Ўзбекистонда 1 июль санасидан бошлаб енгил автотранспорт воситаларининг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинди, яъни бепул. Олд ён ойналари қорайтириш эса анча арзонлаштирилди – 2 миллион 400 минг сўм (БҲМнинг саккиз баравари) этиб белгиланди.

Фото:«Дарё»

«Тонировка» нархлари бир неча бараварга енгиллаштирилган бўлса-да, жарима миқдори юқорилигича қолмоқда. Қонунчиликка кўра, ноқонуний «тонировка» қилиш ва рухсатнома муддатини ўтказиб юборганлик учун 7 миллион 500 минг сўм (БҲМнинг йигирма беш баравари) жарима солинади. Шундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрорланса 12 миллион сўм (БҲМнинг қирқ баравари) жарима қўлланилади.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, жарималар ўз ҳолича қолган, бу хусусида ҳеч қандай ўзгартириш йўқ.

Яна бир янгилик, қарорда Ички ишлар вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат берилган автотранспорт воситасига бўлган эгалик ҳуқуқи ўзгарганда, давлат рақами белгиси алмаштирилганда ёки автотранспорт воситаси эгасининг маълумотларида ўзгариш бўлганда автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатини автоматик тарзда сақлаб қолиш тартибини жорий этиш топширилган.

Ҳозирда «тонировка» учун рухсатнома 1 йил муддатга берилади. Бундан ташқари, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан бир қаторда ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари томонидан ҳам амалга ошириш тартиби жорий этилади.