Швеция ва Финляндия Анқара террорчилик ташкилотлари деб ҳисоблайдиган гуруҳларни қонунан тақиқламаса, Туркия уларнинг НАТОга аъзолигини маъқулламайди, деб ёзади «Коммерсантъ». Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон таъкидлашича, Швеция Курдистон ишчилар партиясининг 73 аъзоси экстрадиция қилинишига кафолат бериб бўлган.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Фото: Reuters

«Агар Скандинавия мамлакатлари аризаси Туркия парламенти томонидан маъқулланмаса, НАТОга қабул қилиниш жараёни якунига етмайди. Шунинг учун Финляндия ва Швеция мажбуриятларини бажариши керак. Бу мамлакатлар Курдистон ишчилар партияси, ‘Халқ ўз-ўзини мудофаа қилиш отрядлари’ ва ‘Фатхуллачилар террорчилик ташкилоти’ террорчилари учун ўз эшикларини ёпиши керак. Зарур ўзгартиришлар миллий қонунчиликларга киритилиши керак. Агар бу гаплар бажарилмаса, унда хафа бўлиб ўтиришмасин. Биз тегишли чораларни кўрамиз», — деди Эрдўғон НАТО саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида.

Туркия президенти ўзининг террорчилик ташкилотлари борасидаги позициясини «қизил чизиқ» деб атади. Унинг фикрича, Швеция ва Финляндия билан уч томонлама декларация «Туркия ва турк халқининг мураккаб музокаралар жараёни якунида эришган дипломатик ғалабаси» ҳисобланади.

28 июнь куни кечқурун Туркия Швеция ва Финляндияни НАТОга таклиф қилиш бўйича эътирозини қайтариб олгани маълум бўлди. Шундан кейин Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш таклифини олди.

Туркия шу пайтгача Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилишига тўсқинлик қилиб келаётган эди. Анқара ушбу мамлакатлардан ўзи террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайдиган Курдистон ишчилар партияси аъзоларининг топширилишини, у билан боғлиқ бақрча ташкилотлар ёпилишини, шунингдек, бу борада кафолатлар берилишини талаб қилганди.

Столтенберг Туркиянинг терроризмнинг қўллаб-қувватланиши борасидаги хавотирларини ўринли деб атаганди.

Бу орада НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари Мадриддаги саммитда альянснинг янги стратегик концепциясини маъқуллади. Россия янги концепцияда альянс хавфсизлигига «энг асосий ва бевосита таҳдид» сифатида белгиланган.

Путин эса Россия Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши хавотирда эмаслиги, бироқ ушбу мамлакатларга альянс ҳарбий инфратузилмаси жойлаштирилишига худди шундай йўл билан жавоб қилиши ҳақида огоҳлантирди.