Актёр ва хонанда Азиз Раметов ижтимоий тармоқлар орқали отаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жумадулла Раметовнинг Альцгеймер хасталигига чалингани ҳақида маълум қилди. У дунёга энг кенг тарқалган ва йил сайин «ёшариб» бораётган касаллик ҳақида видеоролик ҳам суратга олди.

Фото: «Дарё»

Маълумотларга кўра, дунёда ҳар етти сонияда кимдир Альцгеймер касаллигига чалинади. Инсонни ақлий қобилиятлардан, айниқса, хотирадан айирувчи Альцгеймер хасталиги нафақат кексалар, балки айрим ёшларга ҳам хавф солмоқда. Илгари бу хасталик 65 ёшдан юқори бўлган кишиларда учраган бўлса, бугунги кунда 45 ёшлик инсонлар ҳам ундан азият чекмоқда.

Америкалик психиатр Нейл Бухголц оддий паришонхотирлик билан Альцгеймер ўртасидаги тафовутни қуйидагича изоҳлаган. «Агарда сиз калитларни қаерга қўйганингизни унуцангиз, бу Альцгеймер аломати эмас. Калит қандай вазифани бажаришини унутиб қўйсангиз – буни жиддий муаммо деб айтиш мумкин».

Фото: «Дарё»

— Карантин авжига чиққан пайтида Жумадулла ака бу касалликка чалинганини билдик. Аммо мен у пайтда Туркияда «Мендирман Жалолиддин» сериалининг съёмкасида эдим. Ўғилларим дадасини дарров касалхонага олиб борган. Аммо у пайтда беморларнинг кўплигидан касалхоналарда бўш жой йўқ экан. Азиз ўғлим кунда қўнғироқ қилиб: «Нима қиламиз, аҳволлари оғир», деди.

Узоқда бўлганим учун қўлимдан ҳеч нарса келмади. Ундан кейин ўзимга ҳам саратон хасталиги ташхисини қўйди. Кетма-кет келган дард оиламизни шошириб қўйди.

«Мен театрга ишга бормаяпман, ойлигимни олиб ташлашсин, ёшларга беришсин», дейди. Шунча йил ишладингиз, озгина сийлашса нима қилибди, десам ҳам унамаяпти. Мен тўй хизматлари ёки съёмкалар сабаб театрга боролмаган кунларим бўлган. Аммо Жумадулла Раметов бирор марта театрга хиёнат қилмаган инсон.

Мен касалликка таслим бўлганим йўқ, насиб қилса турмуш ўртоғим ҳам бу дардни енгиб ўтади. Бунинг учун оиламиз билан курашяпмиз, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова.

Фото: «Дарё»

— Хотира инсон ҳаётида нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини энди англаб етяпман. Дадамда Альцгеймер касаллиги бошланганига 2 йил бўлди. Аввалига эркалик қиляпсиз, деб унчалик ишонмадим. Кейин бирдан озиб кетдилар. Аввалига қисқа вақт хотираларини йўқотиб, маълум вақт соғликлари ёмонлашган бўлса, бир йилдан буён аҳволлари янада ёмонлашди.

Аввалига дадамни шифохонада даволанишларини истамадим. Уйда, оила даврасида бўлса яхши деб ўйлагандим. Аммо бу хасталикка ўтиб кетади, деб қараш керак эмас экан. Яъни бемор маълум вақт шифокор назоратида бўлиши, дори ва уколларни ўз вақтида қабул қилиши керак экан.

Дадам Альцгеймер хасталигининг иккинчи босқичидан ўтди. Бу касаллик 4 та босқичдан иборат экан. Тўртинчи босқич жуда оғир кечиши ҳақида эшитдим.

Дадам ҳам тез-тез хотираларини йўқотиб, нима қилишларини билмай қоляпти. Баъзан уйда ҳожатхона ёки ошхона қаерда эканини унутиб қўяди. Гоҳида эса онамга қараб «аяжон» дейди. Ярим кечаси уйғониб, ўзини ноқулай ҳис қилаётганини айтади. Онам эса ярим кечаси бўлса-да, уйғониб дадамни юпатади. Илоҳим, дадамнинг дардига шифо берсин, — дейди актёр ва хонанда Азиз Раметов.