Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрининг «Боғбонлар» маҳалласида яшовчи келин ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Самарқанд вилояти прокуратура мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Аниқланишича, 24 июнь куни Самарқанд шаҳри «Боғбонлар» маҳалласи Янгравот кўчасида яшовчи 29 ёшли Н.М. «уксус кислотасидан ўткир заҳарланиш» ташхиси билан РШТТЁМ Самарқанд филиали жарроҳлик бўлимига ётқизилган.

27 июнь куни Н.М.га кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан жонлантириш бўлимида вафот этган.

Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи чиқиб, кўздан кечирилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Марҳума Н.М.нинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий текширувга юборилган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари устидан Бош прокуратура томонидан назоратга ўрнатилган.

Аввалроқ Андижонда 38 ёшли ҳоким ёрдамчиси яшаш уйидаги молхона болорига осилган ҳолда топилгани, Қашқадарёда 16 ва 14 ёшли қизлар ўзини осиб қўйгани тўғрисида хабар берилганди.