Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон яқин вақт ичида Россия ҳамда Украина президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленский билан телефон суҳбатлари ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Ҳафта охирида ёки келаси ҳафта бошида дон учун йўлак масаласини Путин ҳамда Зеленский билан телефонда суҳбатлашган ҳолда муҳокама қилиб олишни режалаштираяпман», – деган Эрдўғон Мадридда ўтказилган матбуот анжуманида.

Туркия давлат раҳбари мамлакатнинг барқарор сиёсат олиб бормоқчилиги, қарама-қаршиликларга асосланган йўналиш тарафдори эмаслигини қайд этган. Эрдўғон Россия президенти билан ҳам, Украина етакчиси билан ҳам сермаҳсул музокаралар олиб борилишига умид қилмоқда.

Шунингдек, у НАТО томонидан Украинага кўмак берилаётганига қарамай, альянс барчасини «тинчлик эътибори» билан ҳал этиши зарурлиги, мазкур «ижтимоий драма» ижобий якун топишига интилиш кераклигини таъкидлаган.

Аввал Туркия Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилишига розилик бергани, Туркия ва Исроил дипломатик алоқаларни элчилар даражасигача ошириш устида иш бошлангани ҳақида хабарлар берилганди.