Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси президентининг расмий вакили Полина Кубиак Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Россияни ташкилот Хавфсизлик кенгашидан чиқариб ташлаш ҳақидаги чақириғига жавоб қайтарди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Украинская правда»

Кубиак бундай қарорларнинг барчаси Хавфсизлик Кенгаши орқали қабул қилинишини эслатди. Унга кўра, бундай қарорни қабул қилиш мумкин эмас, чунки Россия кенгашда вето ҳуқуқига эга.

Россиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида доимий аъзо сифатида иштирок этиши ташкилот низомининг 23-моддасида кўрсатилган. Назарий жиҳатдан уни истисно қилиш учун ушбу ҳужжатга тузатиш киритиш керак. Шундан кейин ҳам ҳужжат кенгашнинг барча доимий аъзолари томонидан имзоланганидан кейингина қабул қилиниши мумкин.

Зеленский 28 июнь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида видеоалоқа орқали сўзлаган нутқида Россияни кенгашдан чиқариб юбориш, шунингдек, уни «террорчи давлат» деб тан олишга чақирди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия «Украинадаги ҳеч қандай сабабсиз ва мустамлакачилик характери билан олиб борилаётган уруш масалаларини кенгашда муҳокама қилишда ва овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас».

Зеленский Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашидан чиқариб ташлашни аввал ҳам таклиф қилган эди, акс ҳолда, унинг фикрича, орган ўзини ўзи тарқатиб юбориши керак