Украина Ташқи ишлар вазирлиги Суриянинг ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олиш қарорини «қатъий қоралади».

Фото: Getty Images

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Суриянинг бу қарорини «Украинага қарши нодўстона ҳаракат, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз, Украина қонунчилиги, БМТ низоми ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий норма ва тамойилларини қўпол равишда бузиш» деб ҳисоблашини маълум қилди.

«Шубҳа йўқки, Сурия режими Донецк ва Луганск вилоятларидаги рус босқинчи маъмуриятларига Кремлдаги кураторларининг илтимоси билан сохта субъективлик беришга уринмоқда», — дейилади Украина ТИВ баёнотида.

Шунингдек, баёнотда айтилишича, Украина консуллик алоқаларини сақлаб қолган ҳолда Сурия билан дипломатик алоқаларни узади. Украина томони, шунингдек, Сурияга савдо эмбаргосини жорий этиш ва Суриянинг юридик ва жисмоний шахсларига нисбатан бошқа санкцияларни жорий этиш тартибини бошлаб юборади.

Украина Ташқи ишлар вазирлигининг эслатишича, Украинанинг Дамашқдаги элчихонаси 2016 йилда «Башар Асад режимининг Сурия халқига қарши жиноятлари муносабати билан» ёпилган, Суриянинг Киевдаги элчихонаси эса 2018 йилда ўз фаолиятини тўхтатган. Суриядаги украиналикларнинг манфаатларини Украинанинг Ливандаги элчихонаси ҳимоя қилиб келаётганди.