Самарқанд шаҳрининг «Боғбонлар» маҳалласида яшовчи келин ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот котибининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан жинояти иши қўзғатилган.

«Самарқандда 29 ёшли аёл уксус кислотасидан заҳарланиб, вафот этгани ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди», — дейилади хабарда.

24 июнь куни Самарқанд шаҳри «Боғбонлар» маҳалласи Янгравот кўчасида яшовчи 29 ёшли Н.М. «уксус кислотасидан ўткир заҳарланиш» ташхиси билан РШТТЁМ Самарқанд филиали жарроҳлик бўлимига ётқизилганди. 27 июнь куни Н.М.га кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан жонлантириш бўлимида вафот этган.

«Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи чиқиб, кўздан кечирилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда», — дея маълум қилганди Самарқанд вилояти прокуратураси.

Аввалроқ Андижонда 38 ёшли ҳоким ёрдамчиси яшаш уйидаги молхона болорига осилган ҳолда топилгани, Қашқадарёда 16 ва 14 ёшли қизлар ўзини осиб қўйгани тўғрисида хабар берилганди.