АҚШ Давлат департаменти маҳаллий сайловларга хориж аралашуви бўйича маълумот тақдим этган одамларга 10 миллион долларгача қийматда мукофот эълон қилди, деб ёзади «Коммерсантъ» идора матбуот хизматига таяниб.

Фото: Getty Images

Мукофотни сайловларга аралашаётган чет элликлар ёки хорижий компаниялар жойлашган жойини аниқлаш ёки топишда ёрдам берадиган ахборот тақдим этганлар қўлга кирита олади.

Идора қўшимча қилишича, сайловларга аралашиш деганда «яширин, фирибгарларча, чалкаштирувчи ноқонуний хатти-ҳаракатлар ёки ҳаракатларга уриниш», шунингдек, «овоз бериш якунларини қалбакилаштириш ва маълумотлар базасига бузиб кириш; муайян таъсир, дезинформация ва бот-фермалар яратиш бўйича кампаниялар; ёки ёвуз ниятли киберҳужумлар» тушунилади.

Мукофот Давлат департаментининг «Адолат учун мукофотлаш» дастури доирасида тайинланган, уни дипломатик хавфсизлик хизмати бошқаради. Дастур 1984 йилдан буён иш олиб боради, унинг доирасида АҚШ 250 миллион доллардан ортиқ қийматда мукофот пуллари тўлаган.

АҚШ Россияни бир неча марта сайловлар натижаларига таъсир ўтказиш ниятида айблаган.

Хусусан, апрелда Associated Press агентлиги АҚШ разведкаси Россия Американинг Украинага кўмагидан фойдаланиб, унинг сиёсий ишларига аралашиши мумкинлгини маълум қилганини ёзганди.

Москва Вашингтоннинг Россия Америка сайловларига аралашишга урингани ҳақидаги барча баёнотларини қатъиян рад этмоқда. Президент вакили Дмитрий Песков бундай хабарларни уйдирма ва ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқ деб атаганди.

Июнда эса АҚШнинг ички хавфсизлик учун масъул бўлган мансабдорлари Россия ноябрда бўлиб ўтадиган конгрессга сайловларга аралашиши мумкинлигидан хавотир билдирди.