, у тўққиз марта ўз унвонини ҳимоя қилишга муваффақ бўлганди, шахсий рекорди эса 37-0 ни ташкил қиларди. Боксчи Муҳаммад Али ва Жо Луис каби афсоналарга қиёсланадиган даражага етганди. Ҳолифилд эса бу вақтга келиб, биринчи оғир вазн тоифасида жанг қиларди, 18 та ғалабага эришиб, 1988 йилда ушбу тоифадаги барча камарларни йиғиб қўйганди. Шу тариқа унинг супер оғир вазнга ўтиши тобора аниқлашиб бораётганди. Ҳолифилд янги вазндаги дастлабки бешта жангни нокаут билан якунлайди ва 1990 йилда Тайсон билан тўқнашувга тайёргарлик кўришни бошлаб юборганди.

Худди шу йили бокс тарихидаги энг шов-шувли сенсациялардан бири содир бўлади. Гиёҳванд моддалар, спиртли ичимликлар билан боғлиқ муаммолар ва жамоасининг кутилмаганда тарқатиб юборилиши Тайсоннинг ақлий ва жисмоний ҳолатига шу қадар таъсир ўтказадики, у ҳамюрти Жеймс «Бустер» Дугласга қарши навбатдаги ҳимояга шунчаки тайёрлана олмайди. Жангдан олдин Дугласнинг имкониятлари жуда паст баҳоланади. Бироқ «Бустер» Тайсонни осонгина «тинчитиш» баробарида, уни илк марта нокаутга учратади.

Ёрқин ғалабадан сўнг Дуглас ўзини йўқотиб қўяди: у тез-тез спорт режимини бузишни одат қилиб, 130 кг гача вазн йиғиб қўяди. Ҳолифилд билан жангга келиб, у аллақачон ўз соясига айланиб бўлганди. Атлет Ҳолифилдга Дугласни «йўқ қилиш» учун атиги 3 раунд етарли бўлади.

Шу тариқа воқеалар ривожи Тайсон ва Ҳолифилднинг тўқнашишига бориб тақалади. Бироқ Майкнинг спиртли ичкиликларга қарамлигини даволаш жараёни, сўнгра 1995 йилда номусга тегиш билан боғлиқ айбловлар бўйича қамалиши туфайли дуэл ҳақидаги савол кейинга қолади.

Узоқ кутилган жанг

1996 йилнинг ноябрь ойида Лас-Вегасда Тайсон ва Ҳолифилд ниҳоят тўқнаш келади. Ушбу жанг журналистлар томонидан «ниҳоят» деб ном олади. Эвандер бу вақтга келиб, Риддик Боуга икки бор, Майкл Мурерга эса бир марта мағлуб бўлганди. Бундан ташқари, матбуотда унинг юрак билан боғлиқ муаммоларга дуч келгани айтилади.

Баҳс ғолиби Жаҳон бокс ассоциациясининг (WBA) камарига эга чиқарди. «Темир Майк» мутлақ фаворит сифатида қайд этилади. Мутахассислар Ҳолифилдга тўрт раунд беради. Тайсон биринчи раундданоқ рақибини нокаутга учратиш мақсадида ҳар доимгидек кучли ҳужумлар уюштира бошлайди, аммо Ҳолифилд усталик билан ҳимояланади ва қарши ҳужумда ҳаракат қилади. Бешинчи раундда Майк кучли ҳук зарбасини йўллайди ва 5 сонияга Ҳолифилдни «тиз чўктиради». Аммо уч йил қамоқда ўтиргандан сўнг Тайсоннинг чидамлилиги анча заифлашиб қолганди ва бу 10-раундга келиб, яққол сезилади. Ҳолифилд уни шунчаки «еб қўяди». Майкни фақатгина гонг қутқариб қолади. 11-раундда ҳам дўппослаш давом этганидан кейин ҳакамнинг жангни тўхтатишдан бошқа иложи қолмайди.

Жангдан кейинги матбуот анжуманида Тайсон ўз баёноти билан яна барчани ҳайратда қолдиради, аммо бу сафар ижобий томондан:

«Қўлинги сиқиб қўймоқчиман. Биз бу жангни узоқ кутдик. Жанг учун катта раҳмат. Сенга нисбатан ҳурматим баланд», — дейди у олқишларга сазовор бўлиб.

Шов-шув ва ғазаб

Икки америкалик ўртасидаги иккинчи жанг 1997 йилнинг 28 августида яна Лас-Вегасда бўлиб ўтади. Бу сафар тўқнашувга «шов-шув ва ғазаб» деб ном берилади. Жанг олдидан том маънода ажиотаж кўтарилади. Бир кун ичида 16 мингта чипта сотилиб кетади. Пулли трансляцияни эса 1,99 миллион киши сотиб олади. Жанг жами 97 мамлакатда томоша қилинади.

Фото: Reuters

Аммо бу сафар дуэл атиги уч раунд давом этди. Дастлабки дақиқаларданоқ Тайсон рақибини ҳеч нарса билан ажаблантира олмайди, фақатгина Ҳолифилдни провокация қила олади, холос. Эвандер ўз навбатида рақибининг ҳаракатларини хотиржам ўқийди. Биринчи жангда бўлгани каби Ҳолифилд боши билан зарба бериб, Майкнинг кўзи остида ёрилиш пайдо бўлишига сабабчи бўлади. Ҳакам унинг ҳаракатларида ҳеч қандай қоидабузарликни кўрмайди. Афтидан, айнан шу лаҳза Тайсоннинг фиғонини фалакка чиқарган.

Тайсон учинчи раундни ҳам шиддатли ҳужумлар билан бошлайди. Ҳолифилд фақат клинчлардан нажот изларди. Майк Ҳолифилдга зарбалари таъсир ўтказа олмаётганини кўргач, клинчларнинг бирида рақибининг қулоғини тишлаб олади. Ҳолфилднинг қулоғининг бир қисми Тайсоннинг тишлари орасида қолади, кейинчалик бу бўлак рингдан топилади ва эгасига қайтарилади.

Фото: Reuters

Раундлар орасидаги танаффус пайтида ҳакамлар Темир Майкнинг «ғалати» техникасини видео такрорларда пайқаб қолади. Натижада, улар жангни тўхтатишга ва ғалабани Эвандерга беришга қарор қилади. Тайсон бунга зўравонлик билан норозилик намойиш этади, у бор кучи билан полиция ходимлари ва ўз жамоаси аъзолари қуршовидан қочишга ҳаракат қилади.

«Ҳолифилдни ўлдирмоқчи эдим. Менга 50 киши осилиб олганди, улар то мени рингдан судраб чиққунигача у томон отилавердим», — деб ёзганди Тайсон ўз таржимаи ҳолида.

Жангдан сўнг Тайсон 3 йил муддатга бокс лицензиясидан маҳрум қилинади, аммо бир йилдан кейин унга рингга қайтишга рухсат берилади.

Ҳозирда Тайсон ва Ҳолифилд қалин дўст ҳисобланади. 2009 йилда ўтказилган шоуларнинг бирида Тайсон собиқ рақибидан омма олдида кечирим сўраган. Бундан ташқари 2012 йилда Майк ўз Twitter саҳифасида шундай хабар жойлаштирган:

«Бугун менга қулоғинг билан бўлган воқеанинг 15 йиллиги эканини эслатишди. Сени яхши кўраман, Ҳолифилд. Сен ҳақиқий чемпионсан».

Ўз навбатида Ҳолифилд ҳам дўстига уни яхши кўришини айтиб, ҳаммаси жойидалигини билдирган.