Финляндия президенти Саули Ниинистё россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан бошқа хоккей ўйнамайди, бу ҳақда у Италиянинг La Repubblica газетасига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Саули Ниинистё

Фото: Getty Images

«Йўқ, мен Путин билан бошқа ўйнамаган бўлардим», — деди у журналистнинг тегишли саволига жавобан.

Россия президенти хоккей ишқибози сифатида танилган, у сиёсатчилар билан ўйинларда тез-тез қатнашиб туради. Масалан, ўтган йилнинг майида у Сочида Тунги хоккей лигаси Бутунроссия фестивалининг гала-матчида қатнашган эди. Ҳаваскор жамоаларнинг ушбу фестивали давлат раҳбарининг ташаббуси билан 2011 йилда ташкил қилинган. 2021 йил декабрида Путин билан Беларусь президенти Александр Лукашенко хоккей ўйнади. Бу уларнинг биргаликдаги биринчи мусобақаси эмасди.

2012 йилда музокаралардан кейин Ниинистё ва Путин Ленинград вилоятида Россия ва Финляндия жамоалари ўртасидаги хоккей мусобақасида қатнашганди. Ўшанда Финляндия президенти Россия жамоасининг қизил формасини кийиб ўйнашга қарор қилганди.

Финляндия президентининг итальян газетасига берган интервьюси мамлакатнинг НАТОга қўшилишига бағишланди.

Май ойида Швеция ва Финляндия НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган. Бу давлатлар расмийларининг қарори Украинада Россия босқини бошланганидан кейин хавфсизлик соҳасидаги ўзгаришлар билан изоҳланган. Улар ушбу қарор Россияга қарши қаратилмаганини ва фақат ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинганини таъкидлади.

28 июнь куни кечқурун Туркия Швеция ва Финляндияни НАТОга таклиф қилиш бўйича эътирозини қайтариб олгани маълум бўлди. Шундан кейин Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш таклифини олди.

Туркия шу пайтгача Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилишига тўсқинлик қилиб келаётган эди. Анқара ушбу мамлакатлардан ўзи террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайдиган Курдистон ишчилар партияси аъзоларининг топширилишини, у билан боғлиқ бақрча ташкилотлар ёпилишини, шунингдек, бу борада кафолатлар берилишини талаб қилганди.

Столтенберг Туркиянинг терроризмнинг қўллаб-қувватланиши борасидаги хавотирларини ўринли деб атаганди.

Бу орада НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари Мадриддаги саммитда альянснинг янги стратегик концепциясини маъқуллади. Россия янги концепцияда альянс хавфсизлигига «энг асосий ва бевосита таҳдид» сифатида белгиланган.

Путин эса Россия Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши хавотирда эмаслиги, бироқ ушбу мамлакатларга альянс ҳарбий инфратузилмаси жойлаштирилишига худди шундай йўл билан жавоб қилишини айтди.