Франция президенти Эммануэль Макрон Австралия бош вазири Энтони Альбанезе билан сувости кемалари шартномаларининг бузилиши туфайли узилган муносабатларни тиклаш учун икки томонлама музокаралар ўтказади. Бу ҳақда SBS News хабар берди.

Фото: Nokta

Франция раҳбари 1 июль, жума куни эрталаб Елисей саройида Австралия етакчисини қабул қилади. Канберра ва Париж Австралиянинг собиқ бош вазири Скотт Моррисон 2021 йил сентябрь ойида дизель сувости кемаларини қуриш бўйича Франция шартномасини АҚШ ядровий сувости кемалари фойдасига бекор қилганидан кейин вазиятни тузатишга қарор қилди.

2021 йил сентябрида Австралия ҳукумати Франция билан 2016 йилда жами 66 миллиард долларга тузилган 12 та дизель сувости кемасини қуриш бўйича шартномани бир томонлама бекор қилган эди. Канберранинг қарори томонларни дипломатик можарога олиб келди. Ўшанда Франциянинг амалдаги ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Франция денгиз флоти гуруҳи билан сувости кемаси шартномасининг бекор қилинишини мамлакатга бўлган ишончга путур етказиш деб атаган.

Австралия ҳукумати Франциянинг кемасоз Naval Group компаниясига кўп миллиард долларлик шартномани бузгани учун 585,2 миллион доллар товон тўлайди. Албанезе ҳукумати Франциянинг Ҳинд—Тинч океани минтақасидаги роли ва иштирокини юксак қадрлашини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, энди икки давлат «умумий тамойиллар ва манфаатларни ҳимоя қилиш учун» яна бирлаша олади.