АҚШ молия вазирлигининг хорижий активлар назорати бошқармаси (OFAC) россиялик бизнесмен Сулейман Керимовга алоқадор Heritage трастини блоклаб қўйди. Бу ҳақда АҚШ молия вазирлигининг расмий сайтида хабар қилинган.

Фото: «Коммерсантъ»

Делавер штатида рўйхатдан ўтган траст Керимовнинг АҚШдаги активларини бошқаради ва уларнинг умумий қиймати 1 миллиард доллардан ошади, дея ахборот берган OFAC.

Heritage Trust 2017 йилда Сулейман Керимов АҚШ санкциялари рўйхатига киришидан аввал тузилган. Трастга маблағлар Керимовга алоқадор икки хориж компанияси орқали киритилган.

АҚШ молия вазирлигининг қайд этишича, кейинчалик ушбу маблағлар мамлакатнинг давлат ва нодавлат компанияларига инвестиция сифатида киритилган, қатор инвестиция фирмалари ҳамда воситачилар орқали бошқарилган.

Вазирлик маълумотида Керимов ва унинг ишончли одамлари келишувларни амалга ошириш, шу билан бирга трастга алоқадор эканини яшириш учун ёлланма компаниялардан фойдаланиб келгани ёзилган.

Керимовнинг Heritage Trust’га алоқадорлигини аниқлаш учун кенг миқёсдаги тергов-суриштирув ишлари олиб борилган, дея таъкидланган АҚШ молия вазирлигининг баёнотида.

2021 йилда Россия Forbes Сулейман Керимов ҳамда унинг оиласи бойлигини 15,8 миллиард долларга (Россиянинг энг бой бизнесменлари рўйхатида 10-ўрин) баҳолаган. 2008 йилдан бери Доғистонда Федерация кенгаши аъзоси бўлиб сиёсий карьерасини олиб бораётган Керимов ва унинг оиласи «Полюс» олтин саноати компаниясининг асосий эгалари ҳисобланади.

Керимов 2018 йилдан бери АҚШ санкциялари рўйхатида турибди. У мазкур «қора рўйхат»га Путинга яқин бўлган амалдорлар ва бизнесменлар сафида бўлгани учун киритилган.