АҚШ, Биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режасида (БКҚҲР) кўзда тутилганидек, Эронга нисбатан санкцияларни бекор қилиши керак. Бундай даъват билан БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида чиқиш қилди, деб ёзади Tengrinews.

Фото: AP Photo

«Биз яна АҚШни БКҚҲРда кўзда тутилганидек, санкцияларни бекор қилишга ёки истиснолар киритишга ҳамда Эрон билан нефть савдосига нисбатан мустаснолар амал қилишини узайтиришга чақирамиз», — деди ДиКарло.

Унинг сўзларига кўра, шунингдек, БМТ Эронни БКҚҲР доирасида мамлакат мажбуриятларига зид келувчи қадамларни бекор қилишга даъват этади.

2015 йилда Буюк Британия, Германия, Хитой, Хитой, Россия, АҚШ, Франция ва Эрон ядро битими — Биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режасида (БКҚҲР)ни тузган эди, унга кўра Теҳрон ўзининг ядровий дастурини фақат тинч мақсадларда ривожлантиришни чеклаши керак. Махсус шартлар, жумладан, уранни бойитиш даражаси, санкцияларни босқичма-босқич олиб ташлаш эвазига МАГАТЭ инспекторларини Эрон ядровий объектларига киритиш бўйича келишиб олинган. АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 2018 йилда АҚШни БКҚҲРдан бир томонлама чиқарди ва Эронга қарши санкцияларни қайта жорий қилди, бу эса Теҳронни келишувнинг айрим шартларидан воз кечишга мажбур этди.

Кейинчалик, 2021 йилнинг апрелидан декабригача Эрон ва бир қатор жаҳон кучлари Венада БКҚҲРни тиклаш бўйича бир неча босқичли музокаралар ўтказди. АҚШ уларда бевосита иштирок этмади.

Сўнгги ҳафталарда АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари расмийлари Эроннинг БКҚҲРга қайтиш бўйича келишувга эришиш учун вақти кам қолаётгани ҳақида тез-тез огоҳлантирмоқда.

Ҳафта бошида Эрон ҳукумати музокаралар энди Форс кўрфазидаги мамлакатлардан бирида бўлиб ўтишини эълон қилди ва зудлик билан биринчи синов раундини чақирди. Бироқ Эроннинг Tasnim агентлиги музокаралар жараёнининг икки куни ўтганидан кейин маълум қилишича, натижаларга эришилмаган, чунки Америка делегацияси Эроннинг битим якуний вариантида унинг иқтисодий манфаатига риоя қилиниши кераклиги ҳақидаги талабини кўриб чиқишдан бош тортган.