АҚШ президенти Жо Байден Мадриддаги НАТО саммитининг якунлаган матбуот анжуманида Украинага янги ёрдам пакетини тақдим этиш режасини маълум қилди.

Фото: AP Photo

CNN хабарига кўра, 800 миллион долларлик ёрдам пакети ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия ва ўқ-дорилар, душманнинг ўқ отиш жойларини аниқлаш ва отишни созлаш имконини берувчи батареяли радарни ўз ичига олади. «Айнан АҚШ Украинага ёрдам бериш учун бутун дунёни бирлаштирмоқда» — деган Америка президенти.

«Мен Путинга айтдимки, агар у Украинага бостириб кирса, НАТО нафақат кучлироқ бўлади, балки янада бирлашади. Ва биз бугун айнан шу нарсани кўрмоқдамиз» — дейди Байден.

АҚШ президенти, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб кириши бутун дунёда, жумладан, АҚШда ҳам озиқ-овқат ва ёқилғи нархининг ошишига олиб келганини яна бир бор таъкидлади. «Охир-оқибат, ёқилғи нархи кўтарилишининг сабаби Россия. Россия, Россия, Россия. Озиқ-овқат инқирозининг сабаби ҳам Россия», деган Байден.

АҚШ президентининг сўзларига кўра, Россиянинг ўзи босқин учун «жуда юқори нарх» тўламоқда. «Улар деярли юз йил ичида биринчи марта давлат қарзини тўлашдан бош тортишга мажбур бўлди. Улар ўз иқтисодиёти нуқтаи назаридан эришган ютуқларининг 15 йилини йўқотдилар. Улар нефть ишлаб чиқариш ҳажмини сақлаб қолишда ҳам муаммоларга дуч келишади, чунки уларда бунинг учун технология йўқ. Шунингдек, улар қуроллар ва айрим ҳарбий тизимлари нуқтаи назаридан ҳам худди шундай ҳолатда», — дея қўшимча қилган АҚШ президенти.

Унинг сўзларига кўра, Украина аллақачон Россияни жиддий мағлубиятга учратган, шу билан бирга, «Россия аллақачон халқаро обрўсини йўқотган».

Россия шундай ҳолатда турибдики, бутун дунё уни кузатмоқда ва айтмоқда: «Бир дақиқа, сиз Киевни олмоқчи бўлдингиз – ютқаздингиз, Донбассни олмоқчи бўлдингиз – ҳали буни уддалаганингиз йўқ».

Байден украиналикларнинг жасорати ва чидамлилигига эътибор қаратиб, ҳаммаси қандай якунланишини билмаслигини, лекин бу албатта «Украинанинг Украинада Россияга мағлуб бўлиши» билан тугамаслигини таъкидлади.