Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрининг «Боғбонлар» маҳалласида яшовчи келин ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқалди. Самарқанд вилояти прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ бериб, воқеа 2022 йилнинг 24 июнь куни содир бўлганини маълум қилди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов эса мазкур ҳолат бўйича ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилганини очиқлади.

Айтилишича, 29 ёшли аёл уксус кислотасидан ўткир заҳарланиш ташхиси билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд филиалининг жарроҳлик бўлимига ётқизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан 27 июнь куни вафот этган.

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд филиали бўлим мудири Шерзод Мўминовнинг таъкидлашича, аёл аҳволи оғир ҳолда шифохонага келган. Текширилганда унинг ошқозонидан уксус борлиги аниқланган. Беморнинг ошқозони ювилаётганда қон орқали суюқлик чиқа бошлаган. Сийдик пуфагидан эса қўнғир рангда суюқлик чиққан.

Нилуфар Мақсудова.

Фото: «Дарё»

«Уксус билан заҳарланганда қонда гемолиз чиқади ҳамда ошқозон, оғиз бўшлиғи, қизил ўнгачнинг шиллиқ қаватлари куйиши кузатилади. Минимал ўлимга олиб келадиган доза 30 миллиграмм ҳисобланади. Бемор қанча миқдорда уксус ичгани аниқ эмас. Шунингдек, уйда қанча вақт давомида қолиб кетгани ҳам номаълум. Беморга уч кун давомида ёрдам кўрсатилди. Заҳарланишнинг ўта оғир даражаси бўлгани сабаб икки кун давомида қонда гемолиз кузатилди. Учинчи кундан бошлаб беморда ўткир жигар ва буйрак етишмовчилиги содир бўлди. 27 июнда сийдик тўхтатилиши кузатилди. Қон босими меъёрида турмади. Ўтказилган тиббий муолажаларга қарамасдан беморда биологик ўлим қайд этилди», — дейди Шерзод Мўминов.

Аёл нега уксус ичиб ўз жонига қасд қилди? «Дарё» мухбири воқеа содир бўлган «Боғбонлар» маҳалласида бўлиб, қўни-қўшнилар, маҳалла раиси ва марҳума аёлни таниган бошқа инсонлар билан суҳбатлашди.

Фото: «Дарё»

«Боғбонлар» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Вали Қодировнинг айтишича, тўққиз йиллик фаолияти давомида фақатгина мана шу оилада бўлган иккита нохуш воқеа шов-шувга сабаб бўлган.

«Бу оилада нега бундай воқеа бўлди, тўғриси ўзим ҳам тушунмаяпман. Оилада ҳеч жанжал кўрмаганман. 24 июнь куни шу хабарни эшитиб шифохонага бордик. Жонлантириш бўлимида бўлгани учун беморни кўролмадик. 27 июнь куни қайнонаси билан гаплашганимда аҳволи оғир эканини айтди. Бир соатдан сўнг эса оламдан ўтибди», — дейди Вали Қодиров.

Маҳалла раисининг айтишича, бундай ҳолатнинг юзага келишига марҳумнинг қайнонаси сабабчи бўлиши мумкин. Боиси турмуш ўртоғи жуда оғир табиат ва аёлига яхши муносабатда бўлиб келган.

«Боғбонлар» МФЙ раисининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси Лола Аҳмедованинг айтишича, у марҳуманинг онаси билан гаплашган. У куёви яхши эканини, шифохонада кўп харажат қилишганини, кўп қон қуйилишига қарамасдан қизи вафот этганини айтган. Шунингдек, куёвини қамамаслик кераклигини, куёви қамалса қизининг руҳи чирқирашини айтган. Вилоят ҳокими ўринбосари — вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова келиб қўшнилар билан гаплашганида қайнона ҳақида ёмон фикрлар билдирилган.

Марҳума аёл қўшниларининг маълумот беришича, марҳуманинг қайнонаси қаттиққўллиги сабабли келин қийин аҳволга тушиб қолган.

«Раҳматли Нилуфар иккинчи аёл бўлиб турмушга чиққанди. Турмуш ўртоғининг биринчи аёли ҳам 2018 йил ўз жонига қасд қилиб вафот этганди», — дейди суҳбатдош қўшнилар.

Қўшниларнинг қўшимча қилишича, хонадоннинг икки келини ҳам жуда ақлли, муомалали, меҳнаткаш бўлган. Келинлар доим уй ишлари билан банд бўлган. Улар умуман кўчага чиқмаган. Икки келинга ҳам қайнона зулм кўрсатиб келган.

«Бу қайнона бир эмас, иккинчи келинининг ҳам ‘бошини еди’. Жазосини олиш керак. Ҳеч кимга қулоқ солмайди. Бу зўр. Бундан кучли одам йўқ. Истаган одамини ҳақорат қилади. Маҳаллада бунга гапирадиган одам йўқ. Аёл жуда ўткир. Унга ҳеч ким бас келолмайди. ‘Служанка’ деб ном ҳам қўйиб олган эди келинига. Иккала келин ҳам жуда одобли эди. Доим қўни-қўшниларга салом бериб, уларнинг ҳурматини жойига қўярди», — дейди яна бир қўшниларидан бири.

Журналистик суриштирувимиз давомида марҳума аёлнинг болалик даври ўтган «Қўшбаққолли» маҳалласида ҳам бўлдик. Маҳалла раисининг айтишича, марҳума турмуш қурганидан сўнг икки ой ўтиб уйга қайтиб келган. Марҳуманинг онаси маҳаллага мурожаат қилганидан сўнг эр-хотин яраштириб қўйилган. Шунингдек, марҳуманинг онаси қудаларига даъвоси йўқлигини ҳам билдирган.

Фото: «Дарё»

Аниқланишича, хонадоннинг 2018 йил вафот этган келини сўнгги манзилига қўшнисининг уйидан кузатилган бўлса, 27 июнь куни вафот этган келин эса она уйидан чиқарилган.

«Қудалар мард бўлса, куёв эркак бўлса маъраканинг бирор нарсасини кўтарар эди. Ёки марҳумани уйидан чиқарарди», — дейди марҳуманинг аммаси.

Марҳума хонадони вакилларининг айтишича, ижтимоий тармоқларда марҳуманинг уйдагилари пул олгани учун даъво қилмаяпти деган гап тарқалган.

«Аслида эса бечора онайизор қизининг қабри қайта очилишини, майити хўрланишини истамагани учунгина даъво қилмаяпти», — дейди марҳума қариндошларидан бири.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири ушбу хонадоннинг ўз жонига қасд қилган биринчи келини — марҳума Азизанинг онаси Муҳаббат Юсупова билан ҳам суҳбатлашган.

«2015 йил қизимни шу хонадонга турмушга бергандим. Уч йил-у уч ой яшаганидан кейин, аниқроғи 2018 йилнинг 23 июнь куни эрталаб ўз жонига қасд қилди, деган хабар келди. Мен бунга ишонмадим. Ўша воқеадан сўнг марҳум қизимнинг қайнонаси ва эри қизимнинг вос-вос бўлгани, жинни бўлиб қолгани ҳақида гап тарқатди. Аслида қизимнинг эс-ҳуши жойида эди. Қизим ўлимидан бир кун олдин 10 дона ‘буханка’ нон олиб кетган эди. Қизим жонига қасд қилганига ҳали ҳам ишонмайман. Қизим қайнонаси азоб беришини айтарди. Мен ўша вақтда ҳақиқатнинг тагига етиш учун жуда кўп югурдим. Аммо ҳеч ким қулоқ солмади. Бу хонадон вакиллари иккинчи келинга ҳам азоб берган. Ҳаттоки ҳомиласини ҳам туширган. Қизимдан ёдгор сифатида бир қизча қолган. Уни кўришга имкон бермайди. Неварам бу хонадонда яхши тарбия топмайди. Илтимос, уни менга беришларини сўрайман», — дейди Муҳаббат Юсупова.

Муҳаббат Юсупова бир хонадоннинг икки нафар келини тасодиф сабаб ўз жонига қасд қилмаслигини, ҳолат қонуний ўрганилиб, айбдорлар жазоланиши лозимлигини сўрамоқда.