Жазирама кунларда ўзингиз билан доимо бир шиша сув олиб юришингиз керак. Албатта, ҳар бир киши бир марта бўлса ҳам нима учун пластик идишларни қайта ишлатиб бўлмаслиги ҳақида ўйлаган бўлса керак. Бу нохуш оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўпчилик билмайди.

Фото: Getty Images

Албатта, баклажкага сув қуйилса, тоза кўринади. Аслида эса ундай эмас. Ишлаб чиқарувчи компаниялар турли хил материаллардан идишлар ясайди, шу сабабли бир марта ишлатиладиган баклажкадан икки марта фойдаланиш фикридан воз кечган маъқул.

Баъзи идишларда заҳарли кимёвий моддалар мавжуд бўлиб, улар идишга зарар етганда, масалан, майда ёриқлар бўлса, суюқликка тушиши мумкин. Уларнинг сони аҳамиятсиз, шунинг учун пластик идишни камдан кам ҳолда қайта ишлатилса, соғлиққа таъсир қилмаслиги мумкин. Бироқ бу одатни доимий такрорлаш саломатликда бир қанча муаммолар пайдо бўлишига олиб келади.

Фото: Getty Images

Яъни баклажкадан суюқлик ичилганда оғиз бўшлиғидан бактериялар идишга киради, улар баклажканинг деворларида, шунингдек, кўринмас энг кичик ёриқларда фаол равишда кўпаяди ва тўпланади. Шу сабабли контейнерни хавфсиз қайта ишлатиш учун уни бутунлай тозалаб бўлмайди. Натижада овқат ҳазм қилиш тизими бузилиши, кўнгил айниши, бош оғриғи ва чарчоқ ҳисси пайдо бўлиши мумкин.

Саломатликни асраш учун қайта фойдаланиш мумкин бўлган идишларни сотиб олган маъқул. Аммо ҳар сафар фойдалангандан кейин уни ювишни унутмаслик керак. Акс ҳолда унда ҳам бактериялар кўпая бошлайди, бу саломатликка салбий таъсир қилади. Мутахассислар микробларни ўлдириш учун идишни махсус чўтка ва восита билан тозалашни тавсия қилади.